Спорт соҳасидаги коррупциявий қилмишлар учун жазо муқаррарлиги таъминланади

    Жиноят кодексига спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.

    Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида “Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

    Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, спорт турларини янада ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Шу билан бирга ҳозирги вақтда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларига спортдаги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурати юзага келмоқда.

    Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олганлиги ёки мулкий манфаатдор бўлганлиги, шунингдек, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.

    Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун миллий қонунчилигимизни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, спорт соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.