Тошкентда Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

    Тошкент шаҳрида 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида ўтган йиғилишда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати, истиқболлари муҳокама этилди.

    Мажлисда икки Давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаган сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилиб бораётгани таъкидланди.

    Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Ташриф доирасида қатор қўшма тадбирлар бўлиб ўтди. Хусусан, Президентлар раислигида икки мамлакат ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлди. Унда Россиянинг 26 та вилоятидан вакиллик делегацияси иштирок этди. Ҳудудлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва уни янги амалий мазмун билан бойитиш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.

    Дарҳақиқат, жорий йилнинг ўтган даврида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишларда кўплаб тадбирлар ўтказилди. Ҳукуматлар даражасидаги алоқалар жадал давом этмоқда.

    Кейинги етти йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баравар кўпайди. Жорий йилнинг етти ойида эса товар айирбошлаш ҳажми яна 30 фоизга ошган.

    Мажлисда Давлатларимиз раҳбарлари томонидан ҳукуматлар зиммасига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллард долларгача етказиш вазифаси қўйилгани, бунга эришиш учун ҳамкорлик лойиҳаларини изчил амалга ошириш ҳамда импорт ўрнини босиш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда уч мингдан зиёд қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ўз навбатида Россияда ҳам ўзбек капитали иштирокида кўплаб тадбиркорлик субъектлари ишламоқда.

    Металлургия, энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари йўлга қўйилган.

    Транспорт-транзит йўналиши ўзаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим тармоқларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри парвозлар сони ҳафтасига қарийб 300 тага етди. Темир йўлда йўловчи ташиш эса тўлалигича тикланди.

    Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Маданият, санъат, туризм, фан, спорт йўналишларида алоқа жадаллашди. Етакчи олий ўқув юртлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида доимий ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Россия етакчи олий ўқув юртларининг 14 та филиали юртимизда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

    Мажлисда истиқболли сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш режалари кўрилди.

    Шунингдек, эришилган келишувларни изчил амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишлари келишиб олинди.

    Учрашув якунлари бўйича қўшма коммюнике қабул қилинди ҳамда бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланади.

    Шу кунининг ўзида Россия Федерацияси ҳукумати делегацияси Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди ва Технопаркда бўлиб, ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар билан танишди.


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates