Бугун, 17 май куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Унда Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисини 2024 йил 18 май куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Таъкидланганидек, видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда қатор масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилган.
«Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2271-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги, «Ижро ишини юритиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги, «Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, навбатдаги ялпи мажлис кун тартибидан «Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунлар ҳам ўрин олган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳужжатларга қўшилиши ҳамда уларни ратификация қилиш ҳақидаги қонунларни ҳам муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.
Навбатдаги ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директорининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳамда Вазирлар Маҳкамасига яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳамда атроф муҳитга салбий таъсири юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.