“Юк ташувчи бўлиб қолиб кетишим мумкин эди...”

    Суҳбат 28 май 2021 3081

    Юртимизда халқаро хирш индекси бўйича энг юқори баҳо олган ёш олим ҳикояси

    “Агар сизга таълим қиммат туюлаётган бўлса, илмсизлик қанчага тушишини текшириб кўринг!”, — деган эди давлат арбобларидан бири. Биз турмуш ташвишларига шу қадар ўралашиб қолганмизки, баъзида китоб варақлаш ҳам эриш туюлади. Шоу-бизнес вакилларининг эса уйи қандай эканлигидан тортиб, кечки овқатга нима еганигача биламиз. Лекин мамлакат иқтисодиёти, илм-фани ривожига ҳисса қўшаётган шахслар фаолиятига қизиқмаймиз.

    Шу мақсадда илм-фан тараққиётига ҳисса қўшаётган замондошларимиз фаолияти, ёш авлодга мотивация бўладиган фикр-мулоҳазаларни мунтазам бериб боришга аҳд қилдик. Бугунги қаҳрамонимиз меҳнат фаолиятини поезд бекатида юк ташувчиликдан бошлаб, кейинчалик геолог олим даражасини эгаллаган Шамшодбек Акмаловдир.

    Онам укамни мактабга чанада олиб борар эди

    Хизматчи оиласида туғилганман. Отам иқтисодчи, онам кадрлар бўйича мутахассис. Ёшлигимиз қишлоқда ўтган. Уйда асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул эдик. Ота-онам зиёлиларга ўзгача ҳурмат билан қарашган ва илмлиларни қадрлаб келишган.

    Биласиз, илгари 5-синфдан чет тили дарслари ўтила бошларди. Лекин мен 4-синфдалигимдаёқ инглиз тилига қизиқиб қолганман. Ота-онам шароитлари у қадар яхши бўлмаса-да, китоблар олиб бериб, мен билан шуғулланишга ҳаракат қилишарди. Бошланғичдан юқори синфга ўтгач, “Ана энди ҳақиқий инглиз тили ўқитувчиси билан тил ўрганаман”, деб ўйлагандим, хурсандчилигим узоққа бормади: мен ўқиётган 15-мактабда инглиз тили ўтилмас эди. Суриштирсак, маҳалламиздан 8 километр узоқликдаги 43-мактабда инглиз тили ўқитувчиси бор экан. Укамнинг ҳам 6 ёшдан қабул қилинишини инобатга олиб, бизни ўша мактабга ўтказишди. Ўшанда икки йилгача, яъни мослашгунимизча 8 километр масофага онам укамни қиш кунлари чанага соларди, мен эса ёнларида уйдан вақтли чиқиб мактабга кетар эдик. Онам дарсимиз камроқ кунлари чиқишимизни кутиб ўтирар, дарслар чўзилса, уйга қайтар ва яна шунча йўл босиб, бизни олиб кетарди. Демоқчиманки, ота-онам ўқийман, илм оламан, мана бу китобни олмоқчиман, мана бу тўгаракка бораман, десак ҳеч қачон йўқ демасди.

    Юк ташиб, олий маълумотлилардан кўп даромад топардим

    Уйимизнинг олдида поезд бекати бор. Оиламиз катта, мен бош фарзандман. Ота-онамнинг оила боқиш, фарзандларни ўқитиш учун қилаётган саъй-ҳаракати, меҳнатларини кўриб кўмак бергим келди. 11-синфга ўтганимда поезд бекатида юк ташувчи бўлиб ишлай бошладим. Қишлоғимиз ёнида Тошкент сув омбори бор. Кичкиналигимизда у ерга кўп борардик. Бу ердаги масъул кишиларнинг сувни кузатиши, ифлосланишининг олдини олиш ҳамда балиқларни броконьерлардан сақлаш борасида қилаётган ишларини кўриб, биз ҳам сув хўжалиги бўйича мутахассис, жамиятга керакли шундай инсон бўлишни ору қилганмиз.

    Мактабни тугатгач, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўқишга топширдим. Шартнома асосида ўқишга тавсия этилдим. Бу хабарни ота-онамга етказиб, ўқимаслигимни, юк ташувчи бўлиб қолаверишимни айтдим. Тўғри-да, ўша пайтларда юк ташувчилар олий маълумотлилардан кам топмасди. Шунда ота-онам “Ҳозир билагингда куч-қувватинг бор. 5-10 йил, нари борса 20 йил ишларсан. Кейин-чи? Инсондаги жисмоний имкониятнинг ҳам чегараси бор. У бир кун тугайди. Илм олган инсон эса ҳеч қачон ишсиз, даромадсиз қолмайди. Шартнома пулини бир амаллаб тўлаймиз, сен, албатта, ўқишинг керак”, дея қатъий туриб олишди. Агар ўшанда ота-онам ўқишга ундамаганида, илмга қизиқтириб, шароит яратиб бермаганида ҳозир катта эҳтимол билан юк ташувчи бўлиб юрган бўлардим.

