Ўзбек-хитой муносабатининг ёрқин келажагини биргаликда яратиш йўлида

    Халқаро ҳамкорлик 13 сентябр 2022 2798

    Дўстлик риштаси

    «Бу замин мўл-кўл ризқ рамзи бўлмиш ғалла етиштириш учун жуда қулай, ранг-баранг гулларга, мазали меваларга бой». 1300 йил аввал Тан сулоласининг буюк олим-роҳиби Сюань Цзан ўз саёҳатномасида гуллаб-яшнаган Самарқандга шундай таъриф берган эди. Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан, мен ҳамкасбим билан Хитой - Ўзбекистон ҳамкорлиги режасини белгилаб олиш ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун яна бир бор ажойиб Самарқанд шаҳрига ташриф буюраман.

    Хитой ва Ўзбекистон — буюк тамаддунга эга қадимий мамлакатлар. Буюк ипак йўли халқларимизнинг 2000 йилдан зиёд вақт давомидаги дўстона алоқаларидан дарак беради. Ғарбий Хань сулоласи вакили Чжан Цянь, Тан сулоласи вакили Сюань Цзан ва Мин сулоласи вакили Чэнь Чэн ўз даврида Тошкент, Самарқанд ва бошқа машҳур шаҳарларда бўлиб, ўтмишдаги алоқаларимизга гувоҳлик қилган.

    Бухоролик Саййид Ажал Шамсиддин Юань сулоласи даврида Хитойнинг Юньнань провинцияси губернатори этиб тайинланган. Самарқандлик У Жу XIV аср ўртасида Хитойнинг Нанкин шаҳрида обсерватория қурилишида иштирок этган. Мамлакатларимиз ҳозирги вақтга қадар уларни хитой-ўзбек халқлари дўстлиги асосчилари ва элчилари сифатида илиқ хотира ила ёдга олади.

    Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган йирик давлат. Мустақиллик эълон қилингандан бошлаб ўтган 31 йил ичида мамлакатда давлат ривожланиши ва миллий тикланиш борасида юксак натижаларга эришилди.

    Алоҳида таъкидлаш керак, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари буюк йўлга тушиб олди. Турли соҳалардаги ислоҳотлар ва тараққиёт суръати жадал тус олди. Мамлакат мутлақо янги қиёфага эга бўлди, муносиб ҳаёт шароити яратилмоқда, республиканинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли равишда мустаҳкамланди. Самимий дўст ва ҳар томонлама стратегик ҳамкор сифатида муваффақиятларингиз бизни чин юракдан қувонтиради.

    Жорий йил Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганининг 30 йиллик юбилейи асносида ўтмоқда. Шу давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик серҳосил уруғ мисол яшнариб, бир-бирига ҳурмат, яхши қўшничилик ва дўстлик, ўзаро ёрдам ва манфаат тамойили асосида ривожланиб, қизғин суръатда ўсди ва салмоқли натижаларга олиб кела бошлади.

    Икки мамлакат ишончли дўст ва ҳамкор

    2016 йилдан буён биз Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув, телефон мулоқоти ва хабар алмашиш орқали доимий яқин алоқада собитмиз. Ўртада ўзаро илиқ амалий муносабат, теран дўстлик ўрнатилган. Давлатларимиз бир-бирини ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик руҳида муҳим, умумий манфаатли масалаларда, миллий тараққиёт стратегияларини илгари суришда қўллаб-қувватлайди, минтақани ривожлантиришга қўшимча куч-қувват бағишлаган ҳолда ислоҳотларни, шаффофликни кенгайтириш борасида ўзаро тажриб алмашмоқда.

    Умумий тараққиёт йўлидаги ишончли шериклар

    Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори, мамлакат иқтисодиётига йўналтирилаётган инвестициянинг асосий манбаидир. 2021 йил икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 8 миллиард доллардан ошди, жорий йил биринчи ярим йилликда қарийб 5 миллиард долларни ташкил этди. Йиллик савдо ҳажми шаҳдам одимлар билан 10 миллиард долларлик мақсад сари яқинлашмоқда. “Бир камар, бир йўл” ташаббусини биргаликда амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ҳам самарали ривожланмоқда.

    Муҳим қўшма лойиҳалар мунтазам илгари сурилмоқда. “Хитой – Марказий Осиё” газ қувурининг барча 4 тармоғи Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Қамчиқ довонида Марказий Осиёдаги энг узун темир йўл тоннели ишга туширилди.

    Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль йўлаги ва Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон темир йўлидан фойдаланиш салоҳияти муттасил очилиб боряпти. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича дадил қадамлар белгилаб олинди.

    Ўзбекистон минтақа ичидаги давлатдан минтақадаги коммуникация тармоғига айланмоқда. Бундан ташқари икки мамлакат янги энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги, молия ва замонавий телекоммуникация соҳасида фаол ҳамкорлик қилмоқда, бу халқларимизга фойда келтирмоқда.

    Икки мамлакат тамаддунлараро мулоқотни ривожлантиришда муносиб ўрнак бўлмоқда. Ҳамкорликда турли қизиқарли тадбирлар, жумладан, санъат фестиваллари, гала-концерт, кўргазма, семинарлар ўтказилмоқда.

    Талабалар алмашиш, адабий асарларни таржима қилиш ва чоп этиш, кинематография, телевизион дастурларни таржима ва намойиш қилиш, минтақалараро алоқа ва кадрлар тайёрлаш сингари соҳаларда ҳам муттасил ҳамкорлик қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида халқларимиз яқинлашувига самарали хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистон учун 6 500 дан зиёд мутахассис тайёрлаб берди. Улар ҳозирги кунда ислоҳотлар ва мамлакат тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

    Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтларидан бир гуруҳ хитойшунос-мутахассис етишиб чиқди. Улар хитой-ўзбек дўстлигининг ҳақиқий элчилари ҳисобланади. Туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Жуда кўп хитойлик сайёҳлар мафтункор Ўзбекистонни зиёрат қилиш имконига эга бўлмоқда.

    2013 йил Самарқандга амалга оширилган ташрифим давомида қадимий Хива шаҳрини археологик жиҳатдан тиклаш лойиҳаси ишга туширилиши эълон қилинган эди. Бугунги кунда мазкур лойиҳа муваффақиятли якунланиб, қўҳна Хива янги, кўркам қиёфага эга бўлди.

    Икки мамлакат ҳамиша бир-бирига туғишган оға-инидек ёрдам беради.

    Хитой ва Ўзбекистон бир-бирига ниҳоятда зарур манфаатлар ва муштарак келажак билан боғланган. Мамлакатларимиз нафақат икки томонлама асос, балки ШҲТ ва бошқа кўп қиррали майдончалар доирасида яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда, ташқи таъсирларга биргаликда қарши турмоқда. «Уч ёвуз куч»га, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашмоқда, тезкор ахборот алмашинувини ривожлантирмоқда, умумий хавфсизлик йўлида кадрлар тайёрлаш миқёсини кенгайтирмоқда.

    Коронавирус инфекцияси авж олган вақтдан бошлаб икки мамлакат бирдамлик ва ўзаро ёрдам руҳида эпидемияга қарши ҳамкорликни фаоллаштирди. Ўзбекистонда пандемия билан курашишда талаб юқори бўлган Хитой вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, ҳамкорликда яратилган дори воситасини клиник қўллашга рухсат берилиб, ушбу препарат инсонлар ҳаёти ва соғлигининг ишончли ҳимоячисига айланди.

    Дўстона алмашинувнинг икки минг йиллик тарихи ва ўзаро манфаатли алоқанинг 30 йиллик тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳар томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланиши замон талаби ҳамда икки мамлакат ва халқнинг туб манфаатига жавоб беради. Ўтмиш ва келажак чорраҳасида турар эканмиз, хитой-ўзбек муносабати келажагидан умидимиз, ишончимиз катта.

    Биринчидан, ўзаро қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш муҳим. Стратегик аҳамият ва узоқ муддатли манфаатларни ҳисобга олган ҳолда янги даврда хитой-ўзбек муносабатини ривожлантириш режасини белгилаб олиш зарур.

    Хусусан, юксак ва юқори даражадаги алоқани фаоллаштириш, сиёсий ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишни чуқурлаштириш, муҳим манфаатларга алоқадор масалаларда бир-биримизни қатъий қўллаб-қувватлаш лозим. Хитой Ўзбекистоннинг миллий воқеликларга мос равишда танланган тараққиёт йўлини қатъий қўллаб-қувватлайди, Ўзбекистоннинг ички ишларига ташқаридан аралашиш билан боғлиқ ҳар қандай уринишга қарши.

    Иккинчидан, ҳамкорликда ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим. Икки мамлакат миллий тараққиёт стратегияларини бирлаштиришни жадаллаштириш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва йирик лойиҳалар соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш даркор. Янги тараққиёт йўлида Хитой жадал суръатда тараққиётнинг янги архитектоникасини шакллантирмоқда. Биз Ўзбекистонни олдинга тез одимлаб бораётган тараққиёт “экспресси” бортида кўришдан мамнунмиз.

    Ўзбек биродарларимиз билан тараққиёт имкониятини бўлишишга тайёрмиз. Келгуси йил “Бир камар, бир йўл” ташаббусига ўн йил тўлади. Шу аснода мамлакатларимиз мавжуд натижалар билан юксак тараққиётга эришиш учун саъй-ҳаракатни бирлаштириши, камбағалликни қисқартириш борасида ҳамкорликни кенгайтириши лозим. Токи, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик икки мамлакат халқига ҳам катта фойда келтирсин.

    Хитой Ўзбекистон билан Глобал ривожланиш бўйича ташаббусни фаол тарзда ҳаётга тадбиқ этиш, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракат билан ривожланаётган мамлакатларнинг умумий манфаатини ҳимоя қилиш, умумий ва муттасил ривожланиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва умумий фаровонлик тамойили асосида тараққиёт архитектурасини шакллантиришга тайёр.

    Учинчидан, хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб ўтиш учун хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим.

    Мамлакатларимиз хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаши, ташқи кучларнинг минтақа барқарорлигига раҳна солишга бўлган уринишларига йўл қўймаслиги, тараққиёт учун қулай ташқи шароитлар яратиши лозим.

    Афғонистон — бизнинг умумий қўшнимиз. Афғонистондаги тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик мамлакатламиз манфаатларига мос келади. Хитой Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосини ҳал қилишдаги ўзига хос роли ва иштирокини юксак баҳолайди ва қўллаб-қувватлайди. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан Глобал хавфсизлик бўйича ташаббусни ҳамжиҳатликда ҳаётга тадбиқ қилиш, янги таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, тинчлик, барқарорлик ва халқаро адолатни ҳимоя қилишга тайёрмиз.

    Тўртинчидан, халқларни яқинлаштириш учун маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш муҳим. Инсонларнинг яқинлашуви мулоқотга асосланади. Хитой-ўзбек дўстлик алоқалари чуқур тарихий илдизга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

    Биз ОАВ, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм, археология соҳаларидаги ва ҳудудларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришимиз, ўзаро маданий марказлар таъсис этилиши ва Лу Бань номидаги устахоналар очилишини тезлаштиришимиз, кенг миқёсли маданий-гуманитар алмашинув чизмасини шакллантиришимиз, хитой-ўзбек муносабатини янги чўққига олиб чиқишимиз ва икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстликни авлоддан авлодга етказишимиз даркор.

    Ўзбекистонда мен ШҲТнинг Самарқанд саммитида ҳам иштирок этаман. Жорий йил ШҲТ Хартияси имзоланганига 20 йил, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 15 йил тўлади.

    Ушбу ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган мақсад ва тамойилларга таянган ҳолда, Ташкилот «Шанхай руҳи» тамойилига мувофиқ, аъзо давлатлар барқарорлиги ва ҳамкорликда ривожланишига кўмаклашмоқда, ўзаро ҳурмат, тенглик ва адолат, умумий манфаатли ҳамкорлик билан ифодаланадиган янги турдаги халқаро муносабатни йўлга қўйишда ўрнак бўлмоқда. Бугунги кунда ШҲТ нафақат Евроосиё маконида, балки бутун дунёда муҳим конструктив куч сифатида намоён бўлмоқда.

    Ноқулай эпидемиологик вазиятга қарамай, Ўзбекистон Ташкилотда раислик вақтида аъзо давлатлар билан интенсив алмашинув, алоқаларни амалга оширмоқда, ўзига юклатилган вазифаларни бажармоқда, Ташкилотнинг соғлом ва барқарор ривожланиши динамикасини асрашга хизмат қилмоқда. Биз буни юксак қадрлаймиз.

    Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар билан Самарқанд саммити юксак даражада ўтказилиши, ШҲТнинг минтақа тинчлиги, барқарорлиги, тараққиёти ва фаровонлиги йўлидаги муштарак тақдири ҳамжамиятини шакллантиришга улкан ҳисса қўшишига ишончим комил.

    Юракда интилиш бўлса, мақсадга элтувчи йўл узоқ туюлмайди. Биз Ўзбекистон томони билан дипломатик муносабат ўрнатилган кундан бошлаб шаклланган эзгу анъанани давом эттириш, янги тарихий муҳитда Хитой ва Ўзбекистоннинг муштарак тақдири билан боғлиқ ҳамжамиятни яратиш йўлидаги миллий тараққиёт ва тикланиш йўлидан биргаликда олға одимлашга тайёрмиз.

    Си ЦЗИНЬПИН,

    Хитой Халқ Республикаси Раиси,

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates