Синовлардан сийловларга йўлланма

    Ёшлар билан ишлашнинг ҳам ўзига яраша гашти, сурури, гоҳ мунозарали, гоҳ мулоҳазали томонлари бор.

    Ҳар кун эрталаб қадрдон ишхонамга йўл олар эканман, кун давомида қиладиган ишларимни режалаштириб бораман. Қўл телефонимга вилоят ёшлари деярли ҳар куни йўллайдиган гоҳ ёзма, гоҳ овозли хабар, таклиф, мурожаатларни ўқиб, ўзим учун хулосалар чиқараман. Имкон қадар улар билан яқин бўлишга ҳаракат қиламан. Йўл-йўлакай нималарнидир сарҳисоб қилаётиб, ўзим кўрган, кўнглимдан ўтганларни бир-бир қоғозга тушириб оламан.

    Ёшлар билан ишлашнинг ҳам ўзига яраша гашти, сурури, гоҳ мунозарали, гоҳ мулоҳазали томонлари бор. Аммо уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, иқтидори ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши, ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кўмаклашиш зарур. Бу борада кенг имкониятлар очилаётгани ҳам айни ҳақиқат.

    Ўтган йили Тошкент вилоятида ёшлар билан индивидуал ишлаш тизимини жорий этиш учун 14–30 ёшдаги 654 минг 215 нафар ёш фаолияти таҳлил қилинди. Улар уч тоифага ажратилиб, тарбияси оғир ва алоҳида ишлаш зарур бўлган ёшлар турли даражадаги ташкилот-муассасалар раҳбарларига индивидуал бириктирилди. Натижада ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган 20 минг 504 нафар ўғил-қизнинг барчасига амалий кўмак берилди.

    Ойбек Оққўрғон туманинг Қўрғонтепа маҳалласида яшайди. У ёшлигидан темирчилик билан шуғулланган. Ҳаётнинг турли синовлари, тақдирнинг кутилмаган зарбалари бор. Бу синовлар кутилмаганда инсон бошига тушиши, уни эсанкиратиб қўйиши мумкин. У шундай чорасизликдан чиқиш учун ўтган йил 5 май куни Оққўрғон туманидаги “Ишга марҳамат” мономарказида Тошкент вилояти ҳокимига бириктирилган ёшлар билан ўтказилган учрашувда вилоят раҳбарига муаммоларини айтган ва амалий ёрдам олганлардан бири. Ойбекнинг бошига тушган ҳамма синов ортда қолиб, пробация рўйхатидан чиқарилди. Белни маҳкам боғлаб, ҳаётда ўз ўрнини топиш, режаларини бажаришга жиддий киришди. У бошлаган хайрли ташаббуслар маҳалласида кенг қулоч ёйди. Бугун у нафақат ўзи, балки қўшниларининг ҳам томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиб, мўл ҳосил, мўмай пул топмоқда. Темирчиликни ҳам ташлаб қўйгани йўқ.

    Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшлар билан ишлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди. Қарор асосида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Айни пайтда Тошкент вилоятидаги 1 25 та маҳаллада ёшлар етакчиси самарали фаолият юритмоқда. Улар тенгдошларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган амалий ишлар билан машғул. Жумладан, ёшларнинг раҳбарларга бириктирилиши ҳамда ёшлар етакчилари қилаётган ишлар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларини қўллаб-қувватлаш, мурожаатларини алоҳида назоратга олиш борасидаги чора-тадбирлар ижобий натижа бермоқда.

    Яна бир ҳаётий мисол. Чиноз туманида яшовчи Зоҳиджон Дадабоев тиришқоқ ва ўз устида ишлайдиган йигит. Тақдир экан, у эшитиш ва гапириш қобилиятидан маҳрум. 2021 йили ишлагани Россияга кетди. Бундан хабар топган маҳалладаги ёшлар етакчиси унга қайтиб келишини ва қизиқишига қараб, ёрдам беришини айтди. 2022 йил октябрда Зоҳиджон миграциядан қайтди. У яшайдиган “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёшлар етакчиси дастлаб Зоҳиджоннинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан томорқаси учун уруғлик олиб берди. Сўнг ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида Оққўрғон туманидаги мономарказда ошпазлик йўналишида ўқитилди. Ошпазлик сирларини пухта ўрганган Зоҳиджон “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2023 йил 1-мавсумида “Касблар танлови”нинг вилоят босқичида 3-ўринни эгаллади. Айни пайтда у Тошкент шаҳридаги “Аҳмад олтин жўжа” ошхонасида ошпаз вазифасида ишлаб, 5 миллион сўмдан зиёд маош оляпти. Бундай мисоллар кўп. Муҳими, ҳаммасига ечим топиляпти. Мураккаб тақдирли ҳар бир ёшнинг орзу-мақсадига эришиши учун имкониятимиз бор.

    Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг яқинда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида илм-фан, таълим-тарбия, маънавият масалаларида жон куйдириб айтилган сўзлар барчамизнинг юрагимизга қадар етиб келди. Ёшлар орасида маънавият масаласи мунтазам кун тартибида туришининг зарурати ва аҳамиятини тўла ҳис этдик. Қолаверса, маънавиятни, маърифатни қарор топтириш мақсадига ҳайбаракаллачилик, хўжакўрсин тадбирлар ўтказиш орқали эришиб бўлмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Чунки ҳозирги ёшларнинг тафаккур тарзи бутунлай янгича. Шу боис, маънавий-маърифий тарғиботнинг янги усулларидан фойдаланишгина иш беради. Эскича усулда ёшларга маънавиятни уқтираман, деган ва шунга уринган одам маблағни ҳам, вақтни ҳам беҳуда совурган бўлади.

    2024 йилнинг мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номлангани барча қатори Тошкент вилояти ёшларини ҳам қувонтирди, шунингдек, елкамизга катта масъулият юклади. Бу каби имкониятлар катта ҳаётга кириб келаётган йигит-қизлар ҳаётида ўчмас из қолдириши шубҳасиз. Ўйлайманки, ёшлар билан бирга маррани баланд олиб, бир ёқадан бош чиқариб, ишласак, натижа ҳам шунга яраша бўлади.

    Миразиз МИРСУЛТОНОВ,

    Ёшлар ишлари агентлиги

    Тошкент вилояти бошқармаси

    бошлиғи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates