Сенат Қўмитаси қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилишни қўллаб-қувватлади

    2024 йил 19 апрелда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда сенаторлар, масъул вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари доимий комиссиялари вакиллари, экспертлар, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

    Мажлисда иштирокчилар навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган масалаларни, жумладан «Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (1999 йил 2 июль, Женева) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги ҳамда «Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Рим, 1961 йил 26 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунларни муҳокама қилди.

    Сенаторлар Ўзбекистоннинг Гаага битимининг Женева актига қўшилиши ўз саноат маҳсулотларини, биринчи навбатда, ташқи бозорларда илгари суришдан манфаатдор бўлган субъектларга мавжуд миллий тизимларга қараганда саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини олиш имконини беришини таъкидлади.

    Муҳокама давомида ушбу битим мамлакатимизнинг жаҳон технология бозорида ўз таъсирини ошириш имконини бериши, халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатиши ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши алоҳида таъкидланди.

    «Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Рим, 1961 йил 26 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун аҳдлашувчи давлатларда ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотларининг интеллектуал ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

    Хусусан, Конвенцияни ратификация қилган томонлар ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг миллий режимини тақдим этиши белгиланган.

    Мазкур Қонун имзолангандан сўнг Ўзбекистон турдош ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олади, бу эса бозор муносабатларини янада ривожлантиришга ва мамлакатимизнинг инвестициялар жалб этувчанлигини оширишга хизмат қилади.

    Сенаторлар миллий қонунчиликнинг мазкур халқаро ҳужжатлар қоидаларига мувофиқлигини, уларни ратификация қилишдан кутилаётган натижаларни, шунингдек, уни кейинчалик имплементация қилиш механизмларини атрофлича муҳокама қилди.

    Қонунлар Қўмита томонидан Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш учун тавсия этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates