Бундай манфаатларни реал ва объектив идрок этиш, уларни тарих, география, иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва воқелик билан боғлаш масалалари бугунги кунда долзарбдир.
Муваффақиятли ташқи ва ички сиёсатнинг биринчи шарти — бу миллий ривожланиш мақсадларини прагматик шакллантириш ва амалга ошириш имконини берадиган дунёдаги ва минтақадаги ўз ўрнини конструктив тушунишдир. Бу Марказий Осиё халқлари учун ҳам тўғри келади. Минтақавий иштирокчилар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва сиёсий ишончни ошириш уларга жаҳон сиёсатида янада мустақил ва барқарор минтақага айланиш имконини беради.
Минтақадаги ва бутун дунёда тез ўзгариб бораётган вазият минтақавий ва миллий ривожланиш кун тартибини ўз ичига олади. Минтақавий иштирокчиларнинг ташқи сиёсатдаги саъй-ҳаракатларининг асосий мақсади халқаро майдондаги ролини кучайтириш, Марказий Осиёда барқарорлик муҳити ва яхши қўшничиликни яратишдан иборат.
Янги Ўзбекистон - Янги Ташқи Сиёсат
Марказий Осиёда янги муносабатлар тизимининг шаклланиши минтақа давлатларига миллий манфаатларини янги воқеликларга мослаштириш имконини яратмоқда. Бу жараёнда амалий ёндашувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади. Бундай консолидация фақат икки ёки ундан ортиқ давлатларнинг жамоавий ҳаракатлари орқали амалга ошиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан муносабатларининг янги босқичи минтақа давлатлари ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг янги ифодасини шакллантирмоқда. Бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари томонидан янада рағбатлантирилмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 20 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги мажлисда Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу қадам, аввалам бор, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро алоқаларни чуқурлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига келиши давлат тарихида янги саҳифани очди. “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойилига асосланган бугунги ривожланиш жараёнлари, иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари, таълим, тиббиёт ва ташқи сиёсат соҳаларидаги туб ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланмоқда. Президент 2035 йилгача Ўзбекистонни дунёнинг ТОП-50 илғор давлатлари қаторига олиб кириш мақсадини белгилади.
Минтақа давлатлари билан дўстона муносабатларни ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қисқа вақт ичида ўз самарасини берди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида тарихда ҳеч қачон бўлмаган даражада яқин ва дўстона муносабатлар шаклланган. Маслаҳат учрашувларининг биринчи марта минтақадаги давлатлар томонидан, ташқи аралашувсиз ташкил этилгани эса бу ҳамкорликнинг мустақил ва барқарор бўлишига асос яратди. Натижада, Марказий Осиёда ишонч муҳити мустаҳкамланиб, барқарорлик таъминланмоқда.
Минтақадаги ижобий импульслар хорижда ҳам ўз аксини топмоқда. Натижада хорижий сармоялар оқими ортиб, хорижий давлатлар билан қўшма инфратузилма лойиҳалари сони кундан-кунга кўпаймоқда. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда Президентимиз Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа етакчи давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантиришни доимий эътибор маркази сифатида белгиланишига алоҳида урғу бердилар. Бу жараёнлар, аввало, минтақавий ҳамкорликнинг юқори стратегик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида мамлакатнинг нуфузи, минтақадаги барқарорликка қўшган ҳиссаси ва конструктив таъсири ортиб бораётгани яққол ифодаланмокда.
Бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатлардаги глобал жараёнларнинг муҳим қисмига айланди. АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Европа Иттифоқи, Хиндистон, Япония, Корея Республикаси, Туркия ва бошқалар каби давлатлар Марказий Осиёни, хусусан, Ўзбекистонни ўзларининг ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий лойиҳаларининг ажралмас қисми деб биладилар.
Марказий Осиё мамлакатлари Россия билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида ўзаро боғланган ва уларнинг савдо айланмаси анча юқори. Қўшма Штатлар ҳозирда минтақа билан “C5+1” формати доирасида алоқада бўлиб, Марказий Осиё мамлакатларида янги ишончли иқтисодий ва стратегик ҳамкорларни кўрмоқда. “Бир макон, бир йўл” улкан лойиҳасини бутун дунёга тарғибот қилаётган Хитой ҳам минтақани жаҳон сиёсатининг ажралмас қисми деб билади. Шунингдек, минтақанинг ва Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкори Ҳиндистон бўлиб, у жаҳон аҳамиятига эга янги куч ҳисобланади.
Дунёнинг етакчи давлатлари билан яқин алоқаларга эга бўлишига қарамай, Марказий Осиёда жаҳоннинг глобал лойиҳаларини ривожлантириш ва иштирок этишида қатор муаммолар мавжуд. Бу география муаммоси. Минтақанинг океанларга туғридан-туғри чиқиш имконияти йўқлиги сабабли Марказий Осиё давлатлари ташқи дунёга қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтишга мажбур. Double-landlocked ҳисобланган Ўзбекистон икки давлатдан ўтиши керак. Шу боис, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари жаҳон океанига чиқиш учун барча турдаги логистика лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда. Бунда тарихий характерга эга бўлган Марказий-Жанубий Осиё формати энг маъқул танловлардан биридир.
Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини боғлайдиган Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилишидан манфаатдор, чунки бу йўналиш Марказий Осиё мамлакатлари учун океанга энг қисқа ҳисобланади. Шу билан бирга, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" лойиҳасига муқобил бўлган INSTC (Халқаро Шимолий жанубий транспорт коридори) ва Чобахор форматини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда. Марказий Осиё давлатлари ва Хитой Трансафғон йўлагини ривожлантиришга кўпроқ мойил, чунки у Марказий Осиё мамлакатлари учун иқтисодий жиҳатдан қулай ва Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" лойиҳасининг бир қисмидир. Ўз навбатида, Эрон ва Ҳиндистон Чобахор портини ривожлантиришга кўпроқ мойил.[1] [2]
Воқеаларнинг бундай ривожланиши Марказий Осиё маконида геосиёсий дилеммани янада кучайтиради.
