Қуёш фарзанди

    Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг ҳамма ташвиш Саломатнинг гарданига тушди. Нима қилсин: бинойидек иш жойида ишласинми ёки турмуш ўртоғи югур-югур билан ишга туширган мебелсозлик цехи жиловини қўлга олсинми? Оғир ўйлар гирдобида бир неча кун қийналиб, юпанч излади.

    Ўзи “Қарши индустрия” бирлашмасига қарашли ёғочни қайта ишлаш заводида бош муҳандис. Маоши тайин, ўзига шинамгина хона ажратилган. Ускунада ишлаётган ишчилар Саломатнинг қорасини кўриши билан иш сифатини яхшилашга зўр бериб тиришади. Чунки у талабчан, бажарилган ишнинг сифатига одилона баҳо беради. Айрим танбал ишчиларга қаттиқ гапиргани бор гап. “Бўйи станокка етмайди-ю, осмондан туриб қарашини-чи бу синчалакнинг! Бунча синчков бўлмаса, муштдай жуссаси билан ерни елкасига олиб югурюгур қилади-я!”, дея қочирим қилганлар ҳам бўлди. Саломатнинг тиришқоқлиги, чайирлиги жамоада ҳайрат уйғотган. Синчковлиги туфайли гапга етарманлар орқаворотдан ҳазиллашиб, уни “Синчалак” деб атарди.

    Саломат Комилова Москва давлат техника институтида таҳсил олган. Камдан-кам ўзбек қизлари бу даргоҳда ўқиган. Курсдошлари “Эркаклар ўқийдиган олий ўқув юртида ўқиш сенга зарурми?” деганда ҳам лаб бурмаган, кулиб қўя қолган. Тўғриси, у чизма чизишни ёқтирарди. Мебелсозликка тасодиф қизиққани ўзини ҳам ҳайрон қолдирарди. Аммо хонадонлар кўрки бўлган мебелларни ранг-баранг шаклда ишлаб чиқариш орзусида шу олий ўқув юртини танлаганди.

    Яна бир тасодифни қарангки, у иккинчи курсда таҳсил олиб юрганида кавказликларга ўхшаган узун бўйли, келишган йигит ҳарбий хизматдан қайтиб, уларнинг курсига тушиб қолди. Бир куни математика фанидан дарс ўтаётган профессор доскага янги теоремани ёзганда бояги йигит теореманинг тескарисини исботлаб берганида аудиторияга муздек жимлик чўкди. Профессор кўзойнагини манглайига суриб талабага узоқ тикилиб турди-да, синов дафтарчасини сўради. Талаба костюми чўнтагидан дафтарчани олиб унга чўзди. Профессор иккиланмай аъло баҳо қўйиб, имтиҳондан озод этилганини айтди.

    Учинчи куни Саломат имтиҳонларни топшириб, Ўзбекистонга қайтиш учун аэропортга таксида жўнади. Юрагида соғинч туғёнлари оловли пўртанага айланганди. Қанот чиқарса-ю, елдай учса. Онажони кўз ўнгида қўлларини чўзиб, “Қизгинам, омонмисан, бунчалар соғинтириб қўйдинг-а”, дегандай туюлаверарди. Кўзларидан соғинч ёши сизиб ёноқлари узра оқарди. Аэропорт бекатида таксидан тушиб, чипта олиш учун касса томон йўл олди. Очиқ майдонда шошиб ҳаракатланганида қўлидаги сумка ерга тушиб, ундаги мандарину апельсинлар ҳар томонга сочилиб кетди. Уялганидан юзлари қизариб, меваларни териб сумкага солаётганида кимдир келасолиб унга кўмаклашди. Секин қараса, курсдоши. Яқинда улар курсига қўшилгани учун у билан танишишга унча улгурмаган, қолаверса, қиз бола тортинчоқ, дарров йигитлар билан гап улашиб кетавермайди.

    — Сиз... сиз ўзбекмисиз? Йигит мулойим кулиб:

    — Ўхшамайманми? — деди. — Ҳамидхонман.

    — Нуқул русча гаплашиб... мен сизни кавказликлардан деб юрардим.

    — Наманганданман. “Наманганнинг олмаси”ни эшитмаганмисиз?

    — Эшитганман. — Саломат бироз жим қолиб. — Кечирасиз, сизниям хижолатга қўйдим, — деди.

    — Йўл таништирмаса, бирга ўқиб ҳам яқиндан танишмабмиз. Уларнинг қалб ришталари ўша куни боғланди.

    Саломат йиллар ўтиб ҳам апельсину мандаринларнинг сочилиб, ҳар ёнга думалашини хаёлида эслаганда энтикиб қўяди. Самимий бир инсон билан умргузаронлик қилганидан севинчи кўз ёш бўлиб сизади. У ҳар қандай қийинчиликлардан ҳайиқмаган, кўз ёш ҳам тўкмаган. Умр йўлдошини эслагандагина тўйиб йиғлаб олади. Саломат маош олганида уйига нимадир кўтариб келса, эри дарров нархини сўраб қўлига чўнтагидан олиб пул тутқазган. Саломат аразлаб, “Шу уйга бегонамасман-ку”, дея қовоқ-тумшуқ қилганида, Ҳамидхон озорлангандай жилмайиб, “Ўзингизга буюм олинг, рўзғорни эркак юргизади”, дерди. Эрининг гапини икки қилмаган аёл музтарланганида эри: “Ҳали набиралик бўлганингизда уларга ширинлик олиб берасиз”, дея таскин берарди.

    Мустақилликкача Қашқадарёда мебелсозлик саноатини тиклаш ҳеч кимнинг тушига кирмаган. Саломатнинг турмуш ўртоғи Ҳамидхон Комилов саксонинчи йиллар охирида Қашқадарё вилояти ижроия қўмитасининг маҳаллий саноат бирлашмасига ишга юборилди. Саломат эса муқаддам иш фаолиятини бошлаган “Қаршииндустрия” бирлашмасига қарашли ёғочга ишлов бериш заводида бош муҳандис бўлиб ишга кирди. Уларнинг ягона орзуси Қашқадарёда мебелсозлик саноатини ривожлантириб, халқ юкини енгил қилиш эди. Негаки, шкаф, курси, диван ва бошқа шу турдаги маиший жиҳозлар Тошкент ёки Намангандан келтириларди. Биринчидан, вақт исроф бўлса, иккинчидан, келтирилаётган маҳсулотлар сифатига зарар етарди. Мустақилликнинг илк йилларида улар орзусига йўл очилди.

    Ҳамидхон Комиловнинг ғайрат-шижоати туфайли Свердловск шаҳридаги мебель комбинати билан ўзаро шартномалар тузилиб, хайрли ишлар амалга оширила бошланди. Афсуски, 1995 йили Ҳамидхон Комилов касаллик туфайли оламдан кўз юмди.

    Станоклар ёнида тахланган, Россиядан яқинда келтирилган арчаларнинг намхуш бўйи Саломатхонга талабалик йилларини эслатарди. Москва атрофидаги ўрмонларни курсдошлари билан неча бор кезган. Бугун эса аҳил жамоа, яхши лавозимдан воз кечиб, ўзини оловга уриши юрагини ўртарди. Охири мебелсозлик цехида ишлаб, уни эл назарига тушадиган корхона қилиб тиклаш орзусида машаққатлардан чўчимасликни дилига тугди. Юксакларга кўз тиккан инсон учун тоғдай матонат, бардош зарур. Қолаверса, Саломат Комилова Наманганга келин бўлиб тушган йиллари “Наманганмебель” фабрикасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган, ишнинг кўзини яхши билади. Бу эса янги цехдаги муаммолар ечимини ўз ўрнида ҳал этишда қўл келиши турган гап эди. Аммо цехнинг иқтисодий аҳволи ночор эди. Бунинг устига, ҳар куни текширувчилар турли баҳоналар билан ғашга тегарди. На давлат хусусий корхоналарга кредит берарди, на тадбиркорлар қўллаб-қувватланарди.

    — У кунларни эсласам, вужудим музлаб кетади, — дейди Саломат опа. — Тўрт фарзандим учун берилган уч ойлик боқувчисини йўқотган пенсия пулига уч квадрат метр тахта харид қилиб, стуллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Станоклар эски, ишчиларимнинг малакаси кам. Ўзим ёнида туриб иш юргизардим. Шу йиллари йирик-йирик корхоналар тугатилиб, ҳар куни одамлар иш сўраб келарди. Айримларининг юзидан ўта олмадим. Энди уларга маош тўлаш лозим эди. Цехни кенгайтирдик ва Хитойдан янги станок олиб келдик. Ишимиз жонлангандай бўлди.

    Корхона учун сифатли тахталар, фанераю ватина, бутловчи қисмлар керак эди. Аёллигига қарамай Саломат “Камаз” русумли машиналарда Тошкент, Наманганга неча бор қатнаган.

    — Мендан-да ночор ва бахтсиз одамлар шукр қилиб яшаётгани тасалли берарди, — дейди опа ҳар бир суҳбатида. — Икки оёқ-қўлим бут бўлса, мен кимдан камман, деган сўров кўнглим чироғини ёқарди. Онам куёвини йўқотганда эшик пойлаб уни кутарди, кўз ёшини мендан яширарди, болаларимни опичлаб, овутарди. Онамга таянардим. Ишга эса муккамдан тушиб киришганман. Цехда иш ўринлари очиб, ишсизларни ишли қилишга жон-жаҳдим билан курашардим. Қарангки, йиллар ўтиб болаларим вояга етиб, ўз кучи билан ўқишга кирадиган бўлди. Аммо контракт тўловини тўлашда қийналганман. Корхонам даромади ишчиларнинг ойлик маошидан ортмайди. Тўнғич қизим институт ҳовлисида айланиб юрганини эшитиб, кўзимда алам чақмоқ отган. Домлалари контракт пулини тўламагансан, деб дарсдан чиқариб юборар экан. Мен унга норозилик билдирмаганман. Бир амаллаб тўловларни қилиб, ўз ишимга шўнғидим.

    Йиллар ўтиши билан корхонанинг иш ҳажми ошди, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар харидоргирлиги билан мижозларда кундан-кун қизиқиш уйғотди. Хитойдан келтирилган станоклар туфайли кўплаб буюртмалар туша бошлади.

    Кейинчалик корхонанинг фаолияти янада такомиллашди. Тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилиши янги ишлаб чиқариш кучларини мувофиқлаштиришнинг муҳим омили бўлди. Жорий йилда корхонага Германиядан 100 минг АҚШ долларилик янги станок сотиб олинди. Турли мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Буюртмачилар кўпаймоқда. Шу йилнинг июнь ойида Қарши шаҳри марказида корхонага қарашли “Ишонч” савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 200 нафарга яқин ишсиз ёш иш билан таъминланди.

    — Камбағалликни тугатиш, одамларнинг турмуш фаровонлигини оширишга доир қарор ва даъватлардан чексиз ғурур туяман. Мен ҳам одамларга ёрдам берай, деган ўйда хайрли ишларни амалга оширишга ҳаракат қиламан. Ўтган йили маҳаллаларга 87 миллион сўмлик хайрия кўмаги бердик. Буни мақтаниш учун айтмаяпман. Қизимнинг бундан 15 йил илгари дарсдан чиқариб юборилгани ёдимга тушса, вужудим олов ичида ёнади. Аллоҳга шукр, мана шундай контракт тўловларига ёрдамим тегаётганидан хурсанд бўламан. Турмуш ўртоғимнинг орзусини амалга оширганимдан бошим осмонда. Тўрт фарзандимнинг барчаси ҳаётда ўз ўрнини топган.

    Қарши шаҳридаги мебелсозлик корхонаси раҳбари Саломат Комилова ўз ишининг устаси. У “Ташаббус” республика кўрик-танловида “Энг саховатпеша ва энг интизомли солиқ тўловчи тадбиркор” номинацияси, 2019 йилда “Йилнинг тадбиркор аёли” номинацияси ғолиби. “Шуҳрат” медали соҳиби, 2021 йилда эса, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган. Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати. Қарши шаҳридаги 18-имконияти чекланган болалар махсус мактаб-интернатини оталиққа олган.

    Саломат опани суҳбатга тортарканман, у киши ҳаяжонини яширолмай, дил дардини изҳор этади.

    — Ўзбекистонимизни бекорга қуёш ўлкаси, дейишмайди. Талабалик давримни кўп эслайман. Москва осмонида қуёш кам кўринарди, узлуксиз ёмғирдан толиқардик. Булутларнинг баланд бинолар устида осилиб, муаллақ туриб қолгани юрагимизни сиқарди. Кенг осмони ёруғликка чўмган Ўзбекистоним кўз ўнгимга келарди-ю, кўзимдан шовуллаб ёш қуйиларди. Соғинчдан дир-дир титрардим. Бугун ўша йиллар кўп соғинганим — Ўзбекистонда яшаётганимдан шукроналик ҳиссини туяман. Ўзимни қуёш фарзанди, деб қалбимни шу диёрга тикканлигимдан бахтиёрман.

    Ўроз ҲАЙДАРОВ,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

    Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates