Деҳқон хўжалигининг янги ҳуқуқий асоси

    Деҳқон хўжалиги ўз маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб мустақил равишда нарх белгилайди.

    Инсоният қадим замонлардан буён ерга ҳаётий эҳтиёжларининг асосий манбаи бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи восита сифатида қараб келади. Ўша даврлардаёқ ривожлана бошлаган деҳқончилик бугун кўплаб давлатларда иқтисодий ўсишнинг муҳим омилига айланди.

    Айниқса, пандемия даврида дунё халқлари сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга долзарб вазифа сифатида қарай бошлади. Юртимизда сўнгги йилларда бу борада сезиларли ўзгаришларга юз тутдик. Деҳқончиликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди. Жорий йилнинг 1 апрель куни Президент томонидан имзоланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонуни ана шундай долзарб ҳуқуқий ҳужжатлардан бири саналади.

    Қонуннинг қабул қилиниши тизимда узоқ йиллардан буён мавжуд кўплаб муаммоларга ечим бўлади, десак муболаға бўлмайди. Биргина мисол. Аввалги қонунчиликка мувофиқ, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилиши назарда тутилган эди. Натижада деҳқон хўжаликлари ерларида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй-жойлар ва бошқа иморатлар қурилиб, турар жой сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бунда ерларни асраш, унумдорлигини ошириш ва агротехника талабларига риоя қилиш каби мажбуриятларни бажариш иккинчи даражага тушиб қолган.

    Жойларда олиб борилган ўрганишларда деҳқон хўжаликлари фаолияти етарли даражада тартибга солинмагани, уларнинг сони ва ажратилган ерларнинг ҳисобини юритиш ҳамон йўлга қўйилмагани ҳамда деҳқон хўжаликлари тўғрисидаги маълумотлар турлича юритилаётгани билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага чиқди. Аҳоли сонининг ошиб бораётгани эса бир кишига тўғри келадиган ер улушининг тобора камайиб боришига олиб келмоқда.

    Соҳадаги ана шундай камчиликларни бартараф этиш учун янги қонунни қабул қилиш зарурати юзага келди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг асосий вазифаси деҳқон хўжалигини ташкил этиш, унинг фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек, деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

    Бунда аввало, деҳқон хўжаликларига тўғридан-тўғри ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан бериш амалиёти ўрнига, ер участкасини ижара асосида бериш тизими жорий этилади. Бу мазкур ерда ноқонуний қурилишлар қилинишининг олдини олиб, ердан оқилона ва самарали фойдаланишга хизмат қилади.

    Шу билан бирга, деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини уларнинг розилигисиз мақбуллаштиришга (қисқартиришга, ўзгартиришга ва бошқаларга) йўл қўйилмаслиги белгиланди. Деҳқон хўжалигига ажратилган ер участкасини олиб қўйиш шартларини аниқ қилиб белгиланиши ер участкалари ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишининг олдини олишга хизмат қилиб, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатларини янада кучайтиради. Фермерларнинг асосий экиндан бўшаган ер майдонларида бир ёки бир нечта мавсумда ижара асосида деҳқон хўжалиги билан шуғулланишга бир йилгача муддатга рухсат берилиши эса вақтинча бўш турган ерлардан самарали фойдаланишга йўл очади.

    Деҳқон хўжалиги бошлиғи — асосий иш юритувчи

    Янги таҳрирдаги қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унда деҳқон хўжаликларининг вазифаси, уларга берилган имконият ва ҳуқуқлар батафсил изоҳланган. Қонуннинг 4-моддасида деҳқон хўжалигининг бошлиғи — деҳқон хўжалиги фаолиятини юритиш учун номига ер участкаси ажратилган ўн саккиз ёшга тўлган, муомалага лаёқатли Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсдир, дейилади.

    Хўш, бундай шахслар қонунчиликка мувофиқ қандай ҳуқуқ ва имтиёзларга эга? Аввало, деҳқон хўжалигининг бошлиғи ушбу хўжалик номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан, унинг манфаатларини ифода этади ва битимлар тузади. Янги тузиладиган ҳар қандай деҳқон хўжалиги унинг бошлиғи томонидан давлат хизматлари марказларига қилган мурожаати асосида ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади ва деҳқон хўжаликлари ягона давлат реестридан кўчирма берилади. Аммо деҳқон хўжалигини юритишда ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганлик, деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйганлик ва реестрлардан кўчирмалар берганлик учун ҳеч қандай давлат божи ва йиғим ундирилмайди.

    Деҳқон хўжалиги фаолияти 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган майдонда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларининг асосий экиндан бўшаган қисмини такрорий экин экиш учун бир ёки ундан кўп мавсумга иккиламчи ижарага олиш орқали бўлса, 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган майдонда юритилади. Деҳқон хўжалиги ер участкасида йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бирга, қўшимча бошқа қишлоқ хўжалик экинларини алмашлаб ва қатор орасида етиштириши мумкин.

    Хўжалик фаолияти учун ажратилган ҳамда ижарага берилган ер участкасида бинолар, иморатлар ва иншоотлар, шу жумладан, ер ости иншоотлари қурилиши тақиқланади. Фақат, енгил конструкцияли иссиқхона ва суғориш қурилмаларни ўрнатиш бундан мустасно, экани кўрсатилган. Шунингдек, ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан биргаликда, 10 шартли бош чорва ҳайвонларини боқишга рухсат берилади. Асосийси, деҳқон хўжалиги ўзининг фаолият йўналиши, экин турлари ва ҳажмлари, уларни етиштириш усуллари ҳамда агротехник тадбирларни амалга оширишни ўзи мустақил равишда белгилайди.

    Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олиш ва бошқа моддий ресурслар ҳамда хизматлардан фойдаланишда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи субъектлар билан тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Шу мақсадларда деҳқон хўжалигининг бошлиғи тегишли субъектлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиши ёки биржа савдоларида қатнашиши мумкин.

    Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги ўз маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб мустақил равишда нарх белгилайди. Ягона давлат реестридан кўчирма асосида ўзи етиштирган маҳсулотларни қўшимча ҳужжатларсиз (рухсатларсиз) республика ҳудудида эркин ташиш ва сотишга ҳам ҳақли. Ўзи етиштирган маҳсулотларни даласида, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида белгиланган тартибда, шунингдек, аҳоли пунктларида кўчма савдо ташкил этган ҳолда сотиши учун қўшимча рухсатнома (лицензия) талаб этилмайди. Унинг фаолияти натижасида олинган даромадлар эса солиқ солинадиган даромадлар ҳисобланмайди.

    Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги қонун билан деҳқон хўжаликларига кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилмоқа. Очиғи, бундай шароитлар аввал деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги ерлари эгалари учун фақат хомҳаёл эди. Бугун эса уларда Янги Ўзбекистонда яратилаётган ана шундай кўплаб имтиёзлардан унумли фойданиб, ўз деҳқон хўжаликларини янада ривожлантириш, ҳеч кимга қарам бўлмаган ҳолда, эркин фаолият юритиш имконияти юзага келмоқда.

    Соҳибжон ҲОТАМОВ,

    Ўзбекистон фермер, деҳқон

    хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates