Негаки, ташқи реклама, кўчадаги ёзувлар ўтган-қайтган кишига дарс беради, йўл кўрсатади ва маданият, маънавиятни ифодаловчи восита бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунлари ижросини таъминлаш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори талаблари доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Тадбиркорлик субъектларининг айни бу борадаги маълумот ва билимларини ошириш, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш – кун тартибининг долзарб масаласи бўлмоқда. Бундан роппа-роса бир аср муқаддам Фитрат томонидан айтилган тил ҳақидаги фикрлар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Ўтган асрда бир қатор маърифатпарварларимиз туркий тиллар оиласига мансуб бўлган ўзбек тили, ўзбек имлоси ҳақида мунозаралар олиб борди, матбуотларда чиқиш қилди. Булардан кўзланган мақсад шу эдики, тилимизнинг тараққий этиши, халқни саводсизликдан қутқариш, маърифатга чорлаш…
Абдурауф Фитрат томонидан тузилган “Чиғатой гурунги”нинг мақсад ва маслаги ҳам шундай эди, аслида. Ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир. Истиқлол йилларида она тили ҳақиқий маънода давлат тилига айланди , десак муболаға бўлмайди. Бугунги кунда ўзбек тилининг халқаро минбарларда ҳам жаранг сочаётганлиги бизга чексиз ғурур ва ифтихор бахш этади. Янги Ўзбекистонда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” тамойили асосида 3-ренессансга қадам қўяётган бир вақтда давлат тилининг ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ҳозирги кундаги жамиятимизнинг энг эътиборли масалаларидан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида янги таҳрирдаги қонунидир. 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган ҳамда 1995 йил 21 декабрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган амалдаги қонундан ушбу янги таҳрирдаги қонун тубдан фарқ қилади. Янги қонуннинг 3-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили миллий қадрият сифатида эътироф этилган бўлса, 5-моддасида давлат тилини Ўзбекистон Республикасининг маданий мероси сифатида тарғиб этилиши белгилаб қўйилган.
Бу тушунчалар аввалги қонунда кўрсатилмаган. Қонуннинг 8-моддасида давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилига оид давлат сиёсати ва уни ривожлантириш соҳасидаги ваколатларининг белгилаб қўйилганлиги давлат органлари ва ташкилотларига бир қатор ваколатлар бериш билан бирга қатор вазифаларни ҳам юклайди.
Қонуннинг 11-моддасида давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ўзининг хизмат ва профессионал вазифаларини бажариши учун давлат тилини билишлари шартлиги белгилаб қўйилган, шу билан бирга давлат органлари ва ташкилотлари касб, мутахассислик, лавозим вазифаларини бажариш учун давлат тилини билмайдиган ўз ходимларига давлат тилини ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериши ҳам кўрсатиб ўтилган.
Давлат тилига эътибор тил сиёсати даражасига кўтарилишига қарамай, айрим ҳолларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси етарлича таъминланмаётганига гувоҳ бўламиз. Бунга, аввало, она тилимизга бўлган эътиборсизлигимиз, бепарволигимиз, кўриб кўрмасликка олишимиз сабаб бўлмоқда.
Бирор юмуш билан давлат ташкилотлари, корхоналарга кирамиз, бу ерда ҳам баъзи маълумотларни, ҳужжатларни бошқа тилларда эканини кўрамиз. Баъзан битта пешлавҳада икки хил алифбо – кирилл ва лотин ёзуви аралаш қўлланганини учратамиз. Лекин ҳеч биримиз, нега бу ёзувлар давлат тилида эмас, нега имло хатолари билан ёзилган, демаймиз. Ахир, тил – маънавият кўзгуси. Унинг софлигини сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозим.
Давлат тилига оид масалаларга барчамиз масъул бўлмоғимиз лозим. Амалдаги қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра, бошқа тилларда тарқатилиши белгиланган эди. Аммо бу “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқлаштирилмагани сабабли кўплаб муаммолар ва реклама берувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Реклама тўғрисидаги қонунинг янги лойиҳасида эса реклама тилига батафсил тўхталиб ўтилган.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама ўзбек тилида тарқатилиши ва реклама мазмунининг таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Реклама мазмунининг таржимаси унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги, шунингдек, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасида теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламалар, босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламаларнинг бошқа тиллардаги таржимаси белгиланган меъёрлар асосида тартибга келтирилиши кўзда тутилмоқда.
Бунда хорижий тажрибаларга асосланиб, энг муҳими, мамлакатда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини оширишга эътибор қаратилган. Шунинг учун ҳам Реклама тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда 90 фоиздан ортиқ овоз билан қабул қилинди.
“Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасида нафақат тил масаласи, балки маънавиятимизга оид нормалар ҳам ўз аксини топмоқда. Яъни, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилмоқда ва янги нормалар киритилмоқда.
Қўмита ходимлари вилоятлар ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишчи гуруҳлар таркибида жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдалар. Шунингдек, тадбиркорларга ташқи реклама матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги, турли хил ажнабий номлар маънавиятимизга ва менталитетимизга тўғри келмаслиги тўғрисида тушунчалар бериб келинмоқда.
Илм-фан, техника шиддат билан ривожланаётган даврда тилимиз софлигини сақлаш, жойларга ном танлашда маънавиятимиз ва менталитетимизга хос, асосийси ўзбекча номлар танлаш, турли соҳалар орқали тилимизга кириб келаётган янги атамаларни ўзбекча муқобилларини яратиш долзарб вазифалардандир. Хулоса ўрнида таъкидлаймизки, ижтимоий ҳаётимизда давлат тили, маънавий қадриятларимиз билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда барчамиз бирдек масъулмиз.
Шаҳноза ОБЛОҚУЛОВА,
Шофиркор тумани ҳокимининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси