ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилаётган маданият кунлари иштирокчиларига

    Маданият 19 июн 2023 4731

    Ассалому алайкум, қадрли дўстлар! Ҳурматли меҳмонлар! Аввало, сиз, азизларни Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкил топганининг 30 йиллиги билан самимий табриклайман.

    Туркий дунёнинг атоқли маданият ва санъат намояндаларини, шоир ва рассомлари, киноижодкорларини, истеъдодли ёшларни Тошкентда бўлиб ўтаётган халқаро маданият анжуманида кўриб турганимиздан бениҳоя мамнунмиз.

    Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!

    Биз азалдан тарихи, тили ва дини, урф-одат ва анъаналари, бугунги орзу-интилишлари муштарак бўлган халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда ТУРКСОЙнинг улкан ўрни ҳамда аҳамияти борлигини миннатдорлик билан эътироф этамиз.

    Ҳозирги кунда глобал оламда шиддат билан кечаётган жараёнлар барчамиздан сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳамкорлик билан бирга, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, адабиёт, соғлиқни сақлаш, туризм, спорт сингари муҳим соҳаларни ривожлантириш борасида биргаликда ҳаракат қилишни талаб этмоқда.

    Туркий миллатларнинг маънавий бирлигини таъминлаш, муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, умумий бойлигимиз бўлмиш ноёб тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш, буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли маданий-гуманитар дастурлар амалга ошириб келинмоқда.

    ТУРКСОЙ томонидан ўтказиб келинаётган йирик анжуманлар маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан бир қаторда, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани эътиборга моликдир.

    Жумладан, ўтган давр мобайнида Остона, Туркистон, Эскишаҳар, Кастамону, Бурса, Қозон, Мари, Шеки, Ўш ва Хиванинг Туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилингани ушбу қадимий ва гўзал шаҳарларимизнинг шон-шуҳратини янада оширди, десак, айни ҳақиқат бўлади.

    Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кирганидан сўнг барча соҳалар сингари ТУРКСОЙ фаолияти доирасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилди.

    Хусусан, аъзо давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда туркий мамлакатлар маданияти ва санъати кунлари, ёшлар ва театр фестиваллари, ижодий форумлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

    Ташкилот доирасидаги илмий-маърифий анжуманлар, туркий тиллар ва адабиётлари ривожига бағишланган халқаро конференцияларда мамлакатимиз олим ва ижодкорлари фаол қатнашмоқда.

    Ана шу ҳамкорликнинг амалий самараси сифатида юртимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми нашр этилгани, унга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 450 дан зиёд мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари киритилганини таъкидлаш жоиз.

    Туркий дунёнинг сиёсат, илм-фан, тиббиёт, адабиёт ва санъат соҳаларида улкан ютуқларга эришган намояндаларини рағбатлантириш мақсадида буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

    Бу йил гўзал Навоий шаҳрида бўлиб ўтган ТУРКСОЙ ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши ҳамда “Мумтоз шеърият” деб номланган халқаро фестиваль туркий адабиёт оламида катта акс садо берди.

    Шунингдек, ташкилот билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида III Халқаро бахшичилик санъати фестивали, Тошкент шаҳрида Турк дунёси талабалар халқаро театр фестивали ҳамда Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор фестивали юқори савияда ўтказилди.

    2023 йилда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллик, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллик таваллуд саналарини ҳам, насиб этса, биргаликда нишонлаймиз.

    ТУРКСОЙнинг 30 йиллик қутлуғ санасига бағишланган маданият кунларининг аъзо давлатлар пойтахтлари ҳамда БМТ, ЮНЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг расмий қароргоҳларида кенг нишонланиши – бу аввало жаҳон ҳамжамиятининг туркий халқлар маданияти, урф-одат ва қадриятларига юксак ҳурмат-эҳтироми рамзидир.

    Зеро, туркий дунёмизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихи, улуғ аждодлари, маданияти ва санъати бор. Энг муҳими, мана шундай бебаҳо маънавий бойликнинг муносиб ворислари бор.

    Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилаётган Ўзбекистонда бугун ўз ишини бошлаётган маданият байрами фаолиятига муваффақият ва барчангизга сермаҳсуллик тилаб, яна бир бор ўзимнинг самимий ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.

    Ҳурмат билан,

    Шавкат МИРЗИЁЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates