Бу анъанани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барча қалам соҳиби учун ҳам масъулиятли вазифа.

Адабиётларнинг бир-бири билан алоқа ўрнатишида алоҳида ижодкорларнинг воситачилик роли жуда муҳим. Ҳеч бир адабиёт бошқа бир адабиёт билан муайян шоир ёки ёзувчи шахсиятисиз алоқа ўрната олмайди. Зеро, уларни бир-бирлари билан боғлаб турадиган “кўприк” бу – конкрет шоир ёки ёзувчи, унинг асарлари. Бу жаҳон адабиёти тажрибасида синалган ҳақиқат. Шунинг учун ҳам бир адабиётнинг иккинчи бир адабиёт билан алоқаси тўғрисида сўз юритилганда, энг аввало, ўша адабиётдаги адабий дўстликка кўпроқ хизмат қилган ёки хизмат қилиб келаётган ижодкорнинг номи ва асарлари тилга олинади.

Ўз адабиётидан ташқари бошқа миллий адабиётларга ҳам хизмат қилиш ижодкор учун шараф. Бундай бахт ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермайди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ижоди бу борада кўпчиликка ибрат. Ижодкорни рамзий маънода икки қанотли қушга ўхшатсак, унинг бир қаноти шеърияти бўлса, иккинчи қаноти бадиий таржималари. Баъзан унинг таржималари шеърларидан ҳам кўпроқдек туюлади. Жаҳон адабиёти, хусусан, болгар, венесуэла, поляк, фин, венгер шеъриятидан қилган таржималари унинг байналмилалчилик ва дўстлик ғояларига садоқатли, ижодий тақдирини бошқа адабиётлар билан ҳам боғлаб қалам тебратиб келаётган сўз устаси эканини исботлайди.

Пабло Неруда, Пер Лагерквист, Арон Тамаши, Альваро Юнке, Онелио Хорхе Кордосонинг ҳикоя ва қиссалари, рус адабиётидан Марина Цветаева, Белла Ахмадуллина, Осип Мандельштам, Велимир Хлебников шеърлари, қорақалпоқ мумтоз шоирлари Ажиниёз, Бердақдан тортиб Ибройим Юсупов, Ўразбой Абдураҳмонов, Кенгесбой Каримов, Муратбой Низанов, Шароф Уснатдинов, Бахтиёр Генжемуратов, Соғинбой Иброҳимов, Шарапатдин Аяпов каби адибларнинг насрий ва назмий асарлари Рустам Мусурмон таржимасида ўзбекча оҳангларда жаранг сочди. 2021 йили шоирнинг “Йилнинг энг яхши таржимони” сифатида эътироф этилгани унинг таржимашунослик соҳасидаги фаолияти муносиб тақдирланганидан далолат.

Рустам Мусурмоннинг, айниқса, қорақалпоқ халқига нисбатан қардошлик меҳри ва ҳурмати беқиёс. У Қорақалпоғистондаги кўплаб адабий-маданий тадбир ёки шоир ва ёзувчилар юбилейида иштирок этибгина қолмай, икки қардош адабиётнинг дўстлиги, алоқалари тўғрисида илҳом билан сўзлайди.  Шоирнинг кўплаб қорақалпоқ ёзувчи ва шоирлари билан дўстлиги, ижодий ҳамкорлиги халқларимиз ва адабиётларимиз дўстлигига хизмат қилаётгани ҳам ҳақиқат. Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов таъбири билан айтганда, “Бир-бирларимизнинг асарларимизни ўқиш, ҳаётимизни телевидение орқали намойиш қилишнинг ўзи етмайди, кўзларимиз кўзларимизга тушиши, юзимиз-юзимиздан баҳра олиши, жонли мулоқотлар зарур.” Унинг қорақалпоқ ўлкасига сафари, адиблар билан жонли мулоқотлари, бу халқ ҳаётини яхши ўргангани ёзилажак шеърлари учун материаллар тўплашга имкон туғдирган.

Бошқа миллатларга ҳам эҳтиром кўрсатиб, қадриятларини эъзозлайдиган, асарларида улар ҳаётининг турли кўринишларини миллий руҳда, байналмилал ғоялар билан уйғунлаштириб талқин этган ижодкор борки, у албатта, мухлислар ҳурматини қозонади. Рустам Мусурмон мана шундай эътирофга сазовор бўлган, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари турмушидан ҳар хил бадиий шаклларда икки қардош халқнинг миллий менталитетини, ўзига хослигини назарда тутган ҳолда қалам тебратиб танилган.

Шоирнинг 2022 йил нашр этилган “Бир жуфт сўз” шеърий тўпламига кирган “Зотим чуют, мен ҳам қорақалпоқман” деб номланган туркум шеърлари фикримизга далил бўла олади. Бобдаги ўн учта шеърнинг ҳаммасида шоир қорақалпоқ мавзусининг турли қирраларини хилма-хил усулларда очиб беришга ҳаракат қилган. Шеърларнинг ҳар бир банди, ҳар бир мисрасида шу замин ва миллатга хос бетакрор хусусиятлар жилоланиб туради. Шоир шеърларида учрайдиган “Хўжайлидан нари Қўнғирот, Устюрт”, “Бўйин кўрсам қорақалпоқ ўғлонни, кўргандайман Едигени Қоблонни”, “Жайҳун жилолаган дурсан, гавҳарсан”, “Шағала, шағала, шағиллайди шағала”, “Аму тошқинидай жўшар “Дам бермас”, “Қанча чопсанг кўздан қочар кенгликлар”, “Эл берган Отажон ҳофиз устозни”, “Юрак – кема, Оролда қумларга ботиб қолган” каби мисраларни ўқиган китобхон ўзини тасвир объектига дахлдордек, бирор жойда ўша воқеага гувоҳ бўлгандек ҳис қилади.

У қўллаган Қорақалпоғистонга хос атамалар, сўз санъати, бадиий деталлар, бетакрор табиат тасвири билан боғлиқ лавҳалар қорақалпоқ ҳаётининг бадиий кўзгусидир. Шоир маҳаллий шароитни эслатадиган характерли атамалар, халқ қалбига сингиб кетган достонлар, улардаги қаҳрамонлар, тарихий шахсларни шеърларига жо қилиб миллий қиёфалари билан табиий ва ишонарли тасвирлаган. Мисолларда тилга олинган атамалар, исмлар ва географик жой номлари, миллий анъаналар, ижтимоий-маънавий шароитни ёдга соладиган бошқа белгилардан шеърда қайси миллат тараннум этилганини ўқувчи дарров пайқайди. Муаллиф поэтик маънони кучайтириш учун мавзуга мос рамзларни танлаб шеър ғоясини очишда улардан фойдаланган.

“Зотим чуют, мен ҳам қорақалпоқман” туркумига кирган ҳар бир шеърнинг ўзига хос ифода шакли бор. “Ақчакўл”, “Халилла”, “Шағала”, “Оққу”, “Туронғил ва шамол”, “Кема”, “Қушлар учиб келди Тўрткўлга” каби қасида, бағишлов, қорақалпоқ халқ қўшиқларини эслатадиган шеърларда қорақалпоқ руҳи уфуриб туради. “Осмонларга қучоқ очар кенгликлари”ни “Қирғовулга, ангга тўла тўқайи”ни, “Қирққизлари от чоптирган бу диёр”ни алоҳида меҳр билан миллий бўёқларда берган.

 “Устюрт, Қорақалпоғистон қўрғони” шеърида шоир қорақалпоқ миллий-маҳаллий шароитини, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан бу ўлкада ҳукм сурадиган ёзнинг жаримаси ва қишнинг қаҳратонини реал тасвирлаган.

Бу чўлда қуш учса қаноти куяр,

Унда одам юрса, оёғи куяр,

Баҳорнинг кўкарган янтоғи куяр,

Чўлнинг гули қайда, тикони қайда?

Ёзда чўл чанг бўлар, аёзда тойғоқ,

Бепоён Устюртда қишлайди сайғоқ,

Она Ватан уйғоқ, табиат уйғоқ,

Яратганнинг бундай жайрони қайда?

Бу ўлкада кўп ижодий сафарда бўлиб, табиат манзараларининг гувоҳи бўлган шоир ҳаёт кўринишини образли шаклда, хилма-хил рангларда бера олган.

Ҳар қандай шоир шеъриятига жон бағишлайдиган фазилатлардан бири образлиликдир. Шоир лирик қаҳрамон характерини очишда табиатга мурожаат қилади, турли фасллардан образ танлайди, яъни табиатнинг турли манзараларини дилига жо қилиб, шу орқали фалсафий фикр айтишга муваффақ бўлади. Шоир шеърларида учрайдиган “қиш”, “ёз”, “баҳор”, “янтоқ”, “бепоён чўл”, “саҳродаги қум”, “туронғил”, “шамол”, “балиқ”, “чағалай”, “ўрдак”, “оққу” ва ҳакозалар шунчаки оддий табиат кўриниши эмас, балки лирик қаҳрамон психологиясини очиб беришга қаратилган бадиий восита ҳамдир.

Рустам Мусурмоннинг таниқли қорақалпоқ ижодкори, машҳур нотиқ Шарап Уснатдиновга бағишланган “Чечан” номли шеъри шакли ва мазмуни жиҳатидан таниқли ўзбек адиби Султон Акбарийнинг “Жўлмирзага ҳазил хат” ва “Оғайин” шеърига уйқаш. Бу шеърда шоир устоз адиблардан тортиб замондош ижодкорларининг қиёфасини реал чизиб берган. Ҳар иккала шеърда ҳам ўзбек ва қорақалпоқ ижодкорлари ўртасидаги дўстона муносабатлар мадҳ этилади. Султон Акбарий “Жўлмирзага ҳазил хат”да бир-бирларига ҳадди сиғадиган қаламкаш замондошларига ҳазил аралаш “салом” йўллаб, улардан ҳол-аҳвол сўрайди:

Хўжабегинг ўч эмасми қуймоққа,

Кўк Оролнинг лаққасига, ўйноққа,

Алдаб олиб борардимиз Мўйноққа,

Ҳануз ялпоқ товонми?

Бойниёзинг тутиб келса чавоқни

Ибройиминг тўлдир деса товоқни,

Бобош қовун деса кади қовоқни,

Қўноқларинг ҳайронми?...

Султон Акбарий мисраларда қорақалпоқ шеъриятининг номдор сўз усталари – Хўжабек Сейтов, Бойниёз Қайипназаров, Ибройим Юсупов, Бобош Исмоиловнинг номларини тилга олган бўлса, Рустам Мусурмон қорақалпоғистонлик замондошлари Муратбой Низанов, Ўрозбой Абдураҳмонов, Бахтиёр Генжемурод, Янгибой Қўчқоров билан ҳамкорликда “адабиётга хизмат қилаётгани”дан мамнун.

Ёнингизда Муратбой ҳам Ўразбой,

Қалам тутган қўли узун, дарозбой.

Хоразмда меҳмон бўлиб қайтдингиз,

Қичқирмасдан овулдаги хўрозбой.

Шарқ сўйлайди бизга қуёш ҳақинда,

Лола сўйлар тоғ ила тош ҳақинда.

Бахтиёр мадҳ этди Ўкуздарёни,

Шеър ўқиди Янгибой Шош ҳақинда.

Шеър халқона содда тил ва самимий руҳда жўшқин қалб билан куйланган. Вазни енгил, қофияланиш тартиби ҳам содда.

“Оғайин” шеърининг охирги банди сўнгги мисрасида Султон Акбарий бир сўз қўллайди. Бу оддийгина сўз шеърга миллий руҳ бериб, гўё уни ёритиб тургандай:

Оғайин, кўп эзма бўлиб кетибман,

Шеър ағдариб туриб салом битибман,

Соғинчимни шундоғ изҳор этибман,

Соғинган тек Султонми?!

Тек” сўзи ўзбек тилида “фақат” деган маънони англатади. Султон Акбарий “тек” сўзини ишлатиб шеърга миллий ранг берган. Ўзини қорақалпоқ ҳаётига, қаламкаш дўстлари даврасига жуда “яқинлаштирган”.

Рустам Мусурмон ҳам шеърнинг сўнгги бандларидан бирида шундай ёзади:

Кўпайлашиб Оролга эм излайсиз,

Она ернинг ободлигин кўзлайсиз.

Айланайин, тувусқаним, бовурим,

Юртбошимнинг элга меҳрин сўзлайсиз.

Тувусқаним” сўзининг айнан қорақалпоқча вариантда берилгани тасвирга такрорланмас колорит бериш билан бирга шеърнинг поэтик оҳангини ҳам кучайтирган.

Шеърдан шундай ибратли мантиқий хулоса келиб чиқади. Бир пайтлар адабиётлар манфаатига хизмат қилган ўзбек ва қорақалпоқ ижодкорлари ўртасидаги самимий, дўстона муносабатлар, ўзаро борди-келдилар, дийдорлашиб туришлар, фикрлашиб тажриба алмашувлар бугун ҳам давом этмоқда. Дийдорлашув сабаб адабиёт­ларимиз дўстлик мавзусидаги янги-янги асарлар билан бойиб бормоқда. Рустам Мусурмон Қорақалпоғистоннинг қайси бурчагида бўлмасин, ўзини худди ўз уйидагидек эмин-эркин ҳис қилиб, бу халқнинг меҳмондўстлигини “мезбон сахий бўлса, меҳмон оромда” дея юксак баҳолайди. “Чечан” мана шундай ижодий сафарларнинг, мулоқотларнинг, тажриба алмашувларнинг мевасидир. Шеър шу фазилати билан ҳам бугунги куннинг асари.

Шоир яна бир шеърида қорақалпоқ халқига меҳрини шундай изҳор этади:

Шундай меҳри дарё халқи бор Ҳақнинг,

Тўйларига бориб қорақалпоқнинг,

Қўшиғига жўр бўламан Бердақнинг,

Мен Нукусни соғинаман кўрмасам.

Мақола хотимасида Мухтор Шахановнинг қуйидаги мисраларини келтиришни жоиз топдик:

Дўст қучишдан бўшамасин қўлларим,

Шуни жуда армон қилар дилларим.

Дўстлигимга ишонганлар кам бўлса,

Унда менинг ожизланиб қолганим.

Ўзбек адабиётида ўз ўрнига ва ўз сўзига эга шоир ва таржимон, публицист Рустам Мусурмон халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ўрнатишда ҳеч қачон “ожизланиб қолмасин” деймиз.

Гуландом ҚУРАМБОЕВА,

филология фанлари доктори