Самарқанд: "Миронқул" маҳалласидаги тоғларда адашиб қолган фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди

    Самарқанд вилояти "Миронқул" маҳалласидаги тоғларда адашиб қолган фуқаро ФВВ қутқарувчилари томонидан хавфсиз жойга олиб чиқилди.

    Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

    Шу йилнинг 17 август куни кеч соат 21:25 ларда Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига фуқаро "Миронқул" маҳалласидаги тоғларга дам олиш мақсадида бориб, йўлдан адашиб қолганлиги ва пастга тушиб олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

    Хабарга асосан, зудлик билан айтилган манзилга ФВВ қутқарувчилари етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини амалга оширди. Олиб борилган ҳаракатлар натижасида фуқаро 18 август куни соат 01:30 да "Миронқул-Оҳалик" тоғининг денгиз сатҳидан 1000 метр баландликдан топилиб, хавфсиз ҳудудга олиб тушилди.

    Маълумотларга кўра, фуқаронинг соғлиғи яхши, унга ҳеч қандай тан жароҳати етмаган.