Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эндиликда мамлакатимизда маҳаллий туроператорлар томонидан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш имконияти яратилмоқда.
Қарорга мувофиқ, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг “Умра” хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилади:
– 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;
– “Умра” хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;
– “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;
– “Умра” хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;
– “Умра” хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.
2023-йил 1-октябрдан “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Баҳолаш тизими Туризм қўмитасининг махсус сайтида эълон қилиб борилади.
Қарорда белгиланган қўшимча лицензиянинг талаб ва шартлари 2023-йил 1-ноябрдан амалда бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 8-августдаги 345-сонли қарорига мувофиқ “Умра” хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш тақиқланади.