    Хирш индекси ва баҳолаш мезони

    Scopus дунёнинг энг нуфузли илмий-таҳлилий рейтинг платформаларидан бири бўлиб, илмий мақолалар муаллифлари, олимлар, журналлар, ташкилотлар, мамлакатлар рейтингларини тузиш имконини беради. Ундан ўрин олиш учун илмий мақола ёзиш талаб этилади. Рейтингда ўсиш учун мазкур илмий мақолага ҳавола берилиши, олимлар ўз маърузаларида ундан фойдаланиши керак. Бу қанча кўп бўлса, шунча яхши. Мақолага ҳавола берилиши унинг илмий ҳамжамият учун ҳақиқатда муҳим эканини билдиради.

    “Хирш индекси” 2005 йилда америкалик олим Жорж Хирш томонидан олимларнинг илмий фаолияти натижадорлигини ҳисоблаш учун таклиф этилган кўрсаткичдир. Мазкур индекс олим, илмий ташкилот ёки илмий марказ номидан нашр этилган мақолалар ва ундан олинган иқтибослар сонига асосланади. Масалан, олимнинг 10 та мақоласидан жами 10 марта иқтибос келтирилса, унинг “Хирш индекси” 10 га тенг. Агар у 100 та мақола чоп этган бўлса-ю, улардан фақат бир марта иқтибос келтирилган бўлса, унинг индекси 1 га тенг деб баҳоланади.

    Ўзбекистонда илк маротаба Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Хирш индекси бўйича энг юқори мақомга эга бўлган олимлар тақдирланди. Бунинг учун “Elseiver” базасига мамлакатимизда илмий ижод билан шуғулланаётган олимлар тўғрисида маълумот сўраб, мурожаат жўнатилди. База эса иқтибослик даражаси энг юқори олимлар рўйхатини тақдим этди. Шуни айтишим мумкинки, бундай баҳолаш мезонида Ўзбекистондан инсон омили иштирок этмади.

    Оролни сақлаб қолиш қийин, аммо...

    Орол денгизи нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсониятнинг глобал муаммоларидан бири. Номзодлик диссертациямда унга қуйиладиган Сирдарё мисолида Оролга борадиган ҳамда буғланиб кетадиган ер ости ва ер усти сувларининг ҳаракатини масофадан ўрганишда ахборот технологияларини яратишни мақсад қилдик. Афсуски, сув сатҳини ўлчаш ҳамда Оролбўйи минтақасида гидрологик ва гидро-геологик тадқиқотларни олиб боришда ишлатиладиган техника ва технологиялар жуда эскирган. Услублар ҳам эски. Ҳозир сувни назорат қилиш учун у ҳудудга боришнинг ҳожати йўқ. Бу ишни сунъий йўлдош ҳамда бошқа замонавий технологиялар орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Яна бир ачинарли томони, илмдаги бу янгилик ва янги ташаббусларни кекса авлод вакиллари томонидан қабул қилиниши қийин кечмоқда.

    Оролни сақлаб қолиш қийин. Бу жуда оғриқли масала. Аммо унинг атрофида ландшафтлар ҳосил қилиб, унга келиб тушаётган ва буғланаётган сув ҳаракатини назорат қилиш мумкин. Айни пайтда Қорақалпоғистон ҳудудида қудуқлар ўрнатиб, сув билан боғлиқ ишларни масофадан бошқаришга йўл-йўриқ кўрсатувчи улкан база яратиш устида ишлаяпмиз. Бу база нима учун керак?

    Биз яратаётган база Оролбўйида олиб бориладиган геологик ва гидро-геологик жараёнларни сўнгги инновацион технологиялар асосида масофадан туриб бошқариш имконини беради. Яъни, мутахассислар пойтахтдан туриб, у ердаги жараёнларни кузатади, таҳлил қилади, муаммо юзага келган жойлар тўғрисида маълумотларни олиб, тегишли ташкилотларга жўнатади. Бу ҳам вақт, ҳам маблағни тежайди.

    Илм йўлини танлаган оиласини қай даражада таъминлай олади?

    Бу саволни бундан бир неча йил олдин сўраганингизда “Унчалик таъминлай олмайди” деб жавоб берган бўлишарди. Чунки ҳақиқатан илм аҳлининг ойлик маоши ҳаттоки юк ташувчиникидан ҳам пастроқ эди. Аммо сўнгги йилларда Президентимиз томонидан эътибор ошиб, ҳозир ўз ишининг устаси, билимли ва чет тилларни биладиган ҳаракатчан олим манаман деган тадбиркор билан беллаша олади.

    Бугунги кунда фан номзодининг ойлиги 6 миллион сўмдан ошади. Унинг ойлигига 15 фоиз устама қўшилади. Агар у докторлик диссертациясини ёқлаб, профессор унвонини олса, ойлигига яна 60 фоиз устама қўшиб берилади. Агар тадқиқотчи халқаро тил сертификатига эга ёки чет эл базаларида мақола чоп этган бўлса, бунга ҳам қўшимча маблағлар ёзилади.

    Тадқиқотчи ўн кунда 5-6 минг евро топиши мумкин, агар...

    Нафақат илм соҳасига кирган одам, балки барча учун ҳам чет тилни билиш жуда муҳим ва зарур. Агар тадқиқотчи инглиз тилини яхши билса, унга имконият эшиклари янада кенг очилади.

    Университетимизда чет элда таълим олишни таъминловчи халқаро грант дастурлари кўп. Шулардан Эрасмус мундус дастурига кирувчи иккита мисолни келтираман. Буларнинг бири Руминияга, бири Словакия давлатига берилади. Бу лойиҳа доирасида бир профессор-ўқитувчини ўн кунга стажировкага жўнатамиз. Олимнинг кундалик харажатларига кунига 250 дан 750 еврогача стипендия ажратилади. Яшаш ва транспорт харажатларидан орттириб, 5-6 минг евро атрофида стипендия олиб қайтиши мумкин. Энг асосийси, илм ва ишлаб чиқариш уйғун олиб борилгани сабаб, далаларга бориб қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ишлашини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлади. Мана сизга тил билган олимнинг ўн кунлик даромади ва эришадиган муваффақиятларидан бири.

    Мен ҳам бир неча маротаба чет давлатларга бордим, малака оширдим, ўқидим, илмий изланишлар олиб бордим. Ҳар гал чет эл илмий доиралари вакиллари ичида юрганимда, уларнинг бизга ҳурмат билан муомала қилганларини кўрганимда чана орқалаган онам, қўшимча тўгаракларга пул топиб берган отам кўз ўнгимда гавдаланади. Ичимдан ўтадиган бу туйғуларни сўз билан таърифлай олмайман.

    Ўзбекистон университетлари нега юқори рейтинг рўйхатига кира олмаяпти?

    Мамлакатимиз олий таълим муассасалари кўп йиллардан бери халқаро рейтингларга киришга ҳаракат қилиб келади. Айниқса, сўнгги йилларда бу жараён анча жадаллашди. Биласизми, рейтингга киришнинг талаблари жуда кўп. Битирувчиларни иш билан таъминлаш, халқаро университетлар билан алоқани кенг йўлга қўйиш ҳамда таълим сифати каби тамойиллар уларнинг энг муҳимларидир. Бизнинг олий ўқув юртларида иш билан таъминлаш мақтанарли даражада эмас. Қолаверса, профессор-ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам чет тилини яхши билмайди. Бунинг оқибатида чет эл университетлари билан алоқалар кенг йўлга қўйилмайди. Мана шу иккита омил университетларимизни оёғидан чалаверади.

    Франция қандай ривожланди?

    Францияга докторантура учун ўқишга борганимда, тўғриси, бироз ҳайратландим. Бир томонда замонавий цивилизация бўлса, икккинчи томонда кўҳна тарих. Бир дўстимдан сўрадим: — Бизга кимё ўқитувчимиз ­Ўзбекистон ҳудудида Менделеев жадвалидаги барча элемент бор, деб айтарди. Сизларнинг ерингиздаги асосий элемент эса оҳактош. Шундай экан, Франция қандай қилиб ривожланди?

    У шундай жавоб берди:

    — Бизда ғоя бор ва бу ғоя дунёдаги барчага керак!

    Ана шунда тушундимки, инсоннинг жисмоний меҳнатидан кўра, ақлий салоҳияти қиммат туради.

    Инсон ресурси ва илмий салоҳият

    Ўзбекистон — серқуёш диёр. Қишлоқ хўжалиги бўйича имкониятларимиз беқиёс. Ер ости ва ер усти бойликларимиз ҳам кам эмас. Аммо улар чекланган. Бир кун келиб тугайди.

    Бугун ҳукуматимиз бизга манфаатли таклифни илгари суряпти: “Ҳозир имкон ва ресурслар борида ўқинг, илм олинг!”.

    Дарҳақиқат, табиий бойликларга суяниб қолмаслик керак. Инсон ресурсига инвестиция киритиб, уни ривожлантиришимиз зарур. Тараққиёт драйверлари шуни тақозо этяпти. Бўлмаса, жилов бошқаларнинг қўлига ўтиб кетади...

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Соҳиба МУЛЛАЕВА

    ёзиб олди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates