Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари вояга етмаган юртдошимиз M.Б. юртимизга соғ-саломат қайтиши учун амалий ёрдам кўрсатишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
M.Б.нинг ота-онаси 2024 йил 16 ноябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан Қирғизистонга ўтган. Бироқ улар Қозоғистонда бўлиш учун миграция қоидаларини бузганликлари сабабли мамлакатга қайта кира олмаган. Ушбу омил сабаб уларнинг Олмаотада қолган вояга етмаган ўғиллари қаровсиз қолган.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси M.Б.ни ота-онасига қайтариш учун барча зарур чораларни кўрди.
Жумладан, боланинг ота-онасига оид вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида миграция полицияси вакиллари билан алоқа ўрнатилди. Фуқароларимиз ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини аниқлаш юзасидан суд қарорлари олинди.
Шундан сўнг, M.Б.ни ватанга қайтиши учун гувоҳнома расмийлаштирилди ва авиачипта харид қилинди.
Вояга етмаган юртдошимиз Бош консулхона ходимлари ҳамроҳлигида 20 декабрь куни "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпанияси самолётида Ўзбекистонга қайтарилди ва ота-онасига топширилди.