Қўштепа тумани прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушди

    Фарғона вилоятидаги Қўштепа тумани прокурори ўринбосари пора олаётганида жиноят устида қўлга тушди.

    Жорий йилнинг 27 апрель куни соат 18:30 ларда Фарғона вилояти прокуратураси Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказган.

    Тадбирда Қўштепа тумани прокурори ўринбосари танишлари орқали суднинг иш юритувидаги жиноят иши бўйича айбдор шахсга нисбатан жазо қўлланилишида енгиллик қилиб беришни айтиб, алдов йўли билан ишончни суиистеъмол қилиб, келишилган 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган, дея хабар беради Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

    Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 28,211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.