Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган «Саломатлик сайли» тадбири Қашқадарё вилоятида кенг миқёсда ўтказилмоқда. Ҳар куни навбати билан вилоятдаги туманларда сайилни ташкил этиб келаётган тиббиёт карвонининг навбатдаги манзили куни кеча Касби туманида бўлди.
Сайилда Тошкент шаҳри, воҳа маркази ва туман тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассисларидан иборат тиббиёт карвони вакиллари туман маданият марказида жам бўлган 708 нафар касбиликни тиббий кўрикдан ўтказишди.
Тиббий кўрик давомида аҳоли вакилларини қизиқтирган саволларига ҳам жавоб бериб, керакли маслаҳатлар берилди. Шу билан бирга тиббий ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар алоҳида рўйхатга олиниб, зарур тиббий ёрдам берилиши учун йўлланмалар бериладиган бўлди.
— Вилоят марказига бориб, шифокорлар кўригидан ўтишга имконим йўқ эди, — дейди Г.Очилова. — Туманимизга ўзларининг келгани мен каби кўпчиликка жуда маъқул келди. Шу ернинг ўзида назоратдан ўтказиб, керакли маслаҳатларини беришди. Бунинг учун барча «Саломат сайили»ни ташкил этган ташкилотчиларга раҳмат айтамиз.
Шунингдек, тадбир давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев, республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов, туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказишди.
«Саломатлик сайли» кейинги манзили воҳанинг навбатдаги туманларида давом эттирилмоқда.