Ёшларни қўллаб-қувватлаш учун конститутциявий асосга эга замин яратилмоқда

    Ўзбекистонда “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар трансформацияси, давлатчилик концепцияси, мамлакат бош ғояси ва мафкурасида туб ўзгаришлар кузатилмоқда.

    Ўтган олти йилда давлатчилик тузилмаси, давлат хизмати концепцияси тубдан ўзгарди. Мамлакатда ислоҳотлар “инсон — жамият — давлат” тамойили асосида йўлга қўйилди, яъни инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати барча ислоҳотлар марказига олиб чиқилди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакат Асосий қонунида янги меъёрларни акс эттириш заруратини юзага чиқаради.

    Бугун халқимиз конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол фуқаролик позициясини намоён қилиб келяпти. Конституция моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан кўплаб таклифларни илгари сурмоқда. Билдирилган таклифларга овоз бериб, жараён юзасидан ўз қараш ва муносабатларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали билдириб келяпти. Айни фаоллик фуқаровий онг ва сиёсий-ҳуқуқий саводхонликнинг ошганини кўрсатмоқда. Бу эса мамлакатда фуқаролик жамиятини кучайтириш ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида қўлланилган чора-тадбирларнинг амалий ­ифодасидир.

    Конституциявий ислоҳотлар жараёнида энг кўп фаолликни айнан ёшлар кўрсатаётгани жуда қувонарли. Ёшлар вакили сифатида бу фаолликни Президентнинг ёшларга бўлган юксак ишончи ва бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган вертикал тизим яратилгани, фаол фуқаролик позиция ва қатъий ҳаётий қарашларга эга ёш лидерларни етиштиришга қаратилган манзилли ишлар натижаси, деб ишонч билан айтиш мумкин.

    Янгиланаётган Конституциямизда Ўзбекис­тон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат экани белгилаб қўйилмоқда. Бу эса юртимизда аҳолининг барча қатламлари, хусусан, болалар, ўсмирлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур шароитлар яратилишини ­англатади.

    Шунингдек, Асосий қонунимизда таълим, илм-фан, миллатни ва хусусан, ёшларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг аниқ конституциявий механизмлари назарда тутилмоқда. Бу, жумладан, давлат мактабгача таълим-тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқи кафолатланиши каби жиҳатларда ўз аксини топади.

    Бу, албатта, ёш авлод учун мактабгача таълим тизимидан бошлаб узлуксиз таълимни таъминлаш, таълим сифати, касбга йўналтириш ва ўргатиш, касб танлаши, муносиб меҳнат ­шароитларида ишлаши учун замин яратади.

    Сўнгги йилларда Президентимизнинг шахсий ташаббуси билан юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, истеъдодини намоён қилиш ва қўллаб-қувватлаш, ижти­моий ҳимоясини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бу йўналишда кўрилган тизимли чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият, бизнинг хорижий ҳамкорларимиз, яқин-йироқ мамлакатлардаги ёшлар сиёсатига масъул давлат ташкилотлари раҳбарларининг диққати ва ўрганишлари марказида бўлиб келяпти ҳамда юксак эътироф этилмоқда.

    Кўп мамлакатлар Конституциясида ёшлар сиёсатининг асосий қоида ва тамойиллари акс этгани кузатилади. Жумладан, Бразилия ва Туркия Конституциясида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига алоҳида боб ажратилган. Шунингдек, бир қатор ривожланган давлатлар Конс­титуциясида ёшларнинг таълим олиши, саломатлиги, маънавий, интеллектуал, жисмоний ривожланиши кафолатлари, ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликлари ҳимояси, ижтимоий-сиёсий иштирокини таъминлаш масалалари алоҳида моддаларда белгиланган.

    Бизда ҳам шундай сиёсат олиб борилмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси энг муҳим йўналишларидан бири интеллектуал ривожланган ёш авлодни тарбиялаш ҳисобланади. Янги Ўзбекистонга хос ва мос янги Конституцияни қабул қилиш, бу — тарих, бугун ва келажакни бир ҳаракат, бир нафас, бир овозга жамлаш дегани. Зеро, биз кечаги ва бугунги тажрибага таяниб, келажагимиз учун янги йўналиш, янги марраларни белгилаяпмиз.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Янги ­Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар билан тизимли ва манзилли ишлаш борасида катта амалий тажриба тўпланди ва бу залварли ва хайрли йўлни, ёшларга бўлган эътиборни Конституциямизда мустаҳкамлаш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Мазкур масала умумхалқ референдуми орқали ҳал этилиши эса жараёнда ҳар бир фуқаронинг иштирок этишини, уларнинг “Менинг Конституциям” деб айта олишини таъминлайди.

    Дилнозахон КАТТАХОНОВА,

    Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари,

    сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates