Унда “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо 20 га яқин корхоналар “ Made in Uzbekistan” жамоавий стенди билан иштирок этяпти. Маҳаллий корхоналаримиз хорижий ҳамкорлар эътиборига чарм, пойабзал, чарм-атторлик буюмлари, қоракўл ва мўйна маҳсулотларининг 100 дан ортиқ турини тақдим этган.
Кўргазманинг дастлабки кунида ўз ишини бошлаган бизнес форумда “Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси мамлакатимиз чарм саноатида сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт кўрсаткичлари, халқаро бозорларда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотларни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, хорижий брендлар билан ҳамкорлик алоқалари тўғрисида тақдимот ўтказди.
Халқаро кўргазма маҳаллий корхоналаримизга бизнес алоқаларни йўлга қўйиш, янги харидорлар портфелини шакллантиришга хизмат қиляпти. Хусусан, “Ulkan Laziz” МЧЖ Россиянинг “Дивали”, “Профи”, “Обувные технологии” каби қатор корхоналари билан самарали мулоқот ва музокаралар ўтказди. Натижада “Дивали” корхонаси билан камарлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган тайёр чармни етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. Шартноманинг умумий суммаси 100 минг долларни ташкил этади.
“Профи” корхонаси эса 200 минг долларлик чарм ва камарларни Ўзбекистондан харид қиладиган бўлди. “Обувные технологии” компанияси эса мамлакатимиз корхоналаридан 6 минг жуфт пойабзал устки қисмларини оладиган бўлди. Шартнома қиймати 4 миллион рублни ташкил этади.
Кўргазма доирасида қоракўл маҳсулотларини Россия савдо тармоқларига етказиб бериш, пойабзаллар экспорти бўйича ҳам қатор музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради “Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати.