Хорижий давлат элчилари Президент мактаби фаолияти билан танишди

    Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан Тошкент шаҳридаги Президент мактабида хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Учрашув доирасида ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантлар жалб қилиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан муҳокама олиб борилди.

    Мазкур таништирув учрашувида Германия, Ҳиндистон, Швецария, Туркия, Латвия, Италия, Корея давлатлари элчилари ҳамда KOICA, Unicef вa UNESCO ташкилоти вакиллари иштирок этиб, мактаб фаолияти, шарт-шароитлари билан яқиндан танишди.

    Др. Тило Кленер, Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

    — Президент мактаблари фаолияти ниҳоятда муҳим лойиҳа ва мен бугунги ташрифим давомида мактабдаги таълим тизими, имкониятлари ҳақиқатда юқори даражада эканлигига амин бўлдим.

    Шунингдек,“Янги Ўзбекистон” университети Германиянинг энг нуфузли университетларидан бири бўлган Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда иш олиб боради. Aниқ айта оламан-ки, бу Университет нафақат Ўзбекистон ёшлари учун ўзига хос имконият, балки икки давлатнинг дўстона ҳамкорлиги намунаси ҳамдир. Ушбу ҳамкорликдан умидимиз катта!

    Др. Олган Бекар, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

    — Президент мактаблари жуда яхши лойиҳа. Мазкур таълим даргоҳи юртингиздаги иқтидорларни кашф этишда ҳамда уларни жамият тараққиёти учун фойдали кадрлар қилиб етиштиришда муҳим рол ўйнайди. Биз ҳам Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, келажакда бу борада икки томонлама лойиҳалар ишлаб чиқишга алоҳида аҳамият берамиз. Aйтиш мумкинки, бу мактаб менда чуқур таассурот қолдирди. Мен бу мактаблар лойиҳасига меҳнати сингган жамоага алоҳида ташаккур изҳор этмоқчиман.

    Мунир Мамедзаде, Unicef ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

    — Бундай юксак даражадаги мактабларнинг нафақат мамлакат пойтахтида, балки барча ҳудудлар марказида ташкил этилиши қувонарли ҳодисадир. Бу ердаги таълим сифати ўқувчиларга бугунги меҳнат бозорида қадрланадиган касб эгалари бўлиб етишишларига ёрдам беради. Президент мактабларининг хусусий шаклда бўлмай, балки давлат томонидан қўллаб-қувватланиши алоҳида аҳамиятга эга. Президент мактаблари тажрибасининг кейинчалик мамлакатдаги барча мактабларга жорий этилиши кўзда тутилган. Мен бугунги учрашувдан жуда катта таассурот олдим. Умид қиламан-ки, бу турдаги мактаблар таҳсил олувчилари янги-янги мувафаққиятларни қўлга киритишда давом этади.

    Маниш Прабҳат, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

    — Президент мактабидаги шарт-шароитлар ва замонавий жиҳозланган синфхоналар менда алоҳида таассурот уйғотди. Бироқ, мени ҳайратга солгани бу айниқса ушбу мактаб ўқувчилари бўлди. Уларнинг билим-салоҳияти, ўзига ишончи ва фикрини аниқ тушунтира олиш маҳорати мазкур мактабда олиб борилган таълим тизимининг ниҳоятда тўғри ташкил этилганлигини кўрсатади. Ушбу Президент мактабларини республикадаги энг намунавий мактаблардан деб ишонч билан айтишим мумкин.

    Константин Оболенский, Швецариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

    — Президент мактаблари иқтидорли ўқувчилари ва чиройли биноси билан менда алоҳида таассурот қолдирди. Таълим — тараққиётнинг асосидир. Бугунги кунда илмга асосланган таълим билан бир қаторда техник таълим ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир жамият замонавий технологияларга ва яхши кадрларга, бу борада эса шубҳасиз сифатли таълимга эҳтиёж сезади. Швецария мазкур соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларига эга. Ҳудудларда ҳам Президент мактабларининг ташкил этилиши, биринчи навбатда халққа — одамларга яқинроқ бориш ва бутун мамлакат бўйлаб истеъдодларни топишга ёрдам беради.

    Aлександрос Макаригакис, UNESCOнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари:

    — Президент мактабидаги биринчи ташрифим чин маънода эсда қоларли бўлди. Мактабдаги ўқитиш тизими халқаро стандартларга мос ташкил этилганлигига гувоҳ бўлдим. Хусусан, ўқувчиларни мантиқий фикрлашига қаратилган дарслар ташкил этилгани бу ўринда жуда аҳамиятли. Шу билан бирга, математикани чуқурлаштириб ўқитилиши, ушбу фанга қизиқишни янада рағбатлантирилиши мени қувонтирди. Умуман олганда, Президент мактабининг замонавий касбларга йўналганлиги ва халқаро тажрибага асосланганлиги ушбу мактабнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates