Сенат Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг видеоконференция тизими орқали мажлиси бўлиб ўтди.

    Парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиётининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари, эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

    Мажлисда Сенат Кенгаши томонидан Р.А.Махмудовани Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлаш ва уни Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимидан озод этиш, қолаверса, Б.А.Тангабаев ва И.М.Алимовни Олий суд судялигига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Кун тартибидан ўрин олган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиётининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

    Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, қолаверса, суд ҳокимиятининг очиқлиги масаласида ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

    Маълумки, қонун ҳужжатларида тегишли суд раислари томонидан маҳаллий Кенгашларга ахборот тақдим этиб бориш назарда тутилган. Бир ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этиш ҳамда жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш тартиби жорий этилди. Бу эса фуқароларга халқ вакиллари орқали ўз ҳудудидаги судлар фаолияти билан яқиндан танишиш, судлар амалиёти ҳолати ҳақида маълумот олиш имконини берди.

    Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг ўзида суд раисларининг 900 та ахбороти эшитилган. Мазкур амалиёт ҳозирги кунда ҳам давом этиб келмоқда.

    Бироқ шу кунга қадар маҳаллий Кенгашларда судларнинг ахборотларини эшитиш натижасида ҳудудларда у ёки бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ чоралар белгиланмаган.

    Олий Мажлис палаталари томонидан жамоатчиликнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга нисбатан муносабатини ўрганиш мақсадида ҳудудларда судьялар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва аҳоли билан ўтказилган учрашув ва суҳбатлар жараёнида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар таҳлили ҳам халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиётининг самарадорлигини ошириш зарурати мавжудлигини кўрсатди.

    Шунингдек, ахборотни эшитиш давомида маълумот учун қабул қилиш билан чекланмасдан, унда кўрсатилган статистик, таҳлилий маълумотлар асосида маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятини режалаштириши, депутатлик назоратининг муҳим йўналишларини белгилаб олиши зарурлиги қайд этилди.

    Бундан ташқари, мажлисда эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала ҳам муҳокама марказида бўлди.

    Қайд этилганидек, ўтган йилларда мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси ишлаб чиқилиб, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг миллий модели яратилган.

    Олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида қизларни эрта турмушга бериш билан боғлиқ вазият сўнгги икки йилда ижобий томонга ўзгарган.

    Сўнгги йилларда 18 ёшга тўлмаган қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари ҳам камайиб, 2018 йилда бундай салбий ҳолатлар 1,5 мингдан зиёд бўлган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 1,2 мингтани ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 231 та эрта туғруқ ҳолатлари қайд этилган.

    Олиб борилаётган ишларга қарамай, бу борада қатор муаммолар мавжудлигига урғу берилди. Таҳлилларга кўра, ушбу муаммога, аввало, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва тиббий маданиятининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.

    Бундан ташқари, вояга етмаган қизлар, айниқса 13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатларининг кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолдир.

    Эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари кузатилган ўқувчи қизларнинг қарийб ярми ота ёки онасиз оилаларда яшаётганлиги аниқланган. Шунингдек, оиладаги етишмовчилик, ота-оналарнинг ишсизлиги ёки кам даромад топиши ҳам қизлар тарбиясига салбий таъсир қилмоқда.

    Яна бир жиҳат. Эрта ва исталмаган туғруқ ҳолатлари, ёшларнинг оилавий муносабатларга тайёр эмаслиги, оиладаги ижтимоий-маънавий беқарорлик каби сабаблар чақалоқлар савдоси жиноятини ҳам келтириб чиқармоқда.

    Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сенат Кенгаши қарори билан эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020–2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

    Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси
    Олий Мажлиси Сенатининг
    Ахборот хизмати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates