Президент соврини учун кураш бўйича халқаро турнир ўтказилди

    Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хоразмда Ўзбекистон Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб халқаро турнир ўтказилди.

    Таъкидлаш жоизки, миллий курашимиз, энг аввало, полвонларнинг ҳар томонлама етуклиги намунаси сифатида шараф топган. Уларнинг жисмоний бақувватлиги, қадди-қомати, курашчанлиги, эпчиллик жиҳатлари бир томон-у, кенг даврада ўзини тутиши, одоби, маънавий қиёфаси, рақибига, теварак-атрофга муносабати каби хислатлари алоҳида кўринишда ўрин эгаллаган. Шунингдек, кураги ерга тегмаган паҳлавонларга пиру устоз сифатида эргашиш, панду насиҳатларига амал қилиш ҳам ҳамиша ўзига хос қутлуғ анъана бўлиб келган. Фикримизнинг яққол намунаси хоразмлик машҳур шоир ва забардаст полвон Паҳлавон Маҳмуд тимсолида мужассамлашган.

    Ўзбекистон Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуддек буюк бобомиз хотирасига бағишлаб ўтказиб келинаётган халқаро турнир миллий спортимиз, курашимиз ривожида юқори нуфузга эга турнир саналади.

    Марказий Осиё давлатлари орасида ўтказилаётган ушбу турнирда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистондан полвонлар иштирок этди.

    2001-2003 йилларда туғилган ёш полвонлар 55, 66, 73, 81, +90 кг., қизлар эса 57, 63, +70 кг. вазн тоифасида ўзаро беллашди.

    Турнирнинг очилиш маросими ҳам тантанавор тарзда ўтказилди. Унда сўз олганлар юртимизда спортни, айниқса миллий курашимизни ривожлантиришга Президент Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

    Муросасиз ўтган баҳслар якунида энг кучли полвонлар ўз вазн тоифаларига ғолибликни қўлга киритиб, Президент совринига эга бўлди. Жумладан, йигитлар ўртасида ўзбекистонлик полвонлар – Хуршид Чориев (55 кг.), Нурфайз Баҳриддинов (66 кг.), Алимардон Абдулаҳатов (73 кг.), Абдулазиз Абдулазизов (81 кг.), Жаҳонгир Маматраҳимов (90 кг.) ва Муҳаммадқодир Мансурова (+90 кг), қизлар ўртасида Ситора Элмуродова (52 кг.), Оля Ҳамидов (63 кг.), Шаҳноза Бозорова (70 кг.) ва Покизахон Камолдинова (+70 кг.) вазн тоифасида биринчи ўринни қўлга киритди.

    Биринчи ўрин соҳибларига Президент соврини сифатида 2000 АҚШ доллари, 2 ўрин эгаларига 1000 АҚШ доллари, 3 ўринни қўлга киритган полвонларга эса 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти тақдим этилди.

    Мусобақа иштирокчилари Хива шаҳрини томоша қилди. Бу ерда улар учун машҳур полвонлар иштирокида маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates