Жумладан:
- “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги Фармон;
- “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор;
- “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар соҳани илмий-техник асосда янгилаш, хавфсизлик маданиятини жамиятда шакллантириш ва ҳар бир маҳаллани муҳофазаланган ҳудудга айлантиришни мақсад қилади.
Янги тизимга кўра, профилактика ишлари эндиликда 9 минг 8 та маҳалла ва 7,5 миллион хонадон даражасида амалга оширилади. Ҳар бир ҳудуд хавф даражасига кўра “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади.
Шу асосда ҳар бир маҳаллада “маҳалла муҳофазаси хизмати” ташкил этилади. Инспекторлар аҳоли билан ҳамкорликда ёнғин, ис гази ва электр хавфи бўйича профилактик ишлар олиб боради. Тизим 2026 йилда Тошкент вилоятида синов тариқасида йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимлар ҳар чоракда фавқулодда вазиятлар бўйича Кенгашлар олдида ҳисобот беради.
Мактабгача таълим муассасаларида “Хавфсиз ҳаракат кўникмалари” дарслари йўлга қўйилади. Шунингдек, 11 мингдан зиёд мактаб ва коллежларда амалий машқлар ўтказилади.
“Фавқулодда вазиятлар волонтёри” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилиб, фаол иштирокчиларга махсус имтиёзлар берилади.
Соҳани рақамлаштиришга қаратилган қарор асосида 14 та устувор лойиҳа амалга оширилади. “Digital Team” жамоаси 35 та идора мутахассисларини бирлаштириб, хавфсизлик соҳасида замонавий ечимлар яратади.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти “Илмий-инновацион ва синов-тадқиқот институти” сифатида қайта ташкил этилади.
Рақамли ечимлар ва сунъий интеллект асосида хавфсизлик тизимини янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган.
Қабул қилинган ҳужжатлар нафақат давлат тизимини, балки ҳар бир хонадон даражасида хавфсизлик маданиятини шакллантиришни мақсад қилади. Яъни, энди хавфсизлик давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятига айланмоқда.







