ШҲТда Самарқанд руҳи: Хорижлик ҳайкалтарошлар Самарқандда йиғилди

    Туризм 16 август 2022 1675

    15 августда «Самарқанд-2022» Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Симпозиум Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Тадбирни Бош вазир ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

    «Ушбу ҳайкалтарошлик симпозиуми Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилди, – деди Бош вазир ўринбосари. – Мақсад – ШҲТга аъзо давлатлар саммитда нафақат геосиёсий масалаларни муҳокама қилади, балки, Самарқанднинг ўзгача бир руҳидан баҳраманд бўлади.

    Қолаверса, мазкур симпозиум орқали ёш ҳайкалтарошларга хорижлик тажрибали ҳайкалтарошларнинг ишларини кузатиш, ўрганиш ва тажриба ошириш имкони яратиб берилди.

    Ўйлайманки, бу яратилаётган санъат асарлари тарихда қолади ва Самарқандда ШҲТ саммитидек тарихий воқеа бўлиб ўтганини эслатиб туради».

    Ўзбекистон Рассомлар ижодий уюшмаси раиси Ибрагим Валихўжаев эса симпозиумнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлаб, маҳаллий ва хорижлик ҳайкалтарошларнинг меҳнатларини юқори баҳолади.

    Шунингдек, тадбирда иштирок этган қозоғистонлик ҳайкалтарош Улжан Жаугашева ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

    «Тошларда оламнинг бутун сири, гўзаллиги ва тарихи мужассам. Биз эса ана шу гўзалликни юзага чиқаришимиз лозим. Мен симпозиумда ўз асарим орқали одамларга қандай ажойиб дунёда яшаётганимизни кўрсатишни, бу туйғуни ифодалаб беришни истайман», – деди у.

    Маълумот учун, симпозиумда Ўзбекистон, Эрон, Ҳиндистон, Россия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳайкалтарошлари иштирок этяпти. Улар 10 сентябрга қадар «Ватанпарвар» боғидаги майдонда ўз асарларини яратади. Сўнгра ушбу санъат асарлари Самарқанд кўчаларини безатади.

    Эслатиб ўтамиз, Самарқандга ШҲТ саммити ва халқаро кўргазмага тайёргарлик кўриш доирасида хорижлик рассомлар ҳам ташриф буюрганди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates