Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида Н.А.Римский-Корсаков номидаги Санкт-Петербург давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳузурида халқаро мукофотни унинг ҳайъати раиси, Мариинский театри бадиий раҳбари ва бош директори, Россия Катта театри бош директори, дирижёр Валерий Гергиев топширди.
Уч мамлакат етакчилари ушбу нуфузли мукофотга Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун сазовор бўлдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорида таъкидланганидек, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида учта давлат раҳбарлари Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ва Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларациясини имзоладилар ва шу билан халқаро ҳуқуқ устуворлигига асосланган умумий ва баробар хавфсизликни таъминлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшдилар.
Ушбу мукофот инсонпарварлик ғояларига садоқатни ифодалаши ва Марказий Осиёни тинчлик, фаровонлик ҳамда бунёдкорлик маконига айлантириш йўлидаги умумий ҳиссанинг эътирофи экани таъкидланди. Биродар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилиши уч мамлакат халқларининг сиёсий иродаси, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка интилиши туфайли бўлгани қайд этилди.











