Самарқанда ўтказилаётган UNWTO Бош Ассамблеяси доирасида «Энг яхши туризм қишлоқлари» номинацияси бўйича тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда Навоий вилоятининг Сентоб қишлоғи ғолиб деб топилди. У энди Марказий Осиёдаги UNWTO рўйхатига кирган иккита туризм қишлоғидан бири ҳисобланади.
UNWTO ҳар йили иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарор ривожланаётган, шунингдек, маҳаллий қадриятлар ва анъаналарни сақлаб қолиб, тарғиб қилиб келаётган энг яхши қишлоқ туризм қишлоғини аниқлайди.
— Қишлоғимиз аҳли азалдан чорвачилик, боғдорчилик, деҳқончилик билан шуғулланган, — дейди “Сентоб” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мурод Мирзаев. — Бугунги кунда туризм фаолияти ҳам қўшилди ва қисқа даврда бу соҳа аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш учун катта имконият экани намоён бўлди. Ҳозирда қишлоғимиздаги 2300 аҳолининг аксарияти шу соҳада янги барпо этилаётган оилавий меҳмон уйлари ва туризм хизматлари кўрсатиш тармоқларида ишлаяпти. Ҳатто ишлаш мақсадида хорижга кетган мигрантларимиз ҳам юртимизга қайтиб ишлаб топган даромадига оилавий меҳмон уйи ёки бошқа турдаги туризм хизмати кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиб, ўзи ва оиласининг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшяпти. Қишлоғимизнинг сайёҳлик салоҳияти халқаро миқёсда эътироф этилиши бу йўналишдаги ишларимиз ривожига туртки бўлади. Бу имкониятдан унумли фойдаланиб, юртимизнинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришга ўз улушимизни қўшамиз.