Юртимизда 2023 йилда камбағаллик даражаси 11 фоизгача пасайган. Бу натижага қандай эришилди?

    Миллий қонунчиликка кўра, аҳоли иқтисодий имкониятларининг ҳаёт кечириш учун зарур минимал эҳтиёжларини қондиришига етарли даражада бўлмаслиги камбағаллик деб белгиланди.

    Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Мирзақалъа қишлоғи аҳолиси яқин-яқингача асосан деҳқончилик, чорвачилик билан тирикчилик қиларди. Туман марказидан қарийб 20 километр олисда жойлашган бу қишлоқда фақат муаллим ёки шифокоргина ўз соҳаси бўйича иш топа олар, бошқа мутахассислар ёки бирор касб-ҳунари бўлмаган ёшлар вилоят марказига, пойтахтга, яна бир тоифа ёшлар чет давлатларга иш излаб чиқиб кетарди.

    Мирзақалъа қандай қилиб ишсизликдан холи ҳудудга айланди?

    Аммо, бугун вазият ўзгарди – қишлоқда тадбиркорлик муҳити шакллана бошлади. Ҳозир бу ерда гилам тўқишга ихтисослашган оилавий корхона, қулоқчин ишлаб чиқарадиган цех, шаҳарлардаги каби машина ювадиган шохобча, замонавий қиёфадаги савдо ва хизмат кўрсатиш тузилмалари ташкил этилди. Натижада янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Яратилаётган янги иш ўринларида таклиф этилаётган ойлик ҳам бир пайтлардаги сингари арзимас даражада кам эмас, 2–3 миллион сўм атрофида. Шу боис қишлоқ аҳли олисга иш излаб кетишдан кўра, ўз қишлоғида яратилаётган имкониятдан унумли фойдаланишга интилмоқда.

    Ширмоной Бобоева ҳам ана шундай имкониятлар туфайли меҳнат миграциясидан қайтиб келиб, уйида гилам тўқиш цехи очди. Ҳозир ўзи ва икки қизи оламга донғи кетган Бухоро ипак гиламларини тўқияпти.

    Бухоро гиламлари қадимийлиги, гўзаллиги, чидамлилиги билан дунё бўйлаб довруғ қозонган. Жун ва ипакдан қўл меҳнати, кўз нури билан тўқиладиган бу гиламлар бозорда анча харидоргир. Айниқса, хорижлик сайёҳлар миллийлигимиз ва тарихимизнинг кўзгуси бўлган бу маҳсулотларга катта қизиқиш билдиради. Тадбиркор келгусида бу фаолиятни янада ривожлантириш, қишлоқ ёшларига ҳам ўргатиш ниятида. Бу борада унга маҳалла фаоллари, айниқса, ҳоким ёрдамчиси яқиндан кўмак беряпти.

    – Икки йил олдин маҳаллада иш бошлаганимда уч юзга яқин ишсиз аҳоли рўйхатга олинди, – дейди “Мирзақалъа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Азамат Рўзиев. – Аҳолининг солиқ тўловларидан ҳам қарздорлиги каттагина бўлган. Бунга асосий сабаб – ишсизлик, одамларда тадбиркорлик кўникмаси етишмаслиги эди. Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолиятимнинг илк кунлариданоқ бу муаммони бартараф этиш йўлларини изладим. Аҳоли орасида камбағалликни қисқартиришнинг асосий стратегияси сифатида эса, аввало, тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришга киришдик.

    Ҳоким ёрдамчиси бу йўналишда ҳам асосан қишлоқ аҳолисининг қизиқиш ва талабларидан келиб чиқиб иш тутди. Масалан, бир хонадон фарзанди Тошкент шаҳрида катта тадбиркор, цехида иш ўрни ҳам кўп. Аммо, Қоракўлдан Тошкентга қатнаб ишлаш осон эмас. Ҳоким ёрдамчиси бунинг йўлини топди – ушбу тадбиркор кўмагига таяниб унинг ота-онаси хонадонида кичик ишлаб чиқариш цехи ташкил этди ва йигирмага яқин хотин-қизлар ишли бўлди. Ҳозир бу цех учун ярим тайёр маҳсулот Тошкентдан келтириляпти. Тайёрланган маҳсулот ҳам пойтахтга жўнатиляпти. Эндиликда шу маҳсулотни яқин атрофдаги бозорларга етказиб бериш чораси изланяпти. Бу бир томондан таннархни арзонлаштириш, иккинчи томондан эса, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга замин яратиши мумкин.

    Ана шундай ўзига хос тадбиркорлик лойиҳалари, ишсизликни бартараф этиш чора-тадбирлари туфайли Мирзақалъа маҳалласи бугунги кунга келиб ишсизликдан холи ҳудуд мақомига эришди. Очиғи, яқин-яқингача ишсизлик даражаси юқори, аҳоли турмуш шароити оғир бўлган ҳудуд учун бу катта натижа. Аммо, ривожланиш суръати шиддат билан кечаётган бугунги даврда бундай натижа билан кифояланиб бўлмайди. Қолаверса, меҳнат бозорига ҳар йили янги-янги ёшлар кириб келяпти, уларни юқори даромадли иш билан таъминлаш, ёш оилаларнинг фаровонлигини ошириш масаласи долзарб бўлиб қолаверади.

    Буни яхши англаган маҳалла фаоллари, жумладан, ҳоким ёрдамчиси бу йил ҳам шу йўналишда бир қатор янги лойиҳаларни режалаштирган. Қувонарлиси, эндиликда қишлоқдаги кичик тадбиркорлик лойиҳаларидан каттароқларига ўтиляпти. Масалан, эшик ва ромлар ишлаб чиқарадиган цех очиш, замонавий мебеллар ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш, қишлоқ аҳолиси тўй ва бошқа маросимларини ўтказиши учун муҳташам ресторан қуриш.

    Албатта, бу ишлар осон эмас. Бунинг учун аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бозорини топиш талаб этилади. Иккита олийгоҳни битирган, нефть-газ ва иқтисод соҳаларида тажриба орттирган ёш, серғайрат ҳоким ёрдамчиси бундай мақсадлар рўёбга чиқмагунича тиниб-тинчимайдиганлар тоифасидан. Қолаверса, ҳали қишлоқ аҳолисидан ўттизга яқини ҳозир ҳам хорижда меҳнат миграциясида юрибди. Улар юртга қайтганда муносиб маошли иш жойи таклиф қилиш керак. Бунинг учун тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, кичик корхоналарни йирик ишлаб чиқариш тармоқларига айлантириш учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш лозим.

    Аҳоли ўртасида томорқадан фойдаланиш маданиятини ошириш ҳам муҳим. Чунки, ҳозир қишлоқ аҳолиси томорқасида, ишсизларни банд қилиш мақсадида ажратилаётган ерда аксарият ҳолатларда чорвага озуқа етиштириш билан чекланади. Ҳолбуки, туманнинг кўпгина маҳаллаларида томорқада қулупнай, помидор, бодринг, кўкат сингари кичик майдонда кўп даромад келтирувчи экин етиштириб, яхшигина даромад олиш бўйича тажриба орттирилган. Ҳоким ёрдамчиси шу кунларда аҳоли ўртасида ана шундай янгилик ва тажрибаларни тарғибот қилиш мақсадида бир қатор амалий тадбирлар ташкил қилиш ҳаракатида.

    Умуман олганда, мазкур маҳаллада жорий йил якунига қадар 12 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиш, кам таъминланган 45 та оилага қўшимча даромад топиш манбаини яратиб бериш, тўрт юзга яқин кишининг бандлигини таъминлаш каби мақсадлар кўзланяпти. Албатта, бу юртимизнинг биргина маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, оилаларнинг даромадини ошириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг кичик бир режаси.

    Бу йўналишда мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган ишларнинг самараси эса катта-катта рақамлар ва кўрсаткичларда намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Статистика агентлиги ва Жаҳон банки билан биргаликда Ўзбекистондаги монетар камбағаллик даражасини баҳолаш бўйича ўтказган тадқиқотига кўра, юртимизда 2023 йилда камбағаллик даражаси 11 фоизгача пасайган ва 1 миллион аҳолининг даромади белгиланган камбағаллик чегарасидан ошган.

    Яна бир қувонарли рақам, сўнгги уч йилда аҳоли даромадлари таркибида кичик бизнесдан олинадиган даромадлар улуши кўпайган. Бу мамлакатимизда аҳоли орасида камбағалликни бартараф этиш, тадбиркорлик, ишбилармонлик муҳитини кучайтиришга қаратилаётган эътиборнинг ўзига хос натижасидир.

    Маҳалла еттилиги ҳамжиҳатлиги самараси

    Айтиш жоизки, ҳар қандай мамлакатда аҳолининг кам таъминланган қатлами мавжуд. Шу боис, дунё мамлакатлари аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича турли хил ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боради. Жаҳон банки маълумотига кўра, дунё миқёсида аҳолининг камбағаллик даражасини камайтириш бўйича кўрилаётган бундай чора-тадбирлар туфайли 2020 йилга келиб мазкур кўрсаткич 8 фоизгача пасайди. Муаммо билан курашиш бугунги кунда ҳам долзарб вазифадир. Зеро, аҳолининг камбағал қатлами мамлакатга хос бўлган тезкор иқтисодий ўсишдан фойда кўриш имкониятидан маҳрум бўлибгина қолмай, жамиятнинг турли соҳаларида иштирок этиш имконияти чеклангани туфайли ривожланишга ҳам ҳисса қўша олмайди.

    Бу эса жамиятда ижтимоий адолат, тенг ҳуқуқлилик тамойиллари бузилиши, одамларнинг давлатдан норозилиги кучайишига олиб келади ва барқарор ривожланишга соя солади. Шу боис, жаҳон ҳамжамияти бу муаммонинг олдини олишга доимий эътибор қаратмоқда. Жумладан, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари сифатида 2030 йилда дунё миқёсида камбағаллик даражасини 6 фоизгача туширишни муҳим мақсадли кўрсаткич этиб белгилаган.

    Мамлакатимизда илк бор камбағаллик масаласи 2020 йил 24 январда Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида кўтарилиб, камбағалликни қисқартириш давлатнинг устувор вазифаси сифатида белгилаб берилганди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси ижтимоий давлат экани ва давлат камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши белгиланди. Қисқа даврда камбағаллик ва уни қисқартиришга оид норматив-ҳуқуқий база яратилди. Камбағаллик атамасига расмий таъриф ва камбағал ким деган саволга, камбағалликни қисқартиришни амалга оширишда аҳолининг манзилли гуруҳига аниқлик киритиш мақсадида халқаро экспертлар билан ҳамкорликда минимал истеъмол ҳаражатлари қийматини ҳисоблаш методологияси ишлаб чиқилиб, камбағаллик мезони амалиётга жорий этилди.

    – Миллий қонунчиликка кўра, аҳоли иқтисодий имкониятларининг ҳаёт кечириш учун зарур минимал эҳтиёжларини қондиришига етарли даражада бўлмаслиги камбағаллик деб белгиланди, – дейди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бўлим бошлиғи Музаффар Абдуҳакимов. – Мазкур расмий услубиёт асосида олиб борилган кузатувлар ҳамда ҳисоб-китоблар натижасига кўра, мамлакатимизда камбағаллик даражаси 2022 йил бошидаги 17 фоиздан 2,9 фоизга қисқариб, 2023 йил бошида 14,1 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич 2023 йилда 11 фоизга пасайди. Шу билан бирга, камбағаллик даражасини 2026 йил якунига қадар 2022 йилга нисбатан икки баробарга, шунингдек, 2030 йилгача кескин қисқартириш стратегик мақсад сифатида белгиланган.

    Бундай салмоқли натижаларга фаол ижтимоий-иқтисодий сиёсат билан эришилиши барчамизга маълум. Ўз навбатида, минимал истеъмол харажатлари қиймати 2021 йилда 440 минг сўм, 2022 йил учун 498 минг сўм, 2023 йилда 568 минг сўм ҳамда 2024 йилда 621 минг сўмни ташкил этиш ҳисобига энг кам пенсиялар миқдори мос равишда ошириб борилди. Шу билан бирга, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 баробарга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.

    Умуман олганда, камбағаллик даражаси мамлакатда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижасини намоён этади. Бу борада кўзланган мақсадларга эришиш учун инклюзив иқтисодий ўсиш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя манзиллигини ошириш, рақобатбардош касб-ҳунар эгаллашга шароит яратиш муҳим вазифалар ҳисобланади. Бундан ташқари, бозор тамойиллари асосида тадбиркорлик муҳитини яратиш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш, ҳудудларда мавжуд захираларни ишга тушириб, уларни мутаносиб ривожлантириш каби устувор лойиҳаларни рўёбга чиқариш лозим.

    Бундай улкан мақсадларга эришишда ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилгани айни муддао бўлди. Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириш мақсадида хонадонбай ўрганиш асосида 36 турдаги хизмат, шундан, 21 турдаги субсидия ҳамда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида имтиёзли кредитлардан фойдаланиб, жойларда кенг қамровли ишларни олиб бормоқда.

    Мутахассисларнинг ўрганишларига кўра, оилаларнинг камбағалликка тушиш сабаблари турлича. Шу нуқтаи назардан, камбағал оилаларни бу ҳолатдан чиқариш учун уларнинг фақат бандлигини таъминлаш билан иш битмайди. Шундай ҳолатлар борки, бунда инсон ўз вақтида етарли ижтимоий ҳимоя билан таъминланмаса, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан етарли даражада фойдаланмаса, камбағалликдан қутула олмайди.

    Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиб, ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида кўрсатиш йўлга қўйилгани бу борада муҳим қадам бўлди. Эндиликда “маҳалла еттилиги” биргаликда ҳар бир эҳтиёжманд оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастур тузиш ва уни амалга ошириш, эҳтиёжманд оилаларнинг камбағалликка тушиш сабабларини бартараф этиш учун комплекс ёндашиш имконияти яратилди.

    Айни пайтда бу йўналишда амалий ишлар ҳам йил сайин ривожланиб боряпти. Мисол учун, 2023 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган лойиҳалар инатижасида 4,1 миллион аҳоли бандлигини таъминлашга эришилди. Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳам яхши самара беряпти. Хусусан, “20 минг тадбиркор 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида 6 минг 700 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан 455 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

    Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари кўмагида 241,3 минг фуқарога ижара асосида ер ажратилди. 472 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 10 триллион сўм имтиёзли кредит, 73 минг ишсиз фуқарога 356 миллиард сўм субсидия ажратилди. Маҳаллабай ишлаш асосида 51 мингта микролойиҳалар амалга оширилиши натижасида 206 мингта янги иш ўрни яратилди. 181 минг ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди ва 183,8 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

    Хориж тажрибаси ҳам ўрганиляпти

    Аҳоли фаровонлигини ошириш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлаш борасида юртимизда эришилаётган ютуқ ва натижаларни янада юксалтиришда бу йўналишда халқаро тажрибани ўрганиш ҳам муҳим. Шу мақсадда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, жумладан, камбағалликни қисқартириш борасида Хитой, Туркия, Япония каби давлатлар ва Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт дастури, UNICEF ҳамда GIZ каби халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда.

    Хитой камбағалликни қисқартиришда катта тажрибага эга. Ушбу мамлакатда сўнгги қирқ йил мобайнида кўрилган чоралар натижасида 800 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик тугатилгани эълон қилинди. Албатта, бу натижа ривожланишни кўзлаган ҳар қандай мамлакатни қизиқтирмай қолмайди. Жумладан, мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнида Хитой тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил шу мақсадда Хитойдаги камбағалликни қисқартириш халқаро маркази томонидан юртимиз мутахассислари учун амалий семинар ташкил этилди. Ҳоким ёрдамчилари учун онлайн семинар ҳам ўтказилди. Бу йўналишдаги ишларни келгусида ҳам давом эттириш мақсадида 5 йиллик ҳамкорлик дастури келишиб олинди.

    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимизда бу йўналишда яқин истиқболда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилган. Бу масалалар ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурларидан кенг ўрин оляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасида кенг қамровли чора-тадбирлар ўз аксини топган.

    Жумладан, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича ишлаб чиқилган индивидуал дастурлар доирасида камбағаллик даражасини 10 фоизга камайтириш кўзда тутилган. Бунда камбағал оилалар аъзоларининг 180 минг нафарини доимий иш ўринларига ишга жойлаштириш, 320 минг нафарига имтиёзли кредит ва субсидия ажратиш, 100 минг нафарини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, 1,5 минг нафарига олий таълим ўқув-контракт тўловларини қоплаб бериш кўзда тутилмоқда.

    Шунингдек, бандлик органларида кўрсатилаётган хизматлар сифати ва натижадорлигини ошириш орқали 423 минг аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш, “Yangiish.mehnat.uz” ахборот тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли бандлиги дастури ижроси билан боғлиқ жараёнларни онлайн кузатиб бориш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилган.

    Вазирликлар, идоралар ва илмий тадқиқот институтлари экспертларини жалб қилган ҳолда Самарқанд тумани мисолида ишсиз аҳолининг манзилли рўйхатини шакллантириш услубиётини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган.

    Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳозир юртимизда ишсизлик ҳолатини ўрганиш бўйича мониторинг ўтказишда асосан аҳоли орасида сўровнома ўтказиш амалиётига таянилади. Табиийки, бу ҳолатда ишсиз шахс айнан қайси маҳаллада яшаётгани, унинг ижтимоий ҳолати бўйича аниқ маълумотга эга бўлишнинг имкони йўқ. Бу эса ишсизликни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Ишсиз аҳолини аниқлашнинг янгича механизми ишлаб чиқилиши бу муаммога ечим бўлади ва ишсизликни бартараф этишда яхши самара бериши кутилмоқда.

    Фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича касбий кўникма ва малакасини ривожлантириш борасида ҳам муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, жорий йилда иш билан банд бўлмаган камида 200 минг нафар, шу жумладан, 110 минг нафар ишсиз хотин-қизлар ҳамда 90 минг нафар ишсиз ёшларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш режалаштирилган. Касбга ўқитиш марказлари ўқитувчиларининг халқаро стандартлар асосида малакасини ошириш, касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор ва “уста-шогирд” мактаблари улушини 20 фоизга етказиш чораларини кўриш масалалари ҳам кўзда тутилган.

    Буларнинг барчаси, аввало, оилалар тўкинлик, фаровонликда ҳаёт кечиришини, халқимиз ўзига тўқ, турмуши обод, бўлишини кўзлаб амалга оширилмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади.

    Баҳор Хидирова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates