“Янги одамлар” фракцияси раҳбари Алексей Нечаев, фракция раҳбари ўринбосари Сардана Авксентьева ва депутат Владимир Плякин Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллинага мигрантларнинг расмий маошидан ортиқ маблағни чет элга ўтказишини тақиқлаш таклифи билан хат йўллади. ТАССда ҳужжатнинг нусхаси бор.
Депутатларнинг фикрича, амалдаги қонунчиликда мигрантлар томонидан ўтказилган маблағлар уларнинг расмий даромадларига мос келишини назорат қилишнинг самарали механизмлари кўзда тутилмаган. Бу ноқонуний даромадларни қонунийлаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, капитални Россия Федерациясидан ташқарига олиб чиқиш учун шароит яратади, бу эса мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигига салбий таъсир қилади, деб ҳисоблайди парламент аъзолари.
“Молиявий операцияларнинг шаффофлигини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш мақсадида мигрантларнинг расман тасдиқланган иш ҳақидан ортиқ миқдорда халқаро пул ўтказмаларини амалга оширишига тақиқ жорий этиш зарур, деб ҳисоблаймиз”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, депутатлар ўзларининг расмий иш ҳақи даражасидан ортиқ маблағни хорижга ўтказишга уринишда қонуний даромадларини тасдиқловчи декларация тақдим этиш талабларини белгилаш, шунингдек, мигрантларнинг молиявий операциялари устидан назоратни кучайтириш ҳамда шубҳали операцияларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича кредит ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилишмоқда, деб хабар беради tass.ru.









