Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги (СOP28) нутқи

    Ҳукумат 1 декабр 2023 3273

    Ҳурматли делегация раҳбарлари!

    Бугунги тарихий саммитга таклиф этилганимиз ҳамда анжуманнинг юқори даражада ташкил қилингани учун Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Аъло Ҳазратларига билдирилган самимий миннатдорчилик сўзларига қўшиламан.

    Биз Амирликларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги глобал ташаббуслари ва “яшил” тараққиётга қўшаётган катта ҳиссасини олқишлаймиз.

    Фурсатдан фойдаланиб, Бирлашган Араб Амирликлари халқини Миллий байрами билан чин дилдан қутлайман.

    Ҳурматли саммит иштирокчилари!

    Иқлим муаммолари барқарор ривож-ланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди.

    Бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

    Иқлим ўзгаришининг салбий оқибат-лари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда айниқса жиддий сезилмоқда.

    Минтақамизда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Фавқулодда иссиқ кунлар сони 2 марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми йўқолди.

    Тупроқ емирилиши жараёнлари 30 миллион аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кучли чанг ва қум бўронлари одатий ҳолга айланди. Ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиши каби муаммолар тобора авж олмоқда.

    Бу глобал хавфлар кенг минтақамизда хатарли нуқтага етиб келмоқда.

    Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

    “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифасидир.

    Сўнгги йилларда юртимизда муқобил энергия улуши икки бараварга кўпайди.

    Биз 2030 йилга бориб 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини барпо этамиз. “Яшил” водород ишлаб чиқариш бўйича илк амалий қадамларни ташладик.

    “Яшил макон” ташаббуси доирасида мамлакатимизда 1 миллиард туп кўчат экилмоқда.

    Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этдик.

    Биз Иқлим ўзгаришига қарши фақат бирдамлик ва кенг халқаро ҳамкорлик орқали самарали курашишимиз мумкин.

    Бу борада қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман.

    Биринчидан, Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишиш тарафдоримиз.

    Биз Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасида Адаптация стратегиясини ишлаб чиқмоқдамиз.

    Кеча “Йўқотиш ва зарарлар” жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган муҳим қарорни юксак баҳолаймиз.

    Иккинчидан, глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарур.

    Бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши шарт. Бу муаммони “Катта еттилик ва йигирмалик” форматларида доимий кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

    Учинчидан, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг резолюцияси асосида Оролбўйи ҳудудини экологик офат зонасидан “инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақаси”га айлантирмоқчимиз.

    Бу ерда Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда яқин ҳамкорликка таклиф этаман.

    Тўртинчидан, иқлим ўзгаришига қарши курашда илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш лозим.

    Тошкентдаги “Яшил университет” негизидаги “Иқлим илмий форуми”да давлатларингиз етакчи олим ва экспертларини иштирок этишга чақираман.

    Ер деградацияси, сувдан фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари Форум кун тартибидан жой олади, деб ишонаман.

    Бешинчидан, БМТ билан 2024 йили Ўзбекистонда "Иқлим миграцияси" конференциясини ўтказиш ниятидамиз.

    Халқаро меҳнат ташкилоти билан “Яшил бандлик” дастури”ни ишлаб чиқиш ва Моделлаштириш марказини ташкил этишни таклиф қиламан.

    КОП Ёшлар конференциясини мамлакатимизда юқори даражада ташкил этишга тайёрмиз.

    Ҳурматли дўстлар!

    Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича умумбашарий ғояларга доимо содиқдир.

    Бу эзгу мақсадда келгуси йили Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг алоҳида резолюциясини қабул қилиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлашга чақираман.

    Ишончим комил, бугунги саммитимиз сайёрамизнинг янада барқарор, фаровон ва хавфсиз келажагини таъминлаш йўлида дўст халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилади.

    Эътиборингиз учун раҳмат.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates