Бу ҳақда Стратегик ислоҳотлар агентлиги маълум қилди.
Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш доирасида Тошкент шаҳар туманлари, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари ҳокимликлари тузилмасида “тунги иқтисодиёт менежери” лавозими ташкил этилиши белгиланмоқда.
Ушбу лавозим шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосари мақомига тенглаштирилиб, улар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.
Менежерлар қуйидаги йўналишлар учун масъул бўлади:
- туну-кун ишлайдиган кўча ва ҳудудлар учун мастер-режа ишлаб чиқиш, инфратузилма яратиш;
- тадбиркорлар фаолиятини тунги вақтда ҳам тўсиқсиз таъминлаш;
- аҳоли ва туристлар оқимини ошириш, фестиваль ва концертлар ташкил этиш;
- хавфсизлик, коммунал ва молиявий хизматларни мувофиқлаштириш.
Жами 25 та янги штат бирлиги вазирлик ва идоралар бошқарув ходимлари ҳисобидан мақбуллаштириш йўли билан жорий этилади. Тошкент, Нукус ва вилоят марказларидан ташқари ҳудудларда эса бу вазифалар шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига юклатилади.