Ўсишнинг асосий таркибий қисмлари сифатида Марказий Осиёда минтақавий ривожланишнинг тубдан янги тенденциялари кучаймоқда ва сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошди. Янги муҳит Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада кучайтирди. Шундай қилиб, 2017 йилда Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Остонадаги саммитида таъкидлаганидек, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
2016 йил сентябрдан 2021 йил июлгача бўлган даврда минтақада умумий чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар жадал ва узлуксиз тус олди. Қўшни давлатлар раҳбарларининг келишувлари натижасида чегараларни, жумладан, мураккаб ва анча баҳсли ҳудудларни белгилашда муросага эришилди. Бу жараён, аввало, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим қадам бўлди. Чегараларни аниқ белгилаш ва шу орқали икки томонлама муносабатларнинг асосий принциплари, шу жумладан ҳурмат ва ҳамкорлик, мустаҳкамлангани ҳамда ушбу ҳолат минтақадаги давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга ёрдам бергани айтилади.
Марказий Осиё давлатларининг мустаҳкам келажаги ва барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан қўшни Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга тўлақонли қўшилиши билан боғлиқ. Афғонистон омилини ҳисобга олмасдан, умумий минтақавий кун тартибини белгилаш мумкин эмас. Ҳозирги Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви устувор вазифалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Бу юртдаги тинчлик ва барқарорлик барча томонлар учун ўзаро манфаатли. Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, “Афғонистон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим. Бундан ташқари, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни биз учун чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика ҳабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қиламиз. Фонд маблағлари ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади".
Афғонистонсиз Марказий-Жанубий Осиё формати мукаммал ёки деярли чекланган ҳисобланади. Афғонистонни минтақалар орасида "кўприк" сифатида жалб этиш мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳолатини тикланишида сезиларли туртки булади. Хорижий сармоя, инфратузилма ва логистика объектлари иқтисодий барқарорликни яхшилайди, бу эса ўз навбатида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатади. Иқтисодий жиҳатдан кучли ва сиёсий барқарор Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё орасидаги интеграция жараёнлари ривожланишининг кафолати ҳисобланади.
Термиз - Мозори Шариф - Кобул - Пешовар Трансафғон темир йўли, Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятига эга бўлиб, Марказий-Жанубий Осиё форматининг ўзаги ҳисобланади. Дарҳақиқат, кенг кўламли лойиҳанинг амалга оширилиши, ҳудудлар орасидаги узилган алоқани тиклайди. Буюк Ипак йўли қайта тикланади ва макон ўзининг тарихий ролини қайтаради, яъни яна Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб орасида боғловчи ролни ўйнайди.
Мазкур йўналишдаги қурилиш ишлари 2010 йилдан буён давом этмоқда. "Ҳайратон - Мозори Шариф" лойиҳасининг биринчи линияси 2011 йилда 75 километр масофада қурилган. Термиз (Ўзбекистон) ва Карачи (Покистон) ўртасидаги масофа тахминан 2500 км, Термиз-Гвадар йўналиши эса 2000 км. Географик жиҳатдан бу унчалик катта масофа эмас ва бундай имкониятлардан фойдаланмаслик ташқи сиёсатдаги катта муваффақиятсизликдир. Лойиҳанинг амалга оширилиши юкларни Покистондан Ўзбекистонга ўттиз беш кундан 3-5 кунгача ташишга ёрдам беради, бу катта логистик муваффақиятдир. Бундан ташқари, САSА-1000 лойиҳасининг линияси ҳам худди шу йўлдан ўтади, бу Марказий Осиё мамлакатларини Ҳиндистон ва Покистоннинг энергия бозорларига олиб чиқади.
Марказий Осиёнинг геоиқтисодий аҳамияти ҳақидаги таҳлиллар, шубҳасиз, минтақанинг халқаро майдондаги фаоллигини янада кучайтириш учун муҳим бўлган лойиҳаларни кўрсатиб ўтади. Агар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон ва Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўллари туташса, бу Марказий Осиёни янги иқтисодий марказга айлантиради. Янги инфратузилма, замонавий технологиялар ва инвестициялар оқими минтақанинг иқтисодий ландшафтни ўзгартиришга ёрдам беради ва собиқ Буюк Ипак йўлини қайта тиклайди.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатларининг халқаро майдондаги мувофиқлаштирилган фаолияти минтақанинг халқаро субъективлигини мустаҳкамлайди. Бу, шубҳасиз, минтақавий манфаатларни самарали қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш имконини беради. Туркманистонда 2021 йилнинг август ойида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида қабул қилинган "Йўл харитаси" минтақадаги келгуси ҳамкорлик учун муҳим механизм бўлиб хизмат қилади. Ушбу харита минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва келгуси йилларда амалга ошириладиган ташаббусларни белгилашга қаратилган.
Шу билан бирга, Марказий Осиёда янги сиёсий муҳитнинг яратилиши, минтақавий ҳамкорлик жараёнининг стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди. Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига давлатимиз ташки сиесатининг марказий вектори сифатида алоҳида эътибор қаратилаётгани, минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашда конструктив асос булиб келмокда.
У. Хасанов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
Халқаро муносабатлар кафедраси Профессор в.б.,
Сиёсий фанлар номзоди, доцент.
Ж.Машарипов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
Халқаро муносабатлар факультети
магистр талабаси