“Zarafshon Parkside”, “Shohjahon Palace”, “Continental hotel Samarkand” меҳмонхоналарининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Aзиз Aбдуҳакимов, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма, Самарқанд вилояти ҳокими Еркинжон Турдимов иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоизки, ушбу меҳмонхоналарнинг ҳар бири ўзига хос дизайн ва хизматларда алоҳида ёндашувга эга. Масалан, “Continental hotel Samarkand” меҳмонхонаси ўз ташриф буюрувчиларига қишки боғ, фин ва турк сауналари, бассейн, банкет ва конференсия заллари, шунингдек, меҳмонхона томида жойлашган лоунге барни таклиф етади. Меҳмонхона 150 кишига мўлжалланган бўлиб, 30 та иш ўрни яратилган.
“Zarafshon Parkside”, меҳмонхонаси эса бир вақтнинг ўзида 110 нафар туристни қабул қила олади. Шунингдек, меҳмонхонада 170 кишига мўлжалланган иккита банкет зали ва 150 кишига мослашган конференс-зал мавжуд. Меҳмонхонада 25 та иш ўрни мавжуд. Ушбу меҳмонхона мажмуасида қурилиш ишларининг иккинчи босқичи якунлангач, меҳмонлар мавзули боғ, ёпиқ ва очиқ бассейнлар, спорт зали, қўшимча иккита банкет заллари ва 65 хонага эга бўладилар.
Уч қаватдан иборат “Shohjahon Palace”, меҳмонхонаси эса 64 та ўринга мўлжалланган. Меҳмонхонада 15 та иш ўрни мавжуд.