Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилиш режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Шунингдек, йиллик режага асосан Қуролли Кучлар қурилиши, уни янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлашга оид бошқа масалалар юзасидан Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, 2023-йилнинг ўтган даврида Мудофаа вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати тўғрисида мудофаа вазирининг ахбороти эшитилди.
Дастлаб мажлис иштирокчилари «2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги, “Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунларни кўриб чиқдилар.
Қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан сенатор ва эксперт ўзларининг фикрларини билдириб, қонун ташаббускорларидан янги киритилаётган нормалар юзасидан тушунтиришларни сўради.
Қизғин муҳокамалардан сўнг мажлисда Мудофаа вазирлиги тизимидаги ишларга эътибор қаратилди.
Мудофаа вазирлиги қўшинларининг доимий жанговар шайлигини сақлаш мақсадида жойларда 1 000 дан ортиқ тўсатдан текширувлар реал жанговар вазиятларга яқинлаштирилган шароитда ўтказилди.
Бунинг натижасида оператив тайёргарлик тадбирларининг сони ўтган йилга нисбатан 1,2 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилди.
Мудофаа вазирлигида қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини ташкил этишда асосий эътибор батальон ва дивизионларнинг автоном тарзда жанг олиб бориш қобилиятларини оширишга қаратилган.
Қўшинлардаги барча амалий машғулотлар ва тактик ўқувлар асосий босқичининг 50 фоизи реал жанговар ҳаракатлар динамикасига яқинлаштирилган ҳолда тунги вақтларда ўтказилган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳамда хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тадбирлари режали амалга оширилган.
Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, шунингдек, билим савияси бўйича юқори кўрсаткичларга эришган 5 мингга яқин муддатли ҳарбий хизматчига олий ўқув юртларига имтиёзли ўқишга кириш учун тавсияномалар берилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Қуролли Кучлар Академиясида ҳарбий педагогика ва психология мутахассисликлари бўйича 2 йиллик махсус сиртқи таълим тизими йўлга қўйилган.
Қўшинларни янги намунадаги қурол-аслаҳа ва техникалар билан таъминлаш, модернизация қилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилган.
Мудофаа вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти тизимли йўлга қўйилган.
2023-йилнинг 11 ойида Мудофаа вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 4 074 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 826 таси ижобий ҳал этилган, 2 005 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилган ва 243 таси ўрганиб чиқиляпти.
Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 814 нафар жисмоний ва юридик шахс қабул қилинган ва уларга тегишли амалий ёрдам кўрсатилган.
Ўз навбатида, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг муҳокама этилган масалалар юзасидан аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинди.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш, масъул раҳбарларнинг бу борадаги шахсий масъулиятини янада ошириш, фуқаролар мурожаатларида энг кўп кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишларни йўлга қўйиш, ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳар бир муаммоли масалаларга ўз вақтида ҳамда асосли муносабат билдириш, мурожаатларни ўрганишда ходимларнинг масъулиятини янада ошириш ҳамда ички назоратни кучайтириш бўйича аниқ чораларни кўриш масалалари қайд этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.