Халқимиз маънавий қудратининг манбаи

    Ҳукумат 31 август 2021 9536

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументи очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

    Муҳтарам ватандошлар!

    Бугун барчамиз, кўпмиллатли бутун халқимиз жонажон Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик қутлуғ байрамининг қувончи ва шукуҳи билан яшамоқдамиз.

    Азал-азалдан обод шаҳар ва қишлоқлар, боғу роғлар, бетакрор маданий обидалар бунёдкори сифатида шуҳрат қозонган меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз пандемия ва глобал иқтисодий инқироз таъсирига қарамасдан, ушбу тарихий санани муносиб меҳнат зафарлари, улкан ютуқ ва ғалабалар билан кутиб олмоқда.

    Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янги-янги корхоналар, замонавий уй-жойлар, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, равон йўл ва кўприклар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.

    Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилашга қаратилган ўнлаб йирик лойиҳалар, ижтимоий дастурлар амалга оширилмоқда.

    Айни дақиқаларда барчамиз яна бир тарихий воқеа, яъни истиқлолимизнинг шонли санасига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг тантанали очилиш маросимига тўпланиб турибмиз.

    Ёдингизда бўлса, биз май ойида кенг жамоатчилик билан бирга яхши ният билан боғ ҳудудида дастлабки ниҳолларни экиб, мажмуага тамал тоши қўйган эдик.

    Бугун эзгу орзу-интилишларимиз ижобат бўлиб, қисқа муддатда халқимиз, бунёдкор ватандошларимизнинг азму шижоати билан мана шу улкан майдонда муаззам боғ ва ёдгорлик комплексини барпо этишга эришдик.

    Биз тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар, нуронийлар ва ёшларимиз билан маслаҳатлашиб, “Янги Ўзбекистон” мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимларига алоҳида эътибор қаратдик.

    Агар юқоридан назар ташласангиз, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу эса, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини рамзий маънода ифода этади.

    Бу гўзал боғда пойтахтимиз аҳолиси, Тошкент вилояти ва барча ҳудудларимиздан, хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, оиласи, фарзандлари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча замонавий шароитлар яратилмоқда.

    Бу ерда сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари барпо этилди ва этилмоқда.

    Мажмуа ҳудудидаги манзарали ноёб дарахтлар, гул-чечаклар одамнинг баҳри дилини очади, барчамизни табиат билан ошно бўлиб, уйғун бўлиб яшашга даъват этади.

    Мажмуа ёнида энг илғор технологиялар ва замонавий андозалар асосида Олимпия шаҳарчаси бунёд этилади. Бу ерда 2025 йили мамлакатимиз мезбонлик қиладиган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларининг асосий мусобақалари ўтказилади.

    Бундан ташқари, ушбу ҳудудда замонавий олий таълим муассасаси, тиббиёт клиникалари, халқаро кўргазма марказлари ва бошқа объектлардан иборат бутун бир янги шаҳарча қурилмоқда.

    Энг муҳими, барчангиз кўриб турганингиздек, боғнинг марказий қисмида, таъбир жоиз бўлса, унинг юрагида ўхшаши йўқ муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи барпо этилди.

    Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини кенг нишонлаяпмиз. Лекин, аслида, Ўзбекистон ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи 3 минг йилдан зиёд даврни ташкил этади.

    Бу жаҳон фанида эътироф этилган илмий ҳақиқатдир. Ушбу монументни яратишда ана шу концептуал ғояни ёрқин ифода этишга ҳаракат қилдик.

    Маълумки, эл-юртимиз ўзининг қадимий ўтмиши давомида қанча-қанча унутилмас воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган. Лекин бир ҳақиқатни таъкидлаш керакки, Ватанимиз ҳудудида мавжуд бўлган ҳар бир давлатчилик тузуми, ҳар қандай ижтимоий жараён – у ғалаба ёки мағлубият бўладими, юксалиш ёки таназзул бўладими – барча-барчаси халқимиз босиб ўтган мураккаб тарихий йўлнинг узвий ва ажралмас қисмидир. Шунинг учун ҳам биз тарихимизнинг барча босқичларини яхлит ҳолда қабул қилиб, ҳар томонлама чуқур ўрганишимиз зарур.

    Ўтмишдаги ютуқ ва ғалабаларидан куч-қувват олиб, хато ва мағлубиятларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшайдиган халқ ўзининг тараққиёт йўли ва келажагини тўғри белгилай олади.

    Шу сабабли биз ушбу ёдгорлик тимсолида Ўзбекистонимизнинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар юз берган энг муҳим воқеаларни муҳрлашга қарор қилдик. Бой ва бетакрор меросимиз, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймоларини акс эттиришга интилдик.

    Ўзбекистоннинг собиқ мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёти, қатағон сиёсати, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорат ва матонати таъсирчан лавҳаларда ўз ифодасини топди. Ғоят қийин ва мураккаб шароитда республикамиз равнақини, халқимизнинг тинчлиги ва омонлигини ўйлаб, ўзини аямасдан хизмат қилган атоқли давлат арбобларимиз фаолияти ҳам атрофлича ёритилди.

    Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлини акс эттириш эътибор марказига қўйилди.

    Бу бетакрор ёдгорлик юртимизда янги Ўзбекистонни – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси билан уйғун ҳолда барпо қилингани айниқса аҳамиятлидир.

    Улуғвор Мустақиллик монументи тимсолида биз тарих, бугунги замон ва келажак тушунчаларини ўзаро уйғун ҳолда намоён этишга алоҳида эътибор қаратдик.

    Миллий давлатчилигимизнинг рамзи бўлган Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг мовий гумбази, юлдузлар оламига қараб юксалган Мирзо Улуғбек расадхонаси, дунё илм-фани ва цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир боболаримизнинг энг нодир илмий кашфиётлари ўзининг бор маҳобати ва шукуҳи билан кўз олдимизда яққол намоён бўлиб турибди.

    Тинчлик ва эркинлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли бўлган, кўкда мағрур парвоз қилаётган Ҳумо қуши тасвири монументнинг энг юқори қисмида – бамисоли унинг гултожи бўлиб ўрин эгаллади.

    Бир сўз билан айтганда, Мустақиллик монументи она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида сифатида қад ростлади.

    Монумент пойига битилган: “Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда” деган чуқур маъноли сўзлар ота-боболаримиз хотирасига бугунги авлодларнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромини англатади.

    Мана шундай ишларимизнинг давоми сифатида “Янги Ўзбекистон” боғига яқин ҳудудда замонавий халқаро аэропорт қурилмоқда.

    Келгусида хориждан ташриф буюрадиган юксак мартабали меҳмонлар аввало мана шу монументни зиёрат қилиб, халқимиз ва давлатимизга ҳурмат бажо келтиради.

    Бундан буён Наврўз, Мустақиллик каби қутлуғ байрамларимиз, катта оммавий давлат тадбирларини, турли сайил-томошаларни барча замонавий шароитларга эга бўлган шу гўзал масканда ўтказамиз.

    Айтиш керакки, бугун қалбларимизда чексиз қувонч ва ҳайрат уйғотаётган “Янги Ўзбекистон” боғини қисқа вақт ичида, айниқса, пандемия шароитида барпо этиш осон бўлгани йўқ. Лекин, барча қийинчиликларга қарамасдан, қўли гул қурувчи ва меъморлар, муҳандис ва боғбонлар, моҳир ҳайкалтарош ва рассомлар, турли соҳа мутахассислари, раҳбар ва етакчилар, азамат ёшларимиз туну кун фидокорона меҳнат қилиб, ушбу бетакрор мажмуани эл-юртимизга байрам совғаси сифатида тортиқ этдилар.

    Фурсатдан фойдаланиб, бу том маънодаги тарихий ишга ҳисса қўшган барча юртдошларимизга, чет эллик ҳамкорларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз.

    Ҳеч шубҳасиз, ушбу мажмуа халқимиз, аввало, ёш авлодимиз учун Ватанга муҳаббат ва садоқат тимсолига, қутлуғ зиёратгоҳ, ўзига хос ноёб маданият ва маърифат, тарбия марказига айланиб қолади.

    Бу ерга қадам қўйган ҳар бир инсон нафақат яйраб ҳордиқ чиқаради, балки аввало ўзи учун беқиёс ибрат, маънавий куч олади, деб ишонаман.

    “Янги Ўзбекистон” боғи, Мустақиллик мажмуаси ҳаммамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин!

    Юртимизда мана шундай гўзал ва бетакрор масканлар янада кўпайсин!

    Мана шундай улуғ ишлар бунёдкори бўлган мард ва танти, меҳнаткаш халқимиз доимо омон бўлсин!

    Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

    Эътиборингиз учун раҳмат.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates