Ёт ғоя таъсирига тушиб қолган шахсларда соғлом диний қарашлар қандай шакллантирилади?

    Хорижга меҳнат қилиш, таълим олиш ва бошқа мақсадларда кетаётган фуқаролар билан хориждаги диний экстремистик ташкилотларнинг ёт ғояларидан огоҳ этиш, миссионерлик гуруҳларнинг ғоялари таъсирига тушиб қолмаслик ҳамда юртимиздаги ислом динининг анъанавий ҳанафий мазҳаби асосида ибодатларни амалга ошириш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат ҳисобланади.

    Таҳлилларга эътибор берсак, ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 2357 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритмоқда. Хусусан, мамлакатимизда 2159 таси мусулмон ташкилоти қаторида 197 та ноисломий диний ташкилотлар расмий фаолият кўрсатмоқда. Тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ноисломий диний ташкилотларнинг 179 таси христианлик ташкилоти, 8 таси яҳудийлик жамоаси, 7 та Баҳоийлик, 1 та Кришначилик жамияти ва 1 та буддавийлик ибодатхонаси, шунингдек, конфессиялараро Ўзбекистон Библия жамияти ҳисобланади.

    Сўнгги етти йилни оладиган бўлсак, республика бўйича жами 117 та диний ташкилот, шу жумладан 2 та олий ва битта ўрта махсус ислом билим юрти, 91 та масжид ҳамда 23 та етти хил турли конфессияга тааллуқли бўлган ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

    Алоҳида эътироф этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг махсус топшириғига кўра, можароли ҳудудлардан (Сурия, Ироқ, Афғонистон.) Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариш бўйича “Меҳр” инсонпарварлик тадбирлари амалга оширилди.

    Мазкур дастурлар доирасида мамлакатга олиб келинган 531 нафар фуқаро билан амалга оширилган тадбирлар тизимли ташкил этилган бўлиб, ушбу шахсларга, тиббий ёрдам, психологик кўмак кўрсатилди, шахсий ҳужжатлари тиклаб берилди, уларнинг бандлигини таъминлаш, шу билан бирга моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди.

    “Меҳр” инсонпарварлик дастури доирасида олиб келинган фуқароларни ижтимоийлашувини таъминлаш доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 121 нафар аёлнинг 97 нафари иш билан ва 43 нафари уй-жой билан таъминланди, 29 нафари даволаниш учун сиҳатгоҳга юборилди, 55 нафари ўқув курсларида ўқитилди, 31 нафарини тадбиркорлик фааолиятига кўмаклашилди.

    Вояга етмаганларнинг 140 нафари МТМларга, 211 нафари эса ўрта мактабларга жойлаштирилди. 142 нафарига бола пули, 6 нафарига ногиронлик нафақаси тайинланди.

    Ватандошларимизга моддий ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда, уларни маънавий соғломлаштириш, ижтимоий ҳаётга қайта мослаштириш мақсадида, уларга жамоатчилик вакиллари, имом-хатиблар ва отинойилар мураббий сифатида бириктирилиб “Оила – тарбия ўчоғи”, “Оила – муқаддас қўрғон”, “Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни”, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Аҳоли ўртасида террористик материалларни тарқалиши”, “Озодлик – улуғ неъмат”, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Диний экстремизм ва терроризм тараққиёт душмани”, “Мен қонунга итоат этаман”, “Мен ёт ғояларга қаршиман” мавзуларида тарғибот тадбирлари олиб борилиши таъминланди.

    “Меҳр” дастурлари доирасида олиб келинган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини реабилитация қилиш ва жамиятга мослаштириш мақсадида жорий йилнинг 1-чораги давомида 129 та маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, тадбирларга 267 нафар аёллар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Иштирокчиларнинг 263 нафарининг дунёқарашида ижобий натижалар кузатилди.

    Рамазон ойи муносабати билан маҳаллаларда “Саховат” тадбирларини ташкил этиш орқали маҳаллалардаги боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилаларга ҳамда “Меҳр” дастури доирасида олиб келинган 129 нафар аёллар ва уларнинг оила аъзоларига ифторлик дастурхонлари ташкил қилиниб, жойлардаги Бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари томонидан 200 дан зиёд оилаларга жами 31,5 млн сўм миқдорида моддий ёрдам, ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзандлари учун кийим-кечаклар берилди.

    Ҳозирда мазкур шахсларга руҳий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, жамиятга қайта ижтимоийлаштириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда.

    Шу ўринда эътибор қаратиш лозимки, диний-маърифий соҳа ходимлари, хусусан, имом-хатиблар жойларда ёт ғоялар таъсирига тушган шахслар билан ишлаш ва уларни реабилитация қилиш ҳамда профилактикаси билан шуғулланишда кенг жалб этиб келинмоқда.

    Жумладан, имом-хатиблар:

    • “Жаҳолатга қарши маърифат” тадбирлари, ёш авлодни илм-маърифат эгаллаш, касб-ҳунар ўрганишга тарғиб этиш, мутаассибликка мойил шахслар билан суҳбатлар ўтказиш, хусусан, ёшларни тўғри йўлга бошлаш, муаммоли ва ажрим ёқасидаги оилаларни ислоҳ қилишга қаратилган тадбирлар ўтказади;
    • экстремизм ва терроризмга алоқадорлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган шахслар ҳамда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жазони ўташ жойларидан озод қилинган фуқаролар билан суҳбатларда иштирок этади;
    • диний асослар сабабли бузғунчи мафкуралар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий ва диний реабилитация қилишга қаратилган ишларида фаол қатнашади.

    Бундан ташқари, аҳоли, айниқса ёшлар орасида экстремизм ва терроризмнинг бузғунчи ғояларига нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантиради ҳамда «Меҳр» дастури доирасида Афғонистон, Сурия ва Ироқдан халқаро террорчилик ташкилотлари сафига адашиб қўшилиб қолган ва Ўзбекистонга қайтарилган хотин-қизлар ва болалар билан ижтимоий мослашуви ишларини амалга оширади.

    Бугунги кунда ёт ғоясидан қайтмаган шахслар билан ишлаш имом-хатиблар ва илмий марказларда фаолият олиб бораётган исломшунос мутахассисларнинг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланиб, уларни реабилитация қилиш ҳамда профилактикаси билан шуғулланиш ишлари доимий равишда тизимли йўлга қўйилган.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2023 йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларда ёт ғоясидан қайтмаган шахсларга доимий равишда ҳудудларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ҳамда “Қайтарув гуруҳи” аъзоларини бириктириш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.

    Шунга кўра, ёт ғоясидан қайтмаган шахсларда соғлом диний қарашларни шакллантириш ва жамиятга тўлиқ мослаштириш мақсадида уларнинг ҳар бирига ҳудудларда фаолият юритаётган имом-хатиб ҳамда исломшунос мутахассислар бириктирилди.

    Шунингдек, 2024 йилнинг 1-чорагида уларнинг доимий иш билан таъминланиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши, уларга моддий кўмак, тиббий ёрдамларни кўрсатиш, уй-жой ва коммунал соҳадаги муаммоларини ҳал этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

    Бундан ташқари, диний соҳа вакиллари фаолият олиб бораётган ўз ҳудудларида манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижга меҳнат қилиш, таълим олиш ва бошқа мақсадларда кетаётган фуқаролар билан хориждаги диний экстремистик ташкилотларнинг ёт ғояларидан огоҳ этиш, миссионерлик гуруҳларнинг ғоялари таъсирига тушиб қолмаслик ҳамда юртимиздаги ислом динининг анъанавий ҳанафий мазҳаби асосидан ибодатларни амалга ошириш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.

    Шу билан бирга, Ўзбекистонлик мигрантлар салмоғи юқори бўлган хорижий давлатлардаги ёшларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш орқали ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида халқ орасида обрў-эътиборга эга, нотиқ имом-хатибларнинг хорижий давлатларга хизмат сафарлари ҳам ташкил этиб борилмоқда.

    Хусусан, ўтган давр давомида АҚШ, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Туркия ва Қозоғистон каби давлатларда Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилаётган объектларда ҳамда таълим олаётган талабалар орасида радикал, деструктив ва бошқа бузғинчи ғоялар таъсирига тушиб қолшни олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.

    Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Инсон қадри учун” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг яққол тасдиғидир.

    Давронбек МАХСУДОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича
    қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates