Авваламбор, Россия Федерацияси Президенти ҳурматли Владимир Владимирович Путинга меҳмондўстлик ва бугунги учрашувимизни аъло даражада ташкил этгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Беларусь томонининг, Беларусь Республикаси Президенти Александр Григорьевич Лукашенконинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига самарали раислигини алоҳида қайд этмоқчиман. Бу даврда кўп томонлама амалий ҳамкорлик янги суръат касб этди.
Глобал бозорларнинг тобора парчаланиб бораётгани, логистика занжирларининг мураккаблашаётгани ва инвестиция ресурсларини тақсимлашда устувор йўналишларнинг ўзгараётгани шароитида биз учун стратегик ва табиий шерикларимиз бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш принципиал аҳамият касб этмоқда.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорликнинг сўнгги тўрт йилида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси қарийб икки баробар ошди.
Иқтисодий алоқалар таркибида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ортиб бораётгани, кооперация лойиҳалари кенгайиб бораётгани барқарор суръат кўрсатаётгани айниқса муҳимдир.
Бу ҳамкорларимиз ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлашдан чинакам манфаатдорлигини акс эттиради.
Ўзбекистон Евроосиёнинг асосий форматларида фаол иштирок этмоқда.
Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, аграр саноат ва транспорт соҳаларида 40 га яқин аниқ тадбирларни ўз ичига олган уч йиллик режа амалга оширилмоқда.
Қўшма Ишчи гуруҳ форматидаги ишлар давом этмоқда: унинг бешинчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Шунингдек, ЕОИИнинг электрон савдони ривожлантириш, юк ташишни рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича тармоқ дастурларида иштирок этмоқдамиз.
Ўзбекистон ва ЕОИИ божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида ахборот алмашиш тўғрисида битим тузиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги қарор қабул қилинганини олқишлаймиз.
Ишончимиз комилки, трансчегаравий маълумотлар алмашинуви божхона назорати самарадорлигини ошириш, кечикишларни камайтириш ва транспорт тизимларимизнинг Евроосиё йўлакларига интеграциялашга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Банк билан биргаликда инфратузилма, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Ҳурматли ҳамкасблар!
ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги устувор йўналишларимизни қисқача айтиб ўтмоқчиман.
Биринчи. Савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.
Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария меъёрлари борасидаги ёндашувларни яқинлаштириш мақсадида МДҲ ва EОИИ институтлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни фаоллаштириш зарур деб ҳисоблаймиз.
Ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва талабларни бирхиллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Техник жиҳатдан тартибга солиш, сертификатлаш ва божхона маъмуриятчилигидаги тафовутлар билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқлар бўйича “Ўзбекистон – EОИИ” қўшма мувофиқлаштирувчи гуруҳини тузишни таклиф этамиз.
Иккинчи. Саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Машинасозлик, энергетика, агросаноат мажмуи, кимё ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар рўйхатини биргаликда шакллантириш зарур.
Ўзбекистоннинг EТТБга қўшилиши муносабати билан шерикликнинг стратегик йўналишларини биргаликда белгилаб олиш ҳамда устувор инфратузилмавий ва “яшил” лойиҳаларни, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни қамраб олган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Ишончимиз комилки, Банк нафақат молиялаштириш манбаи, балки интеграция лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилиш катализаторига айланиши мумкин.
Учинчи. Рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ниятидамиз.
Рақамли платформаларни, жумладан, электрон тижорат ва рақамли маркировкалашни ўзаро боғлаш бўйича ЕOИК билан “йўл харитаси”ни тайёрлашни таклиф этамиз.
Божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва юк ташишнинг “чоксиз” моделига ўтишни ҳам устувор вазифа сифатида кўряпмиз.
Тўртинчи. Биз ЕОИИнинг биотиббиёт, янги материаллар, агротехнологиялар, энергетика ва робототехника каби йўналишларни қамраб олувчи технологик платформаларига қўшилишдан манфаатдормиз.
Бешинчи. Туризм соҳасида интеграциялашган ахборот ресурсини шакллантиришга ҳам қўшилишга тайёрмиз.
Бундай ёндашув мамлакатларимиз туристик маҳсулотларининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш имконини беради.
Ҳурматли дўстлар!
Ўзбекистон EОИИ билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоридир.
Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга Бирлашмага раислик Қозоғистонга ўтиши муносабати билан муваффақиятлар тилайман.
Барчангизни ва биродар халқларимизни кириб келаётган Янги йил билан яна бир бор самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.








