Янги ўқув йилидан инглиз тили ҳамда информатика фани Кембриж дарсликлари ва методикаси бўйича ўқитилади

    Таълим 6 май 2022 2899

    Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева маълум қилди.

    Маълум қилинишича, 2021/2022 ўқув йили учун 1-, 2-синфларда 154 нафар муаллифлар иштирокида 326 номда замонавий ўқув-методик адабиётлар яратилди. Илк маротаба барча фанлар учун ўқитувчи китоби, бошланғич синфларда машқ дафтари ва мобил иловалар тайёрланмоқда.

    Жорий йилда дарсликларни яратишга 605 миллиард сўм ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар янги ўқув йилида 3-, 6-, 7-, 11-синфларда барча дарсликларни янгилашга, жами 422 номда ўқув адабиётларини тайёрлашга сафарбар қилинади.

    Шунингдек, давлат раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон мактаб таълимида илк маротаба хориждан энг яхши ўқув адабиётларни мактаблар учун адаптация қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Янги ўқув йилидан бошлаб 1-11 синфларда инглиз тили ҳамда 5-11 синфларда Информатика фани Кембриж дарсликлари ва методикаси бўйича ўқитилади. УСАИД халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа доирасида жами 46 номдаги ўқув адабиётлари Ўзбекистонга мослаштирилди, таржима қилинди ҳамда тажриба-синовдан ўтказилди.

    Шунингдек, миллий синфлар учун 2-11 синф рус тили дарсликлари ҳамда ўқитувчи китоби, машқ дафтарлари, жами 20 номдаги адабиётларнинг оригинал макет лойиҳаси Гертсен Россия давлат педагогика университети билан тайёрланди. Шунингдек, немис тили ўқитиладиган синфларда жорий йилда Германиянинг “Клетт» нашриётининг 28 номдаги Немис тили дарсликлари амалиётга киритилади. Шунингдек, бугунги кунда Франция билан ҳам француз тилини ўргатувчи энг илғор дарслик мажмуаларини олиб келиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

    Янги ўқув йили учун ўқув-мажмуаларни тайёрлашга жами 235 нафар муаллиф жалб этилган бўлиб, муаллифлар жамоасининг 133 нафари, яъни 56 % ини амалиётчи ўқитувчилар ташкил қилади. Бу эса илмий ҳамда амалий асосга эга ўқув дастурлари, дастури асосида ўқувчи ёшига мос, амалиёт билан боғланган дарсликлар яратиш имконини бермоқда.

    2022-2023-ўқув йили учун умумтаълим мактабларига жорий этиладиган 422 номдаги ўқув-мажмуасининг 249 таси дарслик, 26 таси машқ дафтари, 147 таси ўқитувчилар учун методик қўлланмалар саналади.

    Дарсликлар шакл ва мазмун жиҳатидан бутунлай ўзгарган ва бу ўзгаришларда халқаро миқёсда тан олинган ривожланган давлатлар дарсликларининг ютуқлари ва ХХИ аср меҳнат бозори учун эгалланиши зарур бўлган кўникмаларни инобатга олинган. Энг муҳими, мактабларимизга янги дарсликлар орқали янги методика – ўқитиш ёндашуви кириб бормоқда. У жамиятдаги айни пайтдаги ўзгаришлар, меҳнат бозори, ўқувчининг қизиқишлари, когнитив ривожланишини ҳисобга олгани билан ўзига хосдир.

    Масалан, Тарих дарсликларида формацион ёндашувдан сивилизацион ёндашувга ўтилди. Натижада, ўқувчи «нима? қачон? қаерда?» саволларидан кўра, «нега? қандай қилиб? нима сабабдан?» каби саволлар атрофида мушоҳада қилади. Математикада эса арифметик амаллардан кўра, ўқувчида мантиқий тафаккурни ривожлантириш методикасига ўтилмоқда. Натижада, ўқувчи олган билимларини ҳаётий вазиятлар билан боғлай олади.

    Она тили ва ўқиш саводхонлигида мулоқот кўникмаларини ривожлантириш мақсад қилинди, яъни аксарият грамматик мавзулар ўрнини ҳаётимизда кўп учрайдиган нутқий вазиятлар учун зарур билим ва кўникмаларни ўқитиш амалиёти эгалламоқда. Тасвирий санъат дарсликлари билан эса энди ўқувчилар компьютер графикасида ишлашни ўрганадилар. Улар Информатика фанида ҳам олган билимларни уйғунлаштирган ҳолда, мактаб партасидаёқ рақамли санъат яратиш кўникмасини эгаллайди.

    Табиий фанлар, Биология, Кимё, Физика фанларида Лаборатория, Кузатув, Муаммога ечим топиш, Лойиҳаларни амалга ошириш, Намойиш қилиш каби ўқувчида тадқиқотчилик, олимлик хусусиятларини ривожлантирувчи методикалар жорий қилинмоқда.

    Қардош тильда таълим олувчи синфларнинг Адабиёт фани дастурларида ўзбек адабиёти вакилларини ўрганиш улуши 40 фоизгача ошди. Мисол учун, «Литература» фани учун ўқув дастурига ҳамда дарслигига илк бор ўзбек ёзувчиларининг асарлари киритилди. 6,-7,- ҳамда 10-синфлар учун тайёрланган янги дарслик 40% ўзбек, 40% рус ва 20 % жаҳон адабиёти намуналари ва асарларидан ташкил топди. Энди «Литература» фанида рус адиблари билан биргаликда Алишер Навоий, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ўткир Ҳошимов, Одил Ёқубов каби ўзбек адабиётининг машҳур вакилларининг асарлари ўқитилади.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳукуматимиз қўллаб-қувватлаши билан бугун Халқ таълими тизимида таълим мазмунида амалга оширилаётган ўзгаришлар, яратилаётган замонавий дастур ва дарсликлар кейинги 10 йилликда ҳаётий кўникмалар, меҳнат бозори талаблари асосида улғайган, ҳаётга тайёр ўқувчи ёшларнинг вояга етишига хизмат қилади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates