Сув тежамкор технологияларни қўллаш 7,7 марта ортган

    Ўзбекистон ўрта муддатли истиқболда 2 миллион гектар майдонга сув тежамкор технологияларни жорий қилишни мўлжаллаган.

    Бунинг учун жорий нархларда умумий қиймати 5,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган сув тежамкор технология (СТТ) ва ускуналар зарур бўлади.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертларининг Ўзбекистоннинг дунё сув тежамкор технологиялар бозоридаги иштирокини ўрганишга доир ўтказган таҳлилларига кўра, республика бўйича СТТ қўлланилаётган майдонлар сўнгги беш йилда 7,7 марта ортган. Агар СТТ қўлланиладиган майдонлар яна 10 баравар ошириладиган бўлса, у ҳолда турли хилдаги гидротехник жиҳозларга бўлган эҳтиёж 6,6 баравар ортади. Республикада СТТ ускуналарини ишлаб чиқарувчи саноқли корхоналарнинг мавжудлиги ички рақобат муҳитининг шаклланмаганлиги ҳамда уларнинг бу эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаслигини англатади.

    Тадқиқотда маҳаллий СТТни ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчиларнинг бозордаги ҳолатини баҳолаш учун Херфиндал - Хиршман индекси (HHI) дан фойдаланилди. У СТТ бозори қай даражада монополлашганини аниқлаш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда маҳаллий СТТ бозорининг HHI индекси 3912 ни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 2518 га пасайган. Бироқ СТТ бозорининг ҳудудий жиҳатдан битта ёки иккита иштирокчи ва хизмат кўрсатувчига боғланиб қолиши туфайли сўнгги уч йил ичида бир гектар майдонга СТТ ни ўрнатиш нархи 1,6 баравар ошди.

    Эҳтиёжни қондириш ва самарадорликка эришиш учун дунё СТТ бозорига интеграциялашиш ва унинг илғор тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу бозор янги инновацияларни жалб қилиш орқали сув тежамкорлигига эришиш, ҳосилдорликни янада ошириш, СТТ ўрнатувчи истеъмолчилар учун танлаш, бозорда рақобат муҳитини яратиш имконини беради.

    Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, дунё СТТ бозорининг ҳажми 9,3 миллиард АҚШ долларига тенг. 2028 йилга борганда бу кўрсаткич 23,3 миллиардга етади. СТТни қўллаш бўйича Бразилия (77 фоиз майдонга қўллаган), Испания (73 фоиз), Италия (60 фоиз), Жанубий Корея (60 фоиз), АҚШ (56 фоиз), Саудия Арабистони (56 фоиз), Франция (41 фоиз), Хитой (41 фоиз) етакчи мамлакатлар ҳисобланади.

    Ўзбекистоннинг дунё СТТ бозорига интеграциялашуви мамлакат қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялардан фойдаланишнинг кенгайиши сув тежамкорлигининг 30 фоиз, ҳосилдорликнинг 2 баравар ортишига олиб келади. Шу билан бир қаторда, бу соҳада қуйидаги имкониятлар очилади:

    - тобора долзарб аҳамият касб этаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади;

    - аҳолининг истеъмоли учун бирламчи зурур бўлган мева-сабзавотлар нархи барқарорлигини таъминлайди;

    - вегетация даврида сув танқислиги камаяди ва ердан фойдаланиш самарадорлиги ошади;

    - СТТ дан фойдаланувчилар (фермер ва деҳқонлар) да танлаш имконияти кенгаяди ва рақобат муҳити шаклланади;

    - тадбиркорларда ушбу технологияни ўрнатиш учун ўз “бизнес ташаббуслари” шаклланади;

    - соҳаларда сув сарфини қатъий назорат қилиш имкониятлари ортади;

    - СТТ ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган МИЗ ёки КСЗ ларни ташкил этиш имкониятлари очилади.