Ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, улар муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратиш, бу борада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни доимий иш билан банд қилиш, қўшимча даромад олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қуйидаги тартиб жорий қилинсин, унга мувофиқ:
а) 2021 йил 1 майдан бошлаб:
2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади;
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади;
“Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловларидан 1-иловага мувофиқ имтиёзлар тақдим этилади;
б) 2021 йил 1 июндан бошлаб:
“Ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача бўлган миқдори “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади;
профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади.
2. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) икки ҳафта муддатда ўзи, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандлари ёки эри (хотини) профессионал таълим муассасаларида таълим олиши учун йўналтириладиган солиқ тўловчининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммасини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Белгилансинки, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида:
а) 2021 йил 1 июндан бошлаб:
АТ “Халқ банки”, АТ “Алоқа банк” ва “Микрокредитбанк” АТБ томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаган) харидлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади. Бунда, истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловлари Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;
“Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;
хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига олти ойдан ошмаган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача бўлган қисми мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;
б) 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда:
ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим;
ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун қоплаб берилади;
олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.
4. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норкулов) билан биргаликда:
тиббиёт муассасаларидаги самарасиз ҳамда кўп йиллардан буён фойдаланилмаётган лавозимлар ўрнига ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган “тиббиёт бригадалари”ни ташкил қилиш ҳамда ижтимоий ходимлар фаолиятини кенгайтириш учун 20 мингта қўшимча штат бирликларини ажратсин;
бир ой муддатда тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. АТ “Халқ банки”нинг ҳудудларда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни бизнесга тайёрлаш, маслаҳат бериш ва бандлигини таъминлаш мақсадида “Юз минг тадбиркор хотин-қизлар” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда лойиҳа доирасида қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, ихтисослашуви ва бошқа хусусиятларини инобатга олиб, қиймати 33 миллион сўмгача бўлган тайёр бизнес-режалар банкини яратиш;
ўттиз ёшгача бўлган хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, мос йўналишлар бўйича (ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик ва бошқалар) малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва ўқув тренингларни ташкил этиш.
6. Ёшлар ишлари агентлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилсин ва унинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлансин.
7. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) 2021 йилда:
мазкур Фармонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан қўшимча равишда 100 миллиард сўм;
олий таълим муассасалари талабалари турар жой ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳисоб-китобларига мувофиқ Давлат бюджетидан қўшимча равишда маблағлар ажратсин ҳамда келгуси йил бюджет параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутсин.
8. Белгилансинки, 2021 йил 1 майдан бошлаб:
деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патронажга олиш тизими жорий қилинади. Бунда, сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан “устоз-шогирд” тамойили асосида ёшларга ажратилган ер участкаларини ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, ерлар ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган маҳсулотни реализация қилиш ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилади;
“Ёшлар дафтари”га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармалари ҳисобидан уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.
Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М.Ғаниев), Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.А.Хаитов) бир ҳафта муддатда уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун субсидия олишга эҳтиёжи бор ёшларнинг рўйхатини шакллантирсин ва уларга субсидия ажратиш чораларини кўрсин.
9. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М.Садиков) билан биргаликда икки ой муддатда Давлат бюджетидан тўланадиган субсидиялар, компенсациялар ва бошқа имтиёзларни ажратишнинг ошкоралигини таъминлаш, мазкур жараёнда бюрократия ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, фуқароларга юзага келган муаммолар тўғрисида бевосита масъул мансабдор шахсларга хабар бериш имкониятини яратиш мақсадида махсус электрон платформани ишлаб чиқсин ҳамда унинг лозим даражада ва узлуксиз ишлаши учун зарур чораларни кўрсин.
10. Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев) 2021 йил 1 июндан бошлаб ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқиши ва билимларини оширишга оид сифатли кўрсатув ва китоблар яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан рейтинги юқори деб баҳоланган республика миқёсидаги 3 та телеканалдан томошабинлар учун қулай бўлган пайтни инобатга олиб, эфир вақтини сотиб олиш;
бизнес юритиш ва унда муваффақиятга эришиш йўллари бўйича сифатли видеомаҳсулотларнинг шартнома асосида тайёрланишини таъминлаш ҳамда уларни сотиб олинган эфир вақтида намойиш этиш;
ёшларга амалий қўлланма сифатида фойдаланиш учун бизнес юритиш ва унда муваффақиятга эришиш йўллари, тадбиркорлик фаолияти давомида яхши натижаларга эришиш йўлидаги ютуқ ва хавф-хатарлар ҳақида оммабоп китобларни нашр этишни ташкил қилсин.
Белгилансинки, мазкур бандда кўрсатилган тадбирлар Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
11. Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев) “Ўзбекистон учун 100 та ғоя” лойиҳасини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда лойиҳа доирасида Ёшлар ишлари агентлиги маблағлари ҳисобидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта ташаббус лойиҳа офиси” нодавлат нотижорат ташкилотига – биринчи босқичда 1 миллиард сўм маблағларни
икки ҳафта муддатда, кейинги босқичларда лойиҳанинг смета ҳужжатларига кўра, бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб молиялаштириш чораларини кўрсин.
12. 2021 йил 1 июндан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) давлат олий таълим муассасаларига 10 тагача маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилади;
б) давлат олий таълим муассасалари ректорлари томонидан:
бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган уюшмаган ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш,
шу жумладан, уларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб қилиш чоралари кўрилади;
талабалар ётоқхоналарида, маданият марказларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этиш, очиқ давра суҳбатлари ва маданий тадбирлар ўтказиш амалиёти жорий қилинади.
13. Қуйидагилар:
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Б.Воитов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М.Бобоев) билан биргаликда бир ҳафта муддатда республиканинг барча туман (шаҳар)ларида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини;
Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) икки ой муддатда мазкур Фармондан келиб чиқиб, 2021 йилда Давлат бюджетининг қўшимча харажатларини ҳамда даромад йўқотишларини қоплаш мақсадида мос миқдорда Давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш ва қўшимча даромадлар манбалари бўйича аниқ таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х.Шерматов), Туризм ва спорт вазирлиги (А.А.Абдухакимов) ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ филиалларини ташкил этиш, марказларда замонавий тўгаракларни очиш, уларни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда умумий ўрта таълим муассасаларининг спорт заллари ва майдонларида тўгараклар очиш;
ёзги таътил даврида ёшлар ўртасида маҳаллалар, секторлар ва туманлар миқёсида спорт ҳамда ҳарбий ватанпарварлик мусобақаларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
Белгилансинки, мазкур бандда кўрсатилган тадбирлар маҳаллий бюджет маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
15. 2021 йилнинг якунига қадар Қашқадарё вилоятида эксперимент тариқасида маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда мусиқа фани ўқитувчиларига қуйидагиларни назарда тутган ҳолда уй шароитида ёшлар учун мусиқа тўгаракларини ташкил этишга рухсат берилсин:
ушбу тўгаракларни ташкил этган шахслар маданият марказлари томонидан нота, мусиқага оид адабиётлар билан таъминланади ҳамда уларга ташкилий ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатилади;
тўгаракларда таълим олганлик учун тўлов маҳаллий бюджет маблағлари ва ўқувчилар томонидан тўланади.
Бунда, тўгараклар ташкил этган шахсларнинг иш ҳақи тўловлари маданият марказлари учун белгиланган миқдорлардаги бадал тўловлари ва етмаган қисмида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлаб берилади.
Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков) Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (З.Т.Мирзаев) билан биргаликда ушбу тажрибанинг Қашқадарё вилоятида амалга оширилишини ташкил этсин ҳамда унинг самарадорлигидан келиб чиқиб республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича 2021 йил 31 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
16. Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев) билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент шаҳрининг жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган туман ва маҳаллаларида ёшлар билан ишлашнинг “намунали тажриба”сини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий қилсин. Бунда, қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:
тарбияси оғир ёшларни аниқлаш, улар билан яқиндан ишлаш, ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, ёшлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини ташкил этиш;
ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оила фарзандлари, назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга мойиллиги бўлган ва профилактик ҳисобда турган ёшлар билан якка тартибда ишлаш;
ёшлар билан индивидуал ишлаш, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёш кадрлар захирасини шакллантириш.
Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) ва Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев) “намунали тажриба” натижаларидан келиб чиқиб унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг қолган барча туманларида татбиқ этилишини ташкил этсин.
17. Ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ва бандлигига кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилсин.
18. Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З.Саъдуллаев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.Хусанов ҳамда молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.
Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва Б.А.Мусаев зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги тўғрисида 2021 йилнинг 1 сентябрь ва 31 декабрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 20 апрель