Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда касаба уюшмалари вакиллари билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
“Ҳаёт бир ҳақиқатни доимо таъкидлаб келади: тарихни пухта билмасдан туриб, келажакни барпо этиб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир ташкилот ва муассаса тарихини ўрганиш, уларда меҳнат қилган инсонларни ёдга олиш, эзгу ишларини келажак авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз”, — деди Президент.
Касаба уюшмалари тизимидаги 30 дан ортиқ санаторий ва 100 дан зиёд болалар оромгоҳлари ходимлар ва уларнинг фарзандлари саломатлигини тиклаб, ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилмоқда.
Ҳозирда Федерация таркибида 14 та тармоқ касаба уюшмаси фаолият юритмоқда.
Касаба уюшмалари ўтган даврда хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича катта тажриба тўплади. Хусусан, улар “Аёллар дафтари” орқали 4,5 миллион эҳтиёжманд, кам таъминланган хотин-қизларга ёрдам кўрсатишда бош-қош бўлди.
Бандлик вазирлигига касаба уюшмалари билан биргаликда платформаларда фаолият юритаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, хавфсизлигини суғурталаш бўйича асосланган таклифларни Ҳукуматга киритиш топширилди.
Давлатимиз раҳбари касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш ва меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича келгуси вазифаларни муҳокама қилди.
Касаба уюшмалари фаолиятининг янги қирралари нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам уларнинг ўрни ва нуфузи ортиб боришига хизмат қилмоқда.