Учрашувда HPBS билан ҳамкорликда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти натижасида ҳосил бўладиган иссиқхона газлари миқдори ҳамда углерод изини (carbon footprint) ҳисоблаш бўйича методика ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, халқаро ва миллий тадқиқотларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда хорижий давлатлар тажрибаларини ҳар томонлама ўрганиш асосида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича кадрлар салоҳиятини ошириш юзасидан ўқув–семинар, тренинглар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Марказ раҳбари Ғайратжон Мухамедов иқлим соҳасидаги глобал кун тартиби янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
«Париж келишуви доирасида 2010 йилга нисбатан 2030 йилга келиб ялпи ички маҳсулот бирлигига иссиқхона газлари эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича қўшимча мажбурият олдик. Ўзбекистон 2030 йилгача иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш бўйича улкан мақсадларни қўйган. 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия улушини 35 фоизга етказиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда», — деди Ғайратжон Мухамедов.
Қолаверса, атроф-муҳитга таъсири бўйича I – IV тоифаларга кирувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказиш жараёнида Вазирлик томонидан углерод нейтраллигини таъминлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланганлиги қайд этилди.
Учрашув якунида Давлат экологик экспертизаси маркази ва «HPBSolution» масъулияти чекланган жамияти ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, деб хабар беради Давлат экологик экспертизаси маркази матбуот хизмати.
Маълумот учун, ушбу меморандум Марказ ходимларининг малакасини ошириш, атроф-муҳитга таъсир этувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти натижасида юзага келадиган иссиқхона газлари чиқиндилари ва углерод изларини ҳисоблаш методикасини ишлаб чиқиш, халқаро ва миллий тадқиқотларни чуқур таҳлил этиш, ҳамда хорижий давлатлар тажрибаларини ҳар томонлама ўрганиш асосида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича кадрлар салоҳиятини ошириш юзасидан ўқув-семинар, тренинглар ташкил этиш каби масалаларни ўз ичига олган.