Саҳнага бахшида умр

    Фикр 31 декабр 2020 5764

    Ўзбекистон халқ артисти, “Дўстлик”, “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов жиддий қиёфаси, бақувват, илдам қадам ташлаши, самимий сўрашиши ва дадил сўзлашуви билан хотирамда қолган. Бу инсондаги суҳбатдошга ҳурмат, ёшидан, касб-коридан қатъи назар, санъат ихлосмандларига эътиборни туйганман.

    Ҳар бир янги китоби чиққанида бизга етказишга шошиларди. Илм аҳлини жуда қадрлаганидан эди бу. У вақтларда анча ёш, театршунос сифатида тажрибасизроқ ҳам эдим. Лекин биз, танқидчиларнинг фикрига эътиборли эди. Санъат ва санъаткор тақдирига бефарқ эмас эди бу инсон.

    Зикир Муҳаммаджонов кенг қамровли актёр эди. Умрининг деярли 75 йилини Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида ўтказди. Саҳнада, кино ва телевидениеда яратган юздан зиёд образларининг ҳар бири катта маҳорат ва меҳнат натижасидир. Актёр ижодий биографиясида эътиборга молик образлар жуда кўп. Фердинанд (“Макр ва муҳаббат”), Жалолиддин (“Жалолиддин Мангуберди”), Иван (“Сепсиз қиз”), Деҳқонбой (“Шоҳи сўзана”), Абдулатиф (“Мирзо Улуғбек”), Борис (“Момақалдироқ”), Горацио (“Ҳамлет”), Кассио (“Отелло”), Ҳамза (“Ҳамза”), Фурқат (“Фурқат”), Беруний (“Абу Райҳон Беруний”), Эдигей (“Асрга татигулик кун”), Самандар (“Самандар”), Синтаро (“Ўғирланган умр”), Октавия, Цезарь (“Юлий Цезарь”), Жабборов (“Парвоз”), Мирзакаримбой (“Қутлуғ қон”), Юсуфбек ҳожи (“Ўткан кунлар”), Навоий (“Алишер Навоий”) каби ролларида Муҳаммаджоновнинг ўзига хос ижод нафаси, овоздаги жўшқин эҳтирос, фикран теранлик ва вазминлик, актёрнинг ўзигагина монанд имконият кучи намоён бўлган. Бир сўз билан айтганда, Зикир Муҳаммаджонов яратган образлар кучли психологик драматизми, романтик кўтаринкилиги билан ажралиб турарди.

    Зикир Муҳаммаджоновнинг театрга кириб келиши жуда оғир йилларга тўғри келди. 1937 йилдаги қатағоннинг совуқ шамоли маданият ва санъат арбобларини ҳам четлаб ўтмаган. Хусусан, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Босит Қориев сингари миллатнинг буюк ўғлонлари қатағон қурбонига айланган... Шу билан бирга, оғир даврларда ҳам театр санъати бир қатор ютуқларга эришаётган, мамлакатдан четда ҳам эътироф этилаётганди. Хусусан, “академик театр” мақомини олиб улгурган жамоа томонидан тайёрланган “Ҳамлет” (Шекспир), “Макр ва муҳаббат” (Шиллер), “Фарҳод ва Ширин” (Хуршид), “Ҳалима” (Ғ.Зафарий), “Ревизор” (Гоголь), “Момақалдироқ” (А.Островский) сингари постановкалар омма орасида катта шуҳрат топган.

    Одатда актёр оммавий саҳналарда синаб кўрилади, маҳорат оширади. Зикир Муҳаммаджоновда бу ҳолат узоқ давом этмади. Уруш унинг интилишларини бошқа ўзанга буриб юборди. Энди у фаолиятини заводда, станоклар олдида давом эттирди. Урушнинг ўрталарига келиб, ишлаб чиқаришда банд бўлган қатор актёрларни театрга қайтариш таклифи киритилганда, завод раҳбариятини кўндириш осон бўлмади, марказнинг аралашуви билангина у театрга қайтарилди.

    Ўша йилларда театрда саҳналаштирилган “Жалолиддин Мангуберди” спектаклида актёрга Темур Малик образининг топширилишини тақдирнинг туҳфаси дейиш мумкин.

    Зикир Муҳаммаджоновнинг энг катта омади унга улуғ актёрларнинг меҳри тушгани бўлди. Уларнинг ўгитлари актёрга саҳна сирларини англашда муҳим омил вазифасини ўтади. Тошкентда уруш тугаган йили очилган Театр ва рассомлик институти талабалари орасидан ўрин олган Зикир ёши энг катта талаба бўлгани сабаблими, ўқишга масъулият билан ёндашиб, уни иш билан бирга олиб борди. Кундузи ўқиди, дарсдан бўш вақтларда театрга — ишига ошиқди. Айниқса, жаҳон классик асарларида ижро этган роллари унинг актёр бўлиб шаклланишига хизмат қилди. Хусусан, А.Островскийнинг ўзбек саҳнасида кўп бора саҳналаштирилган “Момақалдироқ” асаридаги Борис образи унинг ижросида қаҳрамон характеридаги бир-бирига қарама-қарши хусусиятлар тўғри илғанган. Бу, аввало, Катеринага нисбатан раҳм-шафқат ҳисси бўлса, иккинчидан, ўзи ботган қоронғилик салтанатидан чиқиб кета олмаганликда кўзга ташланади. Актёрнинг ижроси самимийлиги билан ўзига тортиб, қаҳрамонга нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотади. Бу каби мураккаб характерли образлар талқини актёрнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этди.

    Ўқув юртидаги таълим ўзининг ижобий натижаларини берди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” асаридаги бош қаҳрамон Деҳқонбой образи ёш актёрга ишониб топширилди. Актёр талқинидаги Деҳқонбой ёшлик шижоати, ғайрати туфайли янги ҳаётнинг, янги ерларнинг ҳақиқий эгаси. Бу образга хос чапдастлик, оддийлик, фикрдаги собитлик, ҳар қандай мураккаб вазиятда ундан чиқиб кетишга куч топа олиш ватанга бўлган муҳаббатнинг натижаси ҳамдир. Актёр ўз қаҳрамонига хос ушбу сифатларни саҳнада ишонарли талқин этди. Таъкидлаш лозим, актёр ижросидаги бу образ ўзбек йигитининг янгича намунаси эди.

    Бу каби замондошлар қиёфалари актёр ижодий биографиясида кейинчалик ҳам алоҳида ўрин тутди. Асқад Мухтор асарлари асосида режиссёрлар Х.Аппонов ва Б.Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган “Самандар” спектаклидаги Самандар Саидов ва “Саҳро тор”даги Заргаров қиёфалари бир-бирини тўлдиради, дейиш мумкин. Бу образлар талқини актёр ижодида беш йиллик танаффус билан ижро этилган бўлса-да, ҳар икки характер ўртасида ўзига хос ички муносабат ва эволюцияни сезиш мумкин.

    Хусусан, Самандар Саидовдек ҳаётда ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришган, ўзининг ҳақлигини меҳнат билан исботлашга бел боғлаган шахс образини яратар экан, актёр қаҳрамоннинг ҳолатини тушуниб ижро этади ва унинг меҳрибонлиги, самимийлигини ифодалашга интилади. Бунга актёр ҳаётда қийинчиликлар гирдобига тушиб қолган Самандарнинг ички дунёсига эътибор қаратиш орқали эришади. Натижада томошабинга бу каби инсонларга ҳаётда эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади. Бунда қаҳрамон ахлоқий қарашларини эмас, балки унинг атрофида юзага келган вазиятни ўзгартириш керак, деган хулоса келиб чиқади.

    Заргаров қиёфасида актёр йирик раҳбар образини яратар экан, унда ҳам ишчанлик фазилатларини қаҳрамон хушмуомалалиги ва одамохунлигидан ажратмасликка интилади. Заргаров барча нарсани тез англайдиган, қатъиятли, бир сўзли, шу билан бирга, ҳазилкаш инсон ҳам. Актёр ижросида Заргаров — ноёб шахс, ўз қадр-қимматини чуқур ҳис қилади, кескин қарорларга келишга тайёр.

    Ҳар икки ҳолда ҳам бош ролга З.Муҳаммаджоновнинг танланганига сабаб актёрга хос ўйчан психологизмга мойиллик, зиёлиларга хос хатти-ҳаракатлар, ташқи бичим, ижодий жиҳатдан фикри бир нуқтага йўналтирилганлик, ўз ишига садоқат ва буларнинг бари замонавий қаҳрамон ҳақидаги тасаввурларга мос келганидан эди. Тилга олинган ҳолатлар актёр умри давомида яратилган қатор қаҳрамонлари характерида кўзга ташланади. Шу ўринда Ў.Умарбековнинг “Кузнинг биринчи куни” драматик асари асосида тайёрланган спектаклдаги Шокир Султонов образи ёдга келади. Ҳали-ҳануз ўз бурч ва масъулиятини англаб етмаган ёшларга бағишлаб ёзилган ушбу асарда оилада бола тарбияси масаласи, ёшларнинг ҳаётга муносабатини кўрсатиш мақсад қилинган. Асар воқеаларини ёшлар билан боғлиқ биргина ҳаётий фожиа ҳаракатга келтирар экан, турли ахлоқий қарашлар ўртасидаги зиддият драматик ҳаракатга ҳаётийлик бағишлайди. Асар конфликтини ташкил этган икки бир-бирига зид тушунча — ахлоқий поклик ва тубанлик орқали театр инсонлар ўртасидаги муносабатларни очишга интилади.

    Актёр саҳнада яратган ҳар бир образ, у бош қаҳрамон бўладими ёхуд иккинчи даражалими, қаҳрамон табиатини чуқур ўрганиш, хатти-ҳаракатлар натижаларини мулоҳаза этиб, бунда мантиққа ёндашган ҳолда ижро этилган. Бу каби сифатлар Зикир Муҳаммаджонов театр саҳнасида ижро этган тарихий шахслар образлари ижросида ҳам кўзга ташланади.

    Уйғун ва Иззат Султон қаламига мансуб “Алишер Навоий” драмаси Миллий академик драма театри саҳнасида бир неча бор саҳналаштирилган. Пьесада Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги муносабатлар ҳаётдагидан кўра кескин, мураккаброқ қилиб берилган. Натижада Ҳусайн Бойқаро образи ўз тарихий прототипидан кўра, салбийроқ қиёфада гавдаланган. Бунга сабаб эса асар яратилган давр ҳукмрон мафкураси талабларидан келиб чиқиб, муаллифлар ўттиз йилдан зиёд ҳукмронлик қилган улкан салоҳиятли давлат арбоби, ҳукмдор образини тарихан ҳаққоний кўрсатиб беришга имкониятлари бўлмаганида эди.

    Бош қаҳрамонларнинг ёшлик ва кексалик даврларини турли актёрлар ижро этган. Навоийнинг ёшлик йилларини С.Умаров ва Б.Муҳаммадкаримов, кексалик даврини эса З.Муҳаммаджонов ва Ё.Аҳмедов, навқирон Бойқарони М.Абдуқундузов ва М.Исмоилов, кексалигини эса Т.Азизов ва Т.Каримов гавдалантирган. Шу асно спектаклда улкан ҳаёт йўли босиб ўтилгани кўрсатилди. Зикир Муҳаммаджонов роль ижросига киришар экан, буюк шоир истеъдоди қанчалар кўп қиррали эканига, айни пайтда феъл-атворидаги олижаноблик ва назокатга алоҳида эътибор берди. Натижада актёр ижросида Навоий улкан маданият соҳиби, юксак маънавий ғоялар тарғиботчиси сифатида кўзга ташланади. Бундай ижро сабаб Навоий учун асарда илгари сурилган инсонпарварлик ғояларининг улуғворлиги ва беқиёслигини спектаклдаги персонажларнинг барчаси ҳис этиб туради.

    Навоийнинг феъл-атвори саҳнама-саҳна изчил ривожланиб, комиллик касб этади. Навоий — Зикир Муҳаммаджонов хунрезликни тўхтатиш ва мамлакат бутунлигини сақлаб қолиш учун қайта-қайта сафарга чиқиб, Бойқаро — Т.Азизов мухолифларини муросага чақиришга мажбур бўлади. Астрободдаги зерикарли ўтган кунлар Навоий сиймосида кучайган ҳаяжонлар ва ташвишлар қанчалар шоирона кўтаринкиликка эга эканини яна бир карра намойиш қилади. Бу лавҳада Навоий давлат арбоби ва шоир сифатида намоён бўлади. Ушбу кўринишда Навоийнинг ўз халқи ва ҳукмдор дўсти Ҳусайн Бойқаро тўғрисида мулоҳаза юритиб, мухолифлик қилаётган ижтимоий кучларни муросага келтириш йўлидаги хатти-ҳаракатлари ишонарли талқин топган.

    Спектаклнинг сўнгги саҳнасидаги ижро, айниқса, эътиборли. Кексайиб қолган икки қадрдон — Навоий ва Бойқаро бир-бирини авайлаб, бағрига босади. Бироқ Бойқаронинг невараси Мўмин Мирзо қатл этилгани тўғрисидаги хабар адоват, қонунсизлик, адолатсизлик, хунрезлик саройда ҳамон давом этаётганидан далолат беради. Навоий эса ўзининг эзгу ғояларига аввалгидек содиқ, Ҳусайн Бойқаро эса биродаркушлик урушлари ва саройдаги фитна-фасодлар ҳолдан тойдирган ҳукмдор сифатида кўринади. Султон Ҳусайн Бойқаро — Турғун Азизов тиз чўкиб, илтижо билан тикилиб қолар экан, Навоий — Зикир Муҳаммаджонов ўз дўсти ва ҳукмдорини тарк этиб, севган халқи ва ижоди томон, яъни мангуликка йўл олади. Бу каби ёндашув актёр ижодий биографиясида буюк тарихий шахслар сиймоларининг эътиборли қиёфалари яратилганини кўрсатади.

    Зикир Муҳаммаджонов ижодий био­графиясида Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романи асосида яратилган спектаклдаги Эдигей образи алоҳида ўрин тутади. Асарнинг бош қаҳрамони Эдигей Жонгелдин ҳалол, меҳнаткаш одам. У урушда қатнашиб, унинг қийинчиликларини кўрган. “Бўронли” бекатида темир йўл ишчиси бўлиб ишлагунча бошидан не-не кўргуликларни ўтказган, барига чидаган. Эдигей мисолида жамият тарихининг муайян саҳифалари тилга олинади.

    Публицистик руҳда спектакль яратишни ният қилган режиссёр Р.Ҳамидов асосий эътиборини Эдигей тақдирига қаратади ва бу борада кенг урф бўлган усулни танлайди. Бошқа персонажлар билан мулоқотлар, қаҳрамоннинг мулоҳазалари, монологлари, шунингдек, муаллифнинг қаҳрамонга муносабатидан Эдигей образи шаклланади. Мазмуни ва ҳажмига кўра, ниҳоятда кенг кўламли бу ролга бир неча актёр жалб қилинди. Асосий ижрочи З.Муҳаммаджоновга энг ёрқин ва таъсирли кўринишлар тўғри келди.

    Эдигей — қувонч ва қайғулар, зафар ва мағлубиятларни бошидан кечирган оддий одам. “Эл қатори оддий меҳнаткашман. Ҳар бир нарсага диққатвозлик қилиб, ташвишланишимнинг ҳожати бормикан”, дейди ўзига-ўзи Эдигей. Бу образнинг қудрати, алоҳида ўзига хослиги, янгилиги ва замонавийлиги шундаки, у ўзини мана шу курраи заминнинг бир зарраси сифатида ҳис қилади, жаҳонда рўй бераётган ҳар бир воқеага дахлдор ва масъул эканини сезиб туради. Пойтахтда истиқомат қиласанми ёки ичимлик сув четдан келтириладиган олис темир йўл бекатида яшайсанми, бу дунёда ҳамманинг қисмати бир-бири билан чамбарчас боғланган. Шу маънода, актёр ижросида Эдигейнинг ўз тақдири, қариндош-уруғлари ва она халқи ҳақидаги теран мулоҳазалари ниҳоятда қизиқарли ифодаланган.

    Битта мақолада Зикир Муҳаммаджоновнинг узоқ ижодий йўли давомида яратилган барча саҳнавий образларига тўхталишнинг иложи йўқ. Актёр ҳар хил характердаги қаҳрамонлар қиёфаларини яратар экан, асоcан, образининг кучли жиҳатларини кўрсатишга эришди. Шу сабаб унинг қаҳрамонлари ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ўз инсоний бурчига содиқ инсонлар эди. Мана шу хислатлари сабаб ҳам актёр томошабинлар эътиборига тушиб, уларни доимо ўзига жалб этиб келган бўлса, ажабмас. Балки шу унга умрининг охирига қадар суйган ишида ардоқлаган халқи учун хизмат қилишига куч бергандир.

    Дилфуза РАҲМАТУЛЛАЕВА,

    ЎзФА Санъатшунослик институти директори ўринбосари, санъатшунослик фанлари доктори, профессор

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates