1 июндан Ўзбекистон бўйлаб дам олишга бориш мумкинми?

    Туризм 29 май 2020 3144

    Мумкин, фақат белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йилнинг 1 июнидан “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг (туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар) фаолиятини бошлашлари белгиланди.

    Бу ҳақда «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида» қабул қилинган Президент Фармонида тўлиқ маълумотлар бор.

    Андижон вилоят туризм бошқармаси маълумотига кўра вилоятда бугунги кунда 16та меҳмонхона (957 ўрин), 19 та оилавий меҳмон уйлари (188 ўрин), 30 та микроавтобуслар, 39 та туроператорлар, 3 та гид-таржимонлар томонидан маҳаллий ва хорижий фуқороларгасайёҳлик хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

    2019 йил давомида ҳорижий ва маҳаллий туристлар учун5 та туризм ахборот марказлари,21 танамунавий санитария-гигиена шохобчалари,15 та туристик объектларга олиб борувчи йўл кўрсатгич белгилари ва 11 та туризм объектларда Wi-Fi ҳудудлари ташкил қилинди.

    Ўзбекистон - сайёҳлик соҳасида улкан салоҳият ва имкониятга эга мамлакат ҳисобланади. Ушбу соҳани жадал ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, ички ва экотуризмни салмоғини кенгайтириш борасида сўнги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

    Фармонда фуқароларга Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда кириш туризми босқичма-босқич қайта тикланиши белгиланган.
    Дархакикат, сўнги йилларида мамлакатимизда туризм саноатини, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналиш мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Чунки туризм соҳаси янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.
    Туризмни, айниқса, ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида Андижон вилоятида муайян ишлар амалга оширилмокда.

    Вилоятдаги “Ўлкашунослик”, “Адабиёт ва санъат” музейлари, Андижон шаҳридаги Боғи Бобур, Булоқбоши туманидаги “Ширмонбулоқ”, Хонободдаги “Хонтоғ” дам олиш масканлари, Андижон шаҳридаги “Мирпўстин ота”, Жалақудуқ туманидаги “Кутайба ибн Муслим”, Қўрғонтепа тумангидаги “Бибисешанба”, Хонободдаги “Фозилмонота”, Хўжаобод туманидаги “Имомота”, Балиқчи туманидаги “Уч булоқ”, “Тузлуқмомо”, Андижон туманидаги “Меҳмони Валий” зиёратгоҳлари, Жалақудуқ туманидаги “Сарвонтепа”, “Чордона” Булоқбоши туманидаги “Тоштепа”, Марҳамат туманидаги “Мингтепа” каби археологик ёдгорликлари айниқса, сайёҳатчилар билан гавжум бўладиган масканлардир.

    Ана шу ва бошқа дам олиш масканлари ҳамда зиёратгоҳларда сайёҳлар ва дам олувчиларнинг кўнгилли хордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Дам олувчиларга хизмат кўрсатиш даражаси ҳам тобора ортиб бормоқда.

    Бундан ташқари, кейинги йилларда аксарият зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида ободонлаштириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Масалан, “Хонтоғ” дам олиш масканидаги осма сим йўли тўла реконструкция қилинди, Балиқчи туманидаги “Уч булоқ”, “Тузлуқ момо”, Пахтаобод туманидаги “Ховаскон ота”, Андижон шаҳриданги “Мирпўстин ота” зиёратгоҳларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, зиёратчилар учун зарур қуллайликлар яратилди. Бу эса зиёратчилар сонини кескин ортишида муҳим роль ўйнамоқда. Қолаверса, ана шу жойларда янги савдо, маиший хизмат шохобчаларининг барпо этилиши билан кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

    Андижоннинг қадим тарихидан сўзлагувчи вилоят Адабиёт ва санъат музейида тарихимизга оид 20 мингдан зиёд бебаҳо осори-атиқалар, турли ҳужжатлар ва қўлёзмалар ўрин олган.

    Хусусан, музейда 5 та бўлим мавжуд бўлиб, унинг “Жомеъ” меъморий обидасида “Андижон адабий муҳити ва халқ амалий санъати”, ХIV асрга оид Хожар Ноиб (Арк ичи) мадрасаси меъморий обидасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даври”, “Қалъа” меморий ёдгорлигида “Тасвирий санъат галереяси”, шунингдек “Абдулҳамид Чўлпон ва Оразий ёдгорлик музейи бўлимлари фаолият юритади.

    Андижоннинг кўрки ва фахрига айланган Боғи Бобур дам олиш масканида ҳам катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди, болалар учун турли кўнгилочар ўйинлар, янги-янги аттракционлар ўрнатилди. Бу ерда дам олувчиларнинг кўнгилли хордиқ чиқаришлари учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Сайёҳлар ушбу маскандаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида З. М. Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб экспонат ва маълумотлар билан танишишлари мумкин.

    Вилоятда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, туристик объектлар ва уларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, йўллар бўйида жойлашган савдо, маиший хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини халқаро андозалар даражасида ташкил этиш борасида ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, туризм соҳасада фаолият олиб борувчи етук мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги ўнга яқин маиший хизмат касб-ҳунар коллежларида туризм, меҳмонхона хизматини ташкил этиш йўналишларида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

    Ички туризмни ривожлантириш ва қишлоқ жойларда сервис хизматини янада яхшилаш мақсадида қўшимча туристик йўналишларни ташкил этиш кўзда тутилган. Жумладан, Марҳамат ва Улуғнор туманларида экотуризм, Улуғнор туманидаги балиқчилик хўжалиги ҳудудида “Балиқ ови”, Жалақудуқ туманида “Термал сув”, Хўжаобод ва Шаҳрихон туманларидаги шифобахш қумларда “Соғломлаштириш туризми” йўналишларини очиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Мархамат туманидаги бир неча минг йиллик тарихдан сўзлагувчи Сарвонтепа, Мингтепа археологик ёдгорликлