Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

    Сиз, азизларни, кўп миллатли халқимизни бугунги улуғ айём билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим, эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.

    Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

    Муҳтарам меҳмонлар!

    Хонимлар ва жаноблар!

    Сиз, азизларни, кўп миллатли халқимизни бугунги улуғ айём билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим, эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.

    Мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин!

    Қадрли дўстлар!

    Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

    Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик.

    Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

    Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий, албатта.

    Улар – ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадид боболаримиз, миллий озодлик йўлида жон фидо этган улуғ аждодларимиздир. Улар – ғоят оғир шароитда ҳам миллий истиқлол ва ҳуррият ғояларига содиқ қолган қаҳрамонларимиздир. Бугун уларнинг эзгу ғоя ва тамойилларига таяниб, янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини яратмоқдамиз.

    Бу фидойи зотларнинг номларини ҳеч қачон унутмаймиз!

    Уларнинг хотираси қалбимизда, юрагимизда ҳамиша яшайди!

    Ҳурматли байрам иштирокчилари!

    Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан қадамлар қўйдик. Ҳар бир ишимиз, ҳар бир ютуғимизда истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлмоқда.

    Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда.

    Сўнгги 7 йилда Ўзбекистон ташаббуслари асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 10 дан зиёд, жумладан, жорий йилда 4 та махсус резолюция қабул қилинди.

    Жаҳон банки бу йил мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсишини прогноз қилди. Кўплаб давлатлар билан солиштирганда бу анча юқори кўрсаткичдир. Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 100 миллиард доллардан ошди.

    Барча ислоҳотларимизнинг руҳи ва мазмунига “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя чуқур кириб бормоқда.

    Иқтисодий ютуқларимиз жорий йил сентябрь ойидан пенсия ва нафақалар миқдорини, октябрь ойидан эса бюджет ходимлари, шифокорлар ва педагоглар маошини ошириш имконини бермоқда.

    Одамларимизда ҳаётдаги муаммолар ечимига дахлдорлик ҳисси, фаол фуқаролик позицияси кучаймоқда. Аҳолимиз “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол қатнашиб, маҳаллалар ҳамда ижтимоий объектларни молиялаштиришни мустақил ҳал этмоқда. Ўтган даврда юртдошларимиз маъқуллаган 13 мингдан ортиқ лойиҳалар учун 11 триллион сўм маблағ ажратилгани ҳам буни тасдиқлайди.

    Экологияни асраш, табиий ресурсларни тежаб ишлатиш, жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича замонавий тизимларга ўтиш ишларини кучайтирдик.

    Мамлакатимизда “Яшил макон” дастури давом этмоқда. Айниқса, Орол денгизи тубини кўкаламлаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа минтақа бўйлаб чанг ва туз тарқалишининг олдини олишга ёрдам бермоқда.

    Муҳтарам юртдошлар!

    Бугунги кунда навқирон фарзандларимиз Янги Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

    Бунинг тасдиғи яқинда Парижда бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида яна бир бор яққол намоён бўлди. Азму шижоатли ўғил-қизларимиз дунёдаги энг йирик спорт анжуманида 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритдилар.

    Айниқса, мард ва жасур боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, таэквондочи ўғлонимиз Улуғбек Рашитов икки марта олимпия чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлдилар. Улар миллий спортимиз тарихида шонли саҳифа очдилар.

    Ҳеч шубҳасиз, олимпия чемпионлари Диёра Келдиёрова, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоқов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Разамбек Жамалов, кумуш медаль совриндорлари Светлана Осипова, Акбар Жўраев, бронза медаль соҳиблари Алишер Юсупов, Музаффарбек Тўрабоев ва Ғуломжон Абдуллаев ҳам Париж майдонларида чинакам қаҳрамонлик намунасини кўрсатдилар.

    Ўзбекистон тарихида том маънода рекорд натижалар, мислсиз ютуқларга эришган ғолиб ва музаффар спортчиларимизга шон-шарафлар бўлсин!

    Албатта, Париж майдонларида қўлга киритилган барча ютуқ ва натижалар олимпиячиларимизнинг халқимизга муносиб байрам совғаси бўлди.

    Фурсатдан фойдаланиб, Париж Олимпиадасида Ватанимиз байроғини баланд кўтарган моҳир спортчиларимизни, уларнинг ота-оналари ва устоз-мураббийларини ўз номимдан, халқимиз номидан яна бир бор чин дилдан қутлайман.

    Шу кунларда Париждан яна кетма-кет қувончли хабарлар келмоқда. Паралимпиячи ўғил-қизларимиз ҳам халқимиз учун Мустақиллик байрамига муносиб совғалар ҳадя этишмоқда.

    Маҳоратли спортчиларимиз Асила Мирзаёрова, Қудратулла Маъруфхўжаев, Элбек Султонов олтин медалларни, матонатли фарзандларимиз Зиёдахон Исоқова, Кубаро Ҳакимова кумуш медалларни, Муслима Одилова, Толиббой Йўлдошев, Моҳигул Ҳамдамова эса бронза медалларини қўлга киритдилар.

    Мана, бизнинг қандай қаҳрамонларимиз, қандай ўтюрак паҳлавонларимиз бор! Уларга таҳсин ва тасаннолар бўлсин!

    Ана шу жасур ва фидойи фарзандларимизни чин дилдан қутлаб, бундай ютуқлардан руҳланган спортчиларимиз албатта янада юксак марраларни эгаллайдилар, юртимизга албатта катта-катта ғалабалар билан қайтадилар, деб ишонамиз.

    Ҳурматли дўстлар!

    Бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқда. Лекин ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

    Қуролли Кучларимизни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратамиз.

    Лекин тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт.

    Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир!

    Муҳтарам ватандошлар!

    Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътиборни бешта устувор йўналишга қаратмоқдамиз.

    Булар, аввало, сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш, бизнесни ривожлантириш, коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлашдан иборат.

    Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир.

    Шу сабабли мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилдик. Мактабларимизда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизга чет тилларидан сифатли таълим бериш мақсадида хорижий тил эгаларини олиб келмоқдамиз. Мактаб ўқувчилари жаҳондаги илғор тажрибалар асосида тайёрланган замонавий дарсликлар билан таъминланмоқда.

    Юртимизда дунёдаги нуфузли олийгоҳларнинг филиалларини очиб, Ўзбекистонни йирик таълим марказига айлантиришни мақсад қилганмиз. Ёшларимиз етакчи хорижий университетларда таҳсил олиб, тажриба орттириб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилишга бел боғлаганлар. Бунинг учун уларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали янада қулай имкониятлар яратамиз. Айниқса, хотин-қизларнинг билим олишлари, касб эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

    Мен ҳурматли ота-оналарга қарата айтмоқчиман: қизларингизни ўқитинг, орзу-умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакчи бўлинг!

    Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!

    Бугун Ўзбекистоннинг барча ёшларига мурожаат қилмоқчиман.

    Қадрли ўғил-қизларим, мамлакатимиз истиқболи, барча эзгу ниятларимиз ижобатини биз аввало сизларнинг тимсолингизда кўрамиз. Келажакда турли соҳаларда улкан ютуқ ва зафарларга эришиб, юртимизни дунёга янада кенг тараннум этишингизни истаймиз.

    Маррани баланд олинг, сиз буюк ишларга қодирсиз!

    Ҳамиша ўз кучингиз, қатъият ва салоҳиятингизга ишонинг!

    Давлатимиз, халқимиз, Президент сизларни бу йўлда доимо қўллаб-қувватлайди, ҳар қандай ёрдамни аямайди.

    Ҳурматли байрам иштирокчилари!

    Биз Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни қатъий давом эттирамиз. Алоҳида компанияларга берилган монопол ҳуқуқ ва имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиб, барчага тенг ҳуқуқлар берилишини таъминлаймиз.

    Жорий йилда энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизмати соҳаларида 17 турдаги давлат монополиясини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Бу ишларни давом эттириб, мамлакатимизни халқаро савдо маконининг ажралмас қисмига албатта айлантирамиз.

    Яна бир долзарб масала – аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлашдир. Биз бу борада тадбиркорларимизга таянамиз. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтирамиз.

    Тадбиркорлар билан ҳар йили юзма-юз мулоқот қилмоқдамиз. Уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиб, соҳани қўллаб-қувватлаш учун тегишли қарорлар қабул қиляпмиз.

    Замоннинг ўзи тадбиркорларимиздан кенг миқёсда фикрлаб иш юритишни, жаҳон бозорларида рақобатдош маҳсулот яратишни талаб этмоқда.

    Бу йўлда уларга омад ва ютуқлар тилаймиз.

    Ҳурматли ватандошлар!

    Биз энди 37 миллионлик катта халқмиз. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Бу рақамни ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак.

    Денгизга чиқиш имкониятимиз чекланганини инобатга олиб, эътиборимизни креатив соҳаларга қаратишимиз, уларни жадал ривожлантиришимиз зарур. Жаҳонда креатив саноат маҳсулотлари экспортидан йилига миллиардлаб доллар даромад топаётган мамлакатлар кўп. Бинобарин, шундай маҳсулот ишлаб чиқаришга бел боғлаган ижодкор ишбилармонларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама рағбатлантирамиз.

    Муҳтарам дўстлар!

    Биз бундан саккиз йил олдин Марказий Осиёни ташқи сиёсатимизнинг энг устувор йўналиши деб белгиладик. Шу асосда қўшниларимиз билан дўстона муносабатлар тубдан яхшиланди.

    Барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз билан халқларимизнинг барқарор тараққий этган, тинчлик ва ҳамжиҳатлик руҳи ҳукм сурадиган Янги Марказий Осиё ҳақидаги орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда.

    Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда.

    Бугунги ноёб тарихий имкониятлар асосида Марказий Осиёда ҳар томонлама соғлом сиёсий муҳит, келгуси авлодлар учун эркин ва хавфсиз келажак яратишимиз зарур.

    Айни пайтда дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли алоқаларимизни янги босқичга кўтарамиз.

    Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келаётган хорижий дўстларимиз ва ҳамкорларимизга, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига самимий миннатдорлик изҳор этаман.

    Қадрли ватандошлар!

    Шу кунларда юртимиз муҳим сиёсий воқеа арафасида турибди. 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва ҳудудлардаги вакиллик органларига сайловлар ўтказилади.

    Ушбу сайловлар янгиланган Конституциямиз белгилаб берган ижтимоий-сиёсий муҳитда, ривожланган давлатлардаги каби илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатишда ҳурматли аёлларимизнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгилаб қўйилди.

    Ишонаман, бўлғуси сайловлар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтади.

    Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни сайловда фаол иштирок этиб, Янги Ўзбекистон учун, эркин ва фаровон ҳаёт, фарзандларимизнинг бахти ва истиқболи учун овоз беришга чақираман.

    Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

    Бугун шиддатли ҳаётнинг ўзи барчамизни янада улкан марралар сари даъват этмоқда. Ўз кучимиз ва салоҳиятимиз билан барпо этган мустақил давлат, эркин ва озод жамиятни янада кучли, янада гўзал ва обод этиш бош вазифамизга айланмоқда.

    Бу шундай юксак марраки, унга эришиш учун ҳар қанча меҳнат қилсак арзийди.

    Бу шундай буюк, шарафли мақсадки, унга бутун борлиғимизни бахш этсак арзийди.

    Мен ишонаман – барчамиз бир бўлиб, ақл-заковат, билим ва тажрибамиз, куч-ғайратимизни ишга солиб, бу улуғ манзилга албатта етамиз. Ёруғ ва нурафшон келажагимизни – Янги Ўзбекистонни албатта барпо этамиз!

    Бугунги имкониятдан фойдаланиб, мана шундай эзгу ғоя атрофида бирлашиб, ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб келаётган, фидокорона меҳнати билан янги ҳаёт биносини барпо этаётган буюк халқимизга фарзандлик меҳри билан таъзим қиламан.

    Сиз, азизларни, бутун халқимизни давлатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

    Яшасин Ўзбекистон Республикаси!

    Яшасин Ўзбекистон халқи!


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates