Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги элчихонаси ва Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Швеция академик, ишбилармон ва туризм доиралари ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди. Ушбу соҳада сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва келгуси режалар, жумладан, Швеция ва унинг атрофидаги бошқа Скандинавия минтақаси давлатларидан туризм оқимини кўпайтириш истиқболлари батафсил ёритилди. «Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» мавзуси ҳамда унинг туризмни ривожлантиришдаги беқиёс ўрнига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, қатор маҳаллий туроператорлар ва соҳа тарғиботига ихтисослашган компаниялар вакиллари билан «B2G» ва «B2B» музокаралари ўтказилди ва туризмни ривожлантиришнинг турли йўналишларида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш борасида тегишли келишувларга эришилди.
Ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга миллий куй ва рақслардан иборат концерт дастури, мамлакатимиз бой маданий мероси, амалий санъат ва ҳунармандчилик намуналари ҳамда гастрономик салоҳиятини намоён қиладиган кўргазма тақдим этилди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.