Тери касалликларига чалинмаслик учун нималарга аҳамият бериш зарур?

    Ҳозирги кунда тери касалликлари билан хасталанган беморлар сони аҳоли орасида кўпайиб бормоқда. Тери касалликлари орасида оғир кечаётгани пўрсилдоқ яра касаллигидир. Шунингдек, турли ички ва ташқи омиллар тери касалликларининг нисбаттан оғир кечишига сабаб бўлади.

    Хусусан, организм иммун тизимининг бузилиши, модда алмашинуви, нейро-эндокрин касалликлари хамда ташқи омиллардан экологик омиллар, алиментар, асабийлашиш ва шу билан бир қаторда бемор томонидан назоратсиз дори воситаларини қабул қилишлари касалликларнинг ривожланиши ва оғир шаклларига ўтиб кетишига сабаб бўлади.

    Тери бутун инсон танасини қоплаб турувчи аъзо бўлиб қолмай, балки барча ички аъзолар билан узвий боғлиқ холда, қатор муҳим вазифаларни бажаради. Одамнинг соғлиғи, юрак-қон томир, асаб, ошқозон-ичак тракти, эндокрин тизими билан бир қаторда, терининг функцияси ва хусусиятига ҳам боғлиқ.

    Учуқ

    Вируслар сабаб келиб чиқувчи дерматозлар тери касалликлари ичида салмоқли ўринни эгаллайди. Учуқ (герпес вируси), контагиоз моллюска, сўгаллар болаларда кўп учрайди. Оддий учуқ вируси бошқа вируслардан фарқ қилиб, у инсон организмида йиллаб сақланиши, баъзи нохуш холатлар (зотилжам, бронхит, ЎРВИ, ҳар хил интокцикациялар ва бошқалар) таъсир этганда фаоллаши мумкин. Аксарият ҳолларда қўрқиш, совқотиш, шамоллаш, гиповитаминоз ҳолатлари ҳам вирусларни қўзғатиб оддий учуққа сабаб бўлади.

    Баъзан бемор билан мулоқотда бўлганда ҳам касаллик юқиши мумкин. Касаллик онадан болага мулоқот вақтида, туғруқ йўллари орқали, ифлосланган ҳомила олди суюқлиги орқали ва плацента орқали юқади. Бундай ҳолларда касаллик оғир, асоратли кечиши мумкин. Касаллик ЎРВИ касалликлар билан бирга кечганда ҳаво-томчи йўли билан ҳам юқади.

    Теридаги оқ доғларнинг келиб чиқиш сабаби

    Халқимиз орасида оқ доғлар балиқ, сут, тухум маҳсулотларининг аралаштириб ейишдан келиб чиқади, деган қараш бор. Аслида эса витилиго касаллигининг келиб чиқиш сабаблари бошқа.

    Витилиго - тери касалликлари орасида кенг тарқалган бўлиб, тери соҳасида яллиғланмаган ҳар хил шаклларга ва ўлчамларга эга бўлган оқ доғларнинг пайдо бўлиши билан ифодаланади.

    Бу касалликнинг келиб чиқишига кўплаб омиллар сабаб бўлади. Асаб, эндокрин ва иммунитет тизими ва липидлар перекис оксидланиши тизимининг бузилиши ҳамда ҳужайраларни ўз-ўзини емириши, шунингдек, терининг микроэлемент таркиби ва метаболик жараённинг ўзгариши шулар жумласидандир.

    Витилиго сурункали авж олиб кечиши билан ажралиб туради. Аёл ва эркакда бир хилда учрайди. У касалликка мойиллик (генетик) ва қўзғатувчи (ташқи) омиллар таъсирида пайдо бўлади. Ташқи омилларга эмоционал асабийлашиш ва қуёш таъсирида куйиш мисол бўла олади. Касалликнинг зўрайишига ички аъзоларнинг сурункали яллиғланиши, заҳарланиш, дисбактериоз, гижжа, эндокрин ва иммун тизими бузилишлари сабаб бўлиши мумкин. Витилиго одатда тўсатдан бошланади. Бемор, энг аввало, депигментация ўчоғи (ёки ўчоқлари)ни сезади. Витилигонинг клиник кўриниши тери қоплами турли соҳаларида гипо ва депигментация ўчоқларининг мавжудлиги билан характерланади ва вақт ўтиши билан катталашишга мойил бўлади. Ушбу хасталик косметик нуқсон бўлиб, кўпинча беморга руҳий тушкунликни келтириб чиқаради.

    Наслдан наслга ўтувчи ирсий касалликлар

    Терининг ирсий касалликлари генодерматозлар, деб аталади. Ҳозир унинг 200 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улар бутун тери касалликларининг 10 фоизини ташкил этади. Уларга:

    • ихтиоз,
    • туғма
    • буллёз
    • эпидермолиз,
    • Даре касаллиги,
    • кератодермиялар,
    • альбинизм,
    • энтеропатик
    • акродерматит касаллиги ва бошқалар киради. Ушбу касалликлар маълум бир генга боғлиқ бўлиб, наслдан наслга ўтади.

    Касалликни келиб чиқишида қариндошлар ўртасидаги никоҳ, онанинг ҳомиладорлик вақтидаги турли хил генитал ва экстрагенитал хасталиклар билан оғриши сабаб бўлади. Шунингдек, наслдан-наслга ўтадиган тери касалликларига тери аллергик касалликлари туркумига кирувчи – атопик дерматит ҳам мисол бўла олади. Ушбу касаллик генетик-детерминациялашган тери касаллиги бўлиб, терининг яллиғланиши, қичиш ҳолати билан кечади.

    Тери саратонига чалинмаслик учун нималарга аҳамият бериш зарур?

    Терининг ўсма касалликлари ўз ўрнида ўсма олди касалликлари, терининг яхши сифатли ўсма касалликлари ва терининг ёмон сифатли ўсма касалликларига ажратилади. Терининг саратон касалликларига базалиома, меланома, ясси ҳужайрали тери саратони, Т ва В ҳужайрали тери лимфомалари ва бошқалар киради.

    Тери саратонига чалинмаслик учун терини тўғри парвариш қилиш, тери гигиенасига риоя қилиш, тери касалликларини ўз вақтида шифокор назоратида, асоратларсиз, тўғри даво муолажасини олиб бориш, қуёш нуридан сақланиш ва қуёш нуридан тўғри фойдаланиш, терини турли хил жароҳатлардан ҳимоя қилиш, билиб-билмасдан терида пайдо бўлган нуқсонларни табибларда шифокор кўригисиз даволамаслик зарур.

    Дерматоонкология ҳозирги замонавий тиббиётда ривожланиб келаётган соҳалардан бири бўлиб, ушбу соҳа касалликка ўз вақтида, эрта, замонавий илғор тиббиёт диагностикаси усуллардан, яъни шу ўринда молекуляр-генетик текшириш усуллари, цитологик, фотодиагностика, иммуногистохимия, гистоморфологик ва бошқа усулларини қўллаш асосида фойдаланган ҳолда аниқ ташхис қўйиш, зудлик билан даво чораларини кўришга ва касалликни олдини олиш учун аҳоли орасида тиббий маданиятни оширишга қаратилган.

    Б.Азизов,

    Тошкент давлат стоматология институти

    дерматовенерология ва косметология

    кафедраси мудири, доцент

    И.Нурматова,

    Тошкент тиббиёт академияси,

    дерматовенерология ва косметология кафедраси доценти

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates