Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқи

    Аввало, сиз, азизларни юксак ишончга сазовор бўлиб, Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

    Ассалому алайкум, ҳурматли Сенат аъзолари!

    Қадрли дўстлар!

    Аввало, сиз, азизларни юксак ишончга сазовор бўлиб, Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

    Албатта, сенатор деган ном – юксак ва шарафли мақом, шу билан бирга, улкан масъулият эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

    Сизлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз учун тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт яратиш йўлида бор билим ва тажрибангизни, куч ва салоҳиятингизни ишга солиб, халқимиз ишончини оқлайсиз, деб умид қиламан.

    Кучли рақобат, адолат ва ошкоралик руҳида ўтган сайловлар натижасида бешинчи чақириқ Сенатнинг таркиби сифат жиҳатидан юқори даражада шаклланди. Бугун сизларнинг тимсолингизда кўплаб етакчи соҳа ва тармоқлар вакилларини, таниқли сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан ва маданият намояндаларини кўриб турганимдан хурсандман.

    Сенаторларимизнинг интеллектуал салоҳияти ҳақида гапирганда, уларнинг ҳар 3 нафаридан бири илмий даражага эга эканини алоҳида таъкидлаш керак.

    Эътиборлиси, Сенат аъзоларининг қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари хотин-қизлардир. Бу эса оила, оналик ва болалик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, ижтимоий масалалар бўйича қонунчилик фаолияти ҳамда парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади, албатта.

    Мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар давлатимиз ва жамиятимиз ривожида ҳам, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб бермоқда, десак, тўғри бўлади.

    Янги сайланган маҳаллий Кенгашлар таркиби ва мақомига кўра олдинги ҳолатдан мутлақо фарқ қилади. Уларнинг таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 3 мингдан ортиқ юртдошларимиз илк бор депутат бўлгани ҳам шундан далолат беради.

    Айниқса, маҳаллий Кенгашларда аёл депутатлар улуши 32 фоизга етгани, 30 ёшгача бўлган депутатлар сони 3,5 карра ошиб, 266 нафарни ташкил этгани Сенат фаолиятини янгича ёндашув ва қарашлар асосида ташкил этишда муҳим роль ўйнайди.

    Бугунги мажлисда иштирок этаётган сенаторларнинг аксарияти бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамдир.

    Барчамиз яхши тушунамиз, дунё миқёсидаги вазият мисли кўрилмаган даражада кескин ва мураккаб бўлиб бораётган ҳозирги шароитда юртимиз тинчлиги ва равнақини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам устувор вазифага айланмоқда.

    Буюк шоир ва мутафаккир Паҳлавон Маҳмуд бобомиз айтганларидек, қадимги аждодлар битта тўфон кўрган бўлса, бугун биз мингта тўфон кўрмоқдамиз. Чиндан ҳам, биз дуч келаётган глобал муаммоларнинг ҳар бири битта тўфон эмасми?

    Турли минтақалардаги қонли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқлим ўзгаришлари, иқтисодий инқирозлар, терроризм ва экстремизм таҳдидлари, қочоқлар муаммолари тобора кучайиб бораётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз.

    Мана шундай ғоят таҳликали вазиятда биз фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша оламиз. Ҳурматли сенаторларимиз, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларимиз ана шу ўткир ҳақиқатни, ўз зиммаларидаги улкан масъулиятни чуқур англаб иш олиб борадилар, деб ишонаман.

    Қадрли дўстлар!

    Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган улуғвор вазифаларни амалга оширишда юқори палатанинг аввалги таркиби муносиб ҳисса қўшди. Айниқса, аёллар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларида Сенат алоҳида фаоллик кўрсатди. Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилгани, ижро органларига 1 минг 300 та сўров киритилгани ҳам муҳим ижобий натижадир.

    Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етди. Сенатимиз Осиё хотин-қизлар форуми, Марказий Осиё давлатлари парламентлараро форуми каби йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қилди.

    Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясининг 150-сессияси, яъни юбилей анжумани келгуси йили пойтахтимизда ўтказилиши ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Сенат ушбу нуфузли халқаро форумни ҳам юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга бошчилик қилса, ўйлайманки, айни муддао бўлади.

    Шу ўринда Сенатда давлатлараро келишувлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш бўйича илк бор ижобий амалиёт йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаш жоиз.

    Муҳтарам сенаторлар!

    Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди.

    Яна бир муҳим масала. Илгари сенаторларимиз назорат тадбирларида ёки сайловчилар билан учрашувларда қонунларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ваколатга эга эмас эди. Янгиланган Конституциямизда Сенатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилиши билан масала ўз ечимини топди. Янги сайланган сенаторларимиз бу жараёнларда энди фаол бўладилар, деб ишонаман.

    Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

    Энди, юқори палата ўз фаолиятида тўлиқ ишга солиши лозим бўлган имконият ва йўналишларга тўхталиб ўтсак.

    Конституцияда Сенат ҳудудий вакиллик палатаси экани белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, олдинги чақириқда Сенат маҳаллий Кенгашлар билан мулоқот ва ҳамкорлик борасида фақат дастлабки қадамларни қўйганини тан олиш лозим. Масалан, маҳаллий Кенгашлар 15 дан ортиқ масалалар бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлса-да, уларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш бўйича ягона тартиб ҳалигача ишлаб чиқилмаган.

    Яна бир масала. Маҳаллий Кенгашларга кўп ваколатлар бериб, мақомини анча оширдик. Лекин, афсуски, Кенгаш депутатлари тажриба алмашадиган, малака ва амалий кўникмасини ошириб борадиган тизим йўлга қўйилмади. Ўйлайманки, ушбу масала ҳам Сенатнинг янги таркиби эътиборидан четда қолмайди.

    Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашларнинг энг яхши тажрибаларини бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш, намунали Кенгашларни эътироф этиш ҳам йўлга қўйилса, албатта, ишимизнинг самараси янада ошади.

    Асосий қонунимизга мувофиқ, Сенат 10 дан зиёд юқори мартабали мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитади. Ўтган беш йилда бундай ҳисоботлар 100 мартадан ортиқ эшитилган. Лекин ҳисоботлар кўп ҳолларда чуқур таҳлиллар ўтказмасдан кўриб чиқилмоқда. Масалан, жиноятчилик масаласини олайлик. 2024 йилнинг 9 ойида мамлакатимиз бўйича 45 мингдан зиёд шахс жиноятга қўл урган. Андижон, Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ўғрилик, Навоий, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида фирибгарлик, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик жиноятлари бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ содир этилган.

    Сенат парламент назорати доирасида мавжуд аҳволни пухта таҳлил қилиб, “қизил” ҳудудлардаги вазиятни назоратга олса, бу борада қатъий сўров ўтказса, ўйлайманки, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мумкин.

    Қадрли юртдошлар!

    Сўнгги йилларда кенг кўламли демократик ислоҳотларимиз туфайли Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланиб бормоқда. Мамлакатимиз рейтинги қонун устуворлиги бўйича 8 поғона, электрон ҳукумат бўйича 18 поғона, иқтисодий эркинлик бўйича 49 поғона, логистика ва инновация бўйича 10 поғона юқори кўтарилди.

    Бундай муҳим ютуқларни эътироф этган ҳолда, биз айни вақтда бу йўналишларда ҳали яна кўп иш қилишимиз зарурлигини яхши тушунамиз.

    Бугунги кунда Ўзбекистон нуфузли халқаро минбарлардан катта-катта ташаббусларни илгари сурмоқда. Албатта, уларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, хорижий ва маҳаллий экспертларга етказишда сенаторларимиз фаол бўлишларини барчамиз истаймиз. Аммо, афсуски, уларнинг бу борадаги роли етарли даражада сезилмаяпти. Сенатдаги халқаро ишларга масъул қўмита ҳам ушбу масалада анча суст ишлаяпти. Умид қиламанки, юқори палатамизнинг янги таркиби мазкур йўналишдаги фаолиятини яхшилайди.

    Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

    Бугунги таҳликали замон барчамиздан ўз ишимизни танқидий баҳолаб, уни бутунлай янгича ташкил этишни тақозо этмоқда. Шу муносабат билан Сенат олдида турган долзарб вазифаларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

    Биринчидан, янгиланган Конституциямизда Сенат билан Қонунчилик палатаси ваколатларидаги такрорий ҳолатлар бартараф этилиб, уларнинг ҳар бирига тегишли вазифалар аниқ кўрсатилди.

    Энди Сенат қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиши зарур. Айниқса, қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий Кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

    Эътибор беринг, Кенгашлар депутатлари бу йил фуқаролар билан учрашувларда 22 мингдан ортиқ муаммоларни аниқлаган. Яъни, жойлардаги ҳақиқий аҳволни улар яхши билади. Шундай экан, қонунларни парламент қўмиталарида кўриб чиқишда, вазирлик ва идоралар вакиллари билан эмас, балки маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан кўпроқ иш олиб борилса, албатта адолатдан бўлади. Чунки, ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари ҳисобга олинмаган қонунлар қуйи бўғинда самарали ишламайди.

    Энг муҳими, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш лозим. Қонунлар ижросини таъминлашда маҳаллий ҳокимлик ёки Кенгашнинг имконият ва ресурси қай даражада экани доимо Сенатнинг эътибор марказида бўлиши зарур.

    Иккинчидан, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси бўлиши керак.

    Маҳаллий бошқарувда сифат жиҳатидан янги модель жорий этилаётган ҳозирги вақтда бу айниқса муҳимдир. Хабарингиз бор, энди Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган Кенгаш раислари бошчилик қилади. Биз ушбу сиёсий ислоҳот орқали халқимизнинг 30 йиллик орзусини рўёбга чиқардик, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

    Фурсатдан фойдаланиб, бугунги мажлисда иштирок этаётган ҳудудий Кенгашлар раисларини қутлаб, уларга келгуси фаолиятларида ютуқлар тилайман.

    Бу йил ҳокимларнинг 33 та ваколати Кенгашларга олиб берилди, яна 17 та ваколатни ўтказишни режа қиляпмиз. Мисол учун, ичимлик суви тарифига устама, давлат объектлари ва бозорларда ижара тўловлари каби жами 7 турдаги маҳаллий йиғимлар миқдорини тасдиқлаш ваколати ҳам маҳаллий Кенгашларга ўтказилиши кўзда тутилган.

    Шунингдек, Кенгаш сўрови ва Кенгаш текшируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади. Маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳар ярим йилда қилинган ишлар бўйича матбуот анжуманлари ўтказиш амалиёти йўлга қўйилса, ўйлайманки, бу уларнинг фаолиятида ошкоралик ва ҳисобдорликни кучайтиради.

    Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси мамлакатимизда давлат бошқарувини қуйи бўғинга тушириш, уларни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганидан далолат беради.

    Шу ўринда ғоят муҳим бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. 1992 йилгача мамлакатимизда бир муддат маҳаллий давлат ҳокимиятига икки раҳбар бошчилик қилган ҳолатлар ҳам бўлган. Буни бугунги мажлисда қатнашаётган ёши улуғ инсонлар яхши эслайди. Ўша вақтда айрим раҳбарлар долзарб муаммоларни ҳал қилиб, ҳудудни ривожлантириш ўрнига обрў талашишдан ортмай қолгани ҳам бор гап.

    Яқин ўтмишда йўл қўйилган бундай хатолардан тўғри хулоса чиқаришимиз ва уларни такрорлашга йўл қўймаслигимиз лозим. Умуман, ҳоким ҳам, Кенгаш раиси ҳам, аввало, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли манфаатларини етакчи ўринга қўйиб, бир жамоа бўлиб ишлаши лозим.

    Айни пайтда Конституцияда белгиланганидек, туман, шаҳар ва вилоятлар миқёсида қонун ҳужжатларини сўзсиз ижро этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантириш учун ҳокимлар масъул ва жавобгар эканини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.

    Бу фикрларни сиз, ҳурматли сенаторлар билан учрашувда баён этаётганим бежиз эмас. Чунки, сизлар, бир томондан, маҳаллий Кенгаш депутатисиз, иккинчи томондан, Сенат аъзоси сифатида зиммангизга маҳаллий вакиллик идораларига кўмаклашиш вазифаси ҳам юклатилган.

    Сенат маҳаллий ҳокимлик ва Кенгашлар ҳамжиҳат фаолият юритиши, ўзаро муносабатларини тўғри ташкил этиши учун уларга яқиндан ёрдам бериши лозим.

    2026 йилдан бошлаб туман ва шаҳар Кенгашларига ҳам ҳокимлар раислик қилмайди. Бу ҳам муҳим демократик жараён. Юқори палатамиз бу ислоҳотга ҳам жиддий тайёргарлик кўриши керак.

    Учинчидан, янгиланган Конституция талаби асосида маҳаллий Кенгашлар яқинда ҳокимларни лавозимга тасдиқлашда, уларнинг ҳудудни ривожлантиришга оид дастурларини илк бор кўриб чиқиб, маъқуллади.

    Халқимиз депутатлардан бу дастурлардаги вазифалар ижроси бўйича депутатлик ва Кенгаш назоратини амалга оширишда фаол ва ташаббускор бўлишни кутмоқда.

    Мисол учун, сўнгги беш йилда йўл қурилиши соҳасига 48 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса-да, йўлларнинг 32 фоизи ёки 66 минг километри ҳануз таъмирталаб аҳволда. Ичимлик суви ва канализация тизимига эса 23 триллион сўм маблағ йўналтирилган, лекин 747 та маҳалладаги қарийб 8 миллион аҳоли ҳали ҳам марказлашган тармоққа уланмаган. Марказлашган иситиш қозонларининг 8 фоизи ҳамда иссиқлик тармоқларининг 14 фоизи яроқсиз аҳволда.

    Шаҳар ва шаҳарчаларнинг 826 таси ёки 70 фоизи, қишлоқ аҳоли пунктларининг 5 минг 859 тасида ёки 78 фоизида бош режа йўқ. Оқибатда, жойларда пала-партиш ва ноқонуний қурилишлар кўпайиб бормоқда. Ўтган йили рўйхатдан ўтказилмасдан қурилиш бошланган 1 минг 600 та объект аниқланган бўлса, жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 1 минг 900 тадан ошгани ҳам бунинг далилидир.

    Бу эса маҳаллий Кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинлари, айниқса, туман ва шаҳар бўлинмалари билан жойларда янгича ёндашув асосида ишлашини тақозо этмоқда.

    Азиз дўстлар!

    Маълумки, бюджет муносабатлари соҳасида маҳаллий Кенгашлар жуда катта ваколатларга эга. Биз 2025 йилда ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарларнинг ўзида қолдириш бўйича қарор қабул қиламиз. Бу орқали маҳаллий Кенгашларнинг ушбу соҳадаги роли янада ортади. Натижада 2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари даромади 9,4 триллион сўм ёки 47 фоизга ошади.

    Мисол учун, биргина Хатирчи туманининг бюджетида даромадлар 69,4 миллиард сўм ёки салкам 2 баробар, Бухоро туманида 29 миллиард сўм ёки 1,3 баробарга кўпаяди.

    Бу ислоҳотларимиз туман ва шаҳарлардаги масъул ва мутасадди шахслар ўз ҳудудларидаги муаммоларни мустақил ҳал этиши учун имкониятни тубдан ошириш баробарида маҳаллий Кенгашлардан яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қийнаётган масалалар ечими бўйича асосли ташаббусларни илгари суришни ҳам талаб этади.

    Сенат эса бу йўналишларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тизимли таҳлил қилиб, уларга кўмаклашиб бориши зарур.

    Тўртинчидан, янгиланган Конституциямизда Сенатга маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича катта масъулият юкланган.

    Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу Кенгашлар 34 минг 400 та қарор қабул қилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу қанчалик муҳим вазифа экани яққол аён бўлади. Сенат бу борада очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш бўйича самарали тизим яратиши керак. Бу йўналишда юқори палата ҳузурида яқинда ташкил этилган Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази имкониятларидан унумли фойдаланиш лозим бўлади.

    Бешинчидан, Сенат қўмиталари – юқори палатанинг юраги, ҳаракатлантирувчи кучидир.

    Ҳар бир қўмита жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан ўтган беш йил давомида ўртача 37 тадан назорат-таҳлил тадбири ўтказган. Албатта, бу кўрсаткич ва рақамлар яхши. Лекин назорат тадбирлари кутилган натижа беряптими, улардан кейин жойларда аниқ бир муаммо ўз ечимини топяптими, деган савол сенаторларимизни ўйлантириши керак.

    Шу боис, қўмиталардаги эшитув институти асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Ҳар бир қўмита ўз йўналиши бўйича маҳаллий Кенгашларга кўмаклашиб борса, табиийки, уларнинг фаолияти ҳам сезиларли даражада кучаяди.

    Олтинчидан, биз камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида катта дастурларни амалга оширмоқдамиз.

    Тўрт йил аввал 23 фоиз ёки 7,5 миллион нафар аҳолимизнинг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмас эди. Ўтган даврда 3,5 миллион фуқаро учун даромад олиш имкониятини яратиб, камбағалликни 11 фоизга туширишга эришдик. Келгуси уч йилда уни 7 фоизга туширишни режа қилганмиз.

    Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида келгуси йили бюджетдан 500 миллиард сўм йўналтирамиз. Яна бир янгилик – янги йилдан 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлар, 50 га яқин имтиёзларни ўзида мужассам этадиган ягона “Ижтимоий карта” тизими йўлга қўйилади.

    Даромади ва соғлиғини йўқотиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш кўлами босқичма-босқич кенгайтирилади. Бунинг учун “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги қонун қабул қилинади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш учун ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўлами кенгайтирилади.

    Хабарингиз бор, бугунги кунда имконияти чекланган болаларнинг аксарияти ижтимоий муҳитдан ажралган ҳолда таълим олмоқда. Уларнинг умумтаълим мактабларига қатнаши учун тўсиқсиз муҳит ва зарур шароит яратилади, махсус педагог ва психологлар жалб қилинади.

    Яна бир муҳим масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Жамиятимизда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари учраётганидан хабарим бор. Биз миллий маданиятимизга хос бўлмаган бундай иллатларга қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз ва аёвсиз курашишимиз шарт. Бу масала шахсан Президентнинг назоратида бўлади.

    Шу боис, яқинда боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилинадиган, жисмоний ва руҳий азоб етказиши мумкин бўлган барча ҳолатларда давлат томонидан тегишли ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар кўрилишини қонун билан мустаҳкамлаб қўйдик.

    Прокуратура органлари зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан чораларни янада кучайтириши керак.

    Ана шундай режа ва ташаббусларимизни тўлиқ рўёбга чиқаришда сенаторларнинг иштироки, ҳеч шубҳасиз, жуда муҳим.

    Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш йўналишида миллий кенгаш фаолияти йўлга қўйилиб, Сенат раиси унга раҳбарлик қилиши тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлади.

    Сўнгги беш йилда “Коррупциянинг мавжуд эмаслиги” кўрсаткичида Ўзбекистон 23 поғона юқори кўтарилиб, 2023 йилда 140 та мамлакат орасида 66-ўринни эгаллади ва Марказий Осиё минтақасида бу йўналишда сезиларли ижобий кўрсаткични намойиш этди.

    Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини баҳолаш бўйича “Очиқлик индекси” жорий этилди. Баҳолаш натижаларига кўра, қониқарсиз деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари Миллий кенгаш йиғилишларида эшитиб борилмоқда. Бироқ, бу борада ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам етарли. Ўтган йили коррупцияга оид жиноятлар 12 фоизга камайган бўлса-да, 6 минг 500 нафар шахс коррупцияда айбланиб, жавобгарликка тортилган.

    Умуман, коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент назоратини, бутун жамиятимиз иштирокини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблайман.

    Сенат аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, ёш авлод онгига қонунга ҳурмат, тўғрилик ва ҳалол меҳнат тушунчаларини сингдириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиши керак.

    Саккизинчидан, Сенат томонидан Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини сайлаш тизими йўлга қўйилгани суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

    Шу ўринда бир фикрга урғу бериб айтмоқчиман: Сенатнинг ушбу конституциявий ваколати фақат номзодларни тасдиқлаш билан чекланиб қолмаслиги керак. Юқори палата қўмиталарида номзодларнинг фаолияти билан танишиш ва баҳо бериш, улар ҳақида хулоса билдириш амалиётини йўлга қўйиш зарур.

    Шу билан бирга, судьяларнинг мақоми ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини, суд тизимини молиялаштириш учун маблағлар ажратишда ушбу ҳамжамиятнинг иштирок этиш кафолатларини алоҳида қонунлар билан белгилайдиган вақт келди, деб ҳисоблайман.

    Муҳтарам дўстлар!

    Бугун сизлар билан бирга кун тартибига киритилган ташкилий масала – Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишимиз зарур.

    Конституциямизнинг 101-моддасига мувофиқ, кўпчилик, жумладан, тажрибали сенаторлар билан маслаҳатлашган ҳолда, мен Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига ҳурматли сенаторимиз Танзила Камаловна Норбоева номзодини тақдим этмоқчиман.

    Ушбу номзодни барчангиз яхши танийсиз. Танзила Камаловна давлат ва жамоат бошқарувида бой тажрибага эга. Ўтган даврда унинг Олий Мажлис Сенати Раиси сифатидаги самарали фаолияти натижасида мамлакатимизда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазият сезиларли равишда яхшиланди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари борасида илгари сурилган кўплаб ташаббуслар бугунги кунда ўз натижасини бермоқда.

    Ҳурматли Танзила Камаловна юксак лавозимда сизлар билан яқин ҳамкорликда янада муваффақиятли фаолият кўрсатишига ишонаман.

    Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ҳурматли сенаторимиз Содиқ Солиҳович Сафоев номзодини тавсия этаман.

    Бу раҳбарни мамлакатимизда ва халқаро майдонда танилган йирик дипломат, жамоат арбоби сифатида яхши танийсиз. Содиқ Солиҳовични барчангиз яқиндан билганингиз туфайли у кишининг меҳнат фаолияти ҳақида узоқ тўхталиб ўтирмайман.

    Сенат Раиси ўринбосари лавозимига ҳурматли сенаторимиз Аманбай Тлеубаевич Оринбаев номзодини тавсия этаман.

    Бу инсон халқимизнинг фидойи фарзанди бўлиб, 2022 йил 26 августдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, ўша йилнинг 13 сентябридан бир пайтнинг ўзида Сенат Раиси ўринбосари сифатида ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.

    Аманбай Тлеубаевич кўп йиллар ички ишлар органлари тизимида масъул лавозимларда самарали хизмат қилган. Меҳнат фаолияти давомида ўзини масъулиятли, Ватанга, касбига садоқатли, синовли дамларда одамларни жипслаштира оладиган жонкуяр раҳбар сифатида кўрсатди.

    Сизлардан Аманбай Оринбаев номзодини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман.

    Ҳурматли Сенат аъзолари!

    Сенат Раиси ва унинг ўринбосарлари этиб сайланган Танзила Норбоева, Содиқ Сафоев, Аманбай Оринбаевни бугунги юксак ишонч билан шахсан ўз номимдан ва сизларнинг номингиздан чин қалбимдан табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида ютуқ ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

    Азиз дўстлар!

    Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳаловат кетди”, деган таъсирчан сўзларини кўпчилигингиз ўқигансиз, албатта. Улуғ аждодимизнинг ушбу сўзларида давлатчилик ишига, эл-юрт хизматига бел боғлаган инсон амал қилиши зарур бўлган олий мезон назарда тутилганини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

    Чиндан ҳам, давлат ва халқ хизматчисининг – у сенатор ёки депутат бўладими, ҳоким ёки вазир бўладими – раҳбарлик масъулиятини ўз зиммасига олганидан сўнг беғам-бепарво, лоқайд бўлиб юришга, ҳузур-ҳаловатга берилиб яшашга маънавий ҳаққи йўқ.

    Ўзингиз тасаввур қилинг, 37 миллионлик халқдан фақатгина 65 нафар инсонга сенатор бўлишдек юксак шараф ва бахт насиб этди. Бу улкан ишонч ва масъулиятнинг қадрига етиш, уни ҳалол ва содиқ хизмат билан оқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

    Донишмандлар айтганларидек, виждонан қилинган меҳнатдан – нажот, адолатдан – ютуқ ва зафар ҳосил бўлади.

    Сизлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга муносиб ҳисса қўшасизлар, халқчил ва адолатли қонунлар қабул қилиб, барчага ўрнак бўласизлар, деб тилак билдираман.

    Мен сиз, муҳтарам сенаторлар тимсолида ана шундай катта ишларга қодир, Ўзбекистон олдида турган стратегик вазифаларни чуқур англайдиган, Ватан ва халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган фидойи инсонларни – ўзимнинг энг яқин маслакдошларимни кўраман.

    Сизлар бор билим ва тажрибангиз, куч ва имкониятингизни ишга солиб, мамлакатимиз ҳаётида, Сенат фаолиятида янги, ёрқин саҳифа очасиз, деб ишонаман.

    Ана шундай шарафли йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилайман.


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates