Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 августдаги Фармонига асосан Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» индекси Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар рўйхатига киритилди ва унга масъул давлат органи этиб Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси белгиланди.
Бугунги кунда «Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ» индекси 190 мамлакатни қамраб олган бўлиб, 8 та (Ҳаракатланиш эркинлиги, меҳнат қилиш, меҳнат шароитлари, никоҳ, ота-оналик қилиш, тадбиркорлик, мулкка эгалик қилиш, пенсия) кўрсаткич бўйича мамлакатда эркаклар ва аёлларнинг иқтисодий имкониятлардан фойдаланиш салоҳиятлари ўртасидаги ҳуқуқий тафовутларни баҳолайди.
Ҳар бир кўрсаткич аёлнинг карьерасидаги алоҳида босқични ифодалайди. Методика тадбиркорлар ва ходимлар сифатида аёллар учун ҳуқуқий муҳитнинг осон такрорланадиган ўлчови сифатида ишлаб чиқилган.
Индекс маълумотларни оила, меҳнат ва жиноят қонунчилиги бўйича малакали респондентларнинг фикр-мулоҳазалари асосида янгилаб боради.
Айни вақтда мамлакатимиз Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида 100 баллдан 70,6 балл тўплаб, 120-ўринни эгаллаб турибди.
Мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 2 июндаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари тасдиқланган.
Унга кўра, Ўзбекистон «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида 2022 йилда 88,1 балл тўплаши керак бўлсада, бироқ мамлакатимизнинг айни вақтдаги кўрсаткичи 2020 йилдан буён ўзгармай келяпти.
Қўмита томонидан юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, мамлакатимизнинг қатор рейтинг ва индексларда, шунингдек, Жаҳон Банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида ўрнини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, Жаҳон Банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида 2022 йилги маълумотлар ва баҳолаш методологиясини манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда таҳлил қилиш, ушбу йўналиш бўйича 2021-2022 йиллар давомида қабул қилинган НХХни инвентаризациядан ўтказиш, маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш масалалари муҳимлигига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.