Президент сайлови — 2021: иштирок этиш ва эътиборга молик муҳим жиҳатлар

    Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланиши мумкин.

    Сайлов кунига қадар (шу куни ҳам) 18 (ўн саккиз) ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга бўладилар. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

    Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

    Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз сайлов тизимини ислоҳ қилиш ва янада демократлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилигимизни сайлов ҳуқуқига оид халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, хусусан:

    биринчидан, сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди;

    иккинчидан, сиёсий партияларга Президентликка ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатишда ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни номзод сифатида кўрсатиш ҳуқуқи берилди;

    учинчидан, катта жамоат хавфини туғдирмайдиган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этгани учун озодликдан марум қилиш жойларида жазони ўтаётган шахсларнинг сайловларда иштирокини чекловчи нормалар чиқариб ташланди;

    тўртинчидан, сайлов участка комиссиясининг овозларни санаш тўғрисидаги баённоманинг кўчирма нусхаси билан ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйиш-тартиби ўрнатилди;

    биринчидан, сайлов ўтказиш муддати ўзгартирилиб, унга кўра, президентликка сайлов, Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишлича уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди (аввал декабрь ойида ўтказилган).

    Сайлов компанияси фаолиятининг муҳим босқичлари:

    сайловга камида 80 (саксон) кун қолганидавилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан ўн бир – йигирма бир нафар (аввал етти – ўн беш нафар бўлган) комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади;

    сайловдан камида 75 (етмиш беш) кун олдинсайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери эълон қилинади;

    сайловга камида 70 (етмиш) кун қолганида – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз – ўн саккиз нафар (аввал олти – саккиз нафар бўлган) бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади;

    сайловга 65 (олтмиш беш) кун қолганидаЎзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш бошланади ва 45 (қирқ беш) кун қолганида тугайди;

    сайловга камида 60 (олтмиш) кун қолгандасайлов участкалари, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида
    7 (етти) кун қолганида тузилади;

    сайловга камида 40 (қирқ) кун қолганида – участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан беш – ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади;

    сайловга 35 (ўттиз беш) кун қолганида – номзодларни рўйхатга олиш тугалланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади;

    сайловга 15 (ўн беш) кун қолганида сайловчиларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга
    3 (уч) кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади;

    сайловга 10 (ўн) кун қолганида муддатидан олдин овоз бериш бошланади ва сайловга 3 (уч) кун қолганида тугалланади;

    сайловга 5 (беш) кун қолганидасайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш тўхтатилади;

    сайлов куни ва овоз беришга 1 (бир) кун қолганидасайловолди ташвиқотга йўл қўйилмайди. Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.

    Сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби:

    Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Сайлов кодекс талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт (бундан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно). Сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат судлар томонидан кўриб чиқилади.

    Демак, Ўзбекистон Республикасининг Президентлигига сайлов 2021 йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтади.

    Шавкат ҲАМРОҚУЛОВ,

    Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates