Зотан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврига муносиб ҳисса қўшган, буюк алломалар етишиб чиққан бу қадим шаҳар бугун ҳам ўз бағрида янги Ўзбекистон тараққиёти учун Учинчи Ренессанс пойдеворини яратувчи малакали мутахассисларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўзининг қарийб бир асрлик фаолияти давомида Самарқанд давлат тиббиёт университети таълим, илмий-тадқиқот ва клиник салоҳиятини фаол ривожлантирмоқда, моддий-техник базасини мустаҳкамланмоқда. Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат тиббиёт университети (СамДТУ) мамлакатимиздаги энг йирик ва мустаҳкам илмий-тадқиқот базасига эга бўлган олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унинг таркибида Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти, Л.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникаси, Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази, Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази фаолият кўрсатяпти.
Ҳозирги кунда университетнинг 9 та факультетида 11 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, олти юздан ортиқ профессор-ўқитувчи ўқув ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Улар орасида 265 нафар тиббиёт фанлари номзоди (Doctor of Philosophy, -PhD) ва 85 нафар фан доктори (Doctor of Science, DSc) илмий даражасига эга ходимлар мавжуд. 2020–2022 йиллар оралиғида илмий даражали ходимлар сони 3 баробар ошди. Бу кейинги йилларда илмий салоҳиятнинг жадал ўсиб бораётганини кўрсатади. Мисол учун, 2020 йилда 22 та, 2021 йилда 46 та, 2022 йилда 77 та диссертация ҳимоя қилинди. Ушбу даврда 128 нафар тадқиқотчига PhD, 17 нафар DSc илмий даражаси берилди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети жамоаси ўз олдига олий мақсадни белгилаб олган. У ҳам бўлса, мамлакатимизнинг ҳеч бир фуқароси шифо излаб ўзга юртларга кетмаслиги учун тиббиётнинг деярли барча соҳаларини ривожлантириб, халқимизга виждонан хизмат қилишдан иборат.
Университетнинг кўп қиррали фаолиятининг ажралмас қисми — илмий ишлар ва инновациялар ҳисобланади. Илм масканимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда таҳририят-нашриёт бўлимлари самарали фаолият юритмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раёсатининг қарори асосида Самарқанд давлат тиббиёт университети қошида ҳозирги кунда илмий даража берувчи 2 та илмий кенгаш иш олиб боради.
Профессор Жасур Ризаев раҳбарлик қилувчи илмий кенгаш тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) даражасини олиш учун стоматология, оториноларингология, спорт тиббиёти, профессор Азамат Шамсиев раҳбарлигидаги илмий кенгаш эса тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун акушерлик ва гинекология, ички касалликлар, педиатрия, болалар хирургияси ихтисосликлари бўйича диссертация ҳимоясини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Мазкур илмий кенгашлар диссертацияларни ҳимоя қилиш учун энг қулай шарт-шароитларни таъминлаб, тадқиқотчиларга материалларни тайёрлаш ва юритиш бўйича малакали ёрдам кўрсатмоқда. Энг муҳими, таълим масканида илм-фан ривожланиши учун барча шароит яратилган ва имкониятлар янада кенгаймоқда.
Самарқанд давлат тиббиёт университетининг таянч докторантура ва докторантурасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хорижий мамлакатларда магистратура дастурлари доирасида, хусусан, Жанубий Корея ва Францияда таълим олган ёшлар қабул қилинган ва илмий-тадқиқот ишларини самарали давом эттирмокда.
2023 йилда таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилиш ўтган йиллардагидан анча фарқли ва салмоқли бўлди. Бунда докторантурага кирувчилар чет тилини билиш бўйича малака сертификатига эга бўлиш талаби киритилди. Давлат тест марказининг чет тилини билиш даражасини аниқлаш синовлари натижаларидан сўнг 53 нафар талабгор таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилинди. Шу тариқа ҳозирги кунда ишлаб чикаришдан ажралган ҳолда 17 та тиббиёт ихтисосликлари бўйича 90 нафар фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаётган шахс таянч докторантура ва докторантурада ўқитилмокда.
Сўнгги икки йилда СамДТУда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган докторлик диссертациясини ўқиш муддати тамом бўлишидан олдин 6 нафар таянч докторант ҳимоя қилгани ҳам бугунги авлоднинг мақсад сари қатъий иштиёқ-интилишларини намоён этиб турибди.
Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими раҳбари Антонина Ким ташаббуси билан СамДТУда докторантлар мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Бу мактаб илмий ишлар олиб бориш учун кўп тармоқли ёндашувга асосланади ва бўлажак олимларнинг салоҳиятини шакллантиришга ёрдам беради.
Мактаб ишининг асосий мавзулари олинган маълумотларга статистик ишлов бериш ҳамда хорижий тилларни чуқур ўрганишга қаратилган. У Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда дунё мамлакатларининг 110 та илмий-тадқиқот институти ва клиник тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик қилади. Бундан ташкари, СамДТУда тиллар кафедраси ҳамкорлигида докторантлар учун хорижий тилларни ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил килинган. Чет тилини ўргатиш курслари 3 ой давом этади.
Диссертантлар илмий ишлари натижасини халқаро илмий-амалий конференцияларда маъруза килишади, Web of Science ва Scopus маълумотлар базасига кирувчи журналларда мақолаларини эълон қилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ёш олимлар ўртасида етакчи хорижий илмий ташкилотларда илмий малака ошириш учун танлов ўтказилди. Танлов натижаларига кўра, СамДТУ фармацевтика ва токсикологик кимё кафедрасининг ассистенти Умида Файзуллаева ғолиб деб топилди ва “Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси маблағлари ҳисобидан Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университетига илмий жиҳатдан малака ошириб, тажриба алмашишга юборилди.
Университетимизнинг ёш олимлари Улуғбек Очилов, Рушен Ғаффоров, Машраб Юсупов “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендия танлови орқали етакчи хорижий илмий ташкилотларда ўз соҳаси бўйича илмий маҳоратини ошириш амалиётини ўтади, назарий ва амалий билимларини чуқурлаштирди.
Бу каби ишлар замирида инсон омили учун зарур бўлган илм ва амалиёт жамланмаси ётибди. Инсон саломатлигига дахлдор касб эгаси бўлишнинг ўзи ҳам шарафли, ҳам масъулиятли. Олим-шифокор бўлишнинг залвори ундан-да катта. Олим заҳмати бежиз игна билан қуддуқ қазишга қиёсланмайди. Бу вазифаларни зиммага олиш, одамлар дардига дармон бўлиш тинимсиз изланишни, юқори тиббий малака билан бир қаторда илм-маърифатли бўлишни ҳам талаб қилади.
Ҳамза ҲАМРОЕВ,
Самарқанд давлат тиббиёт университети доценти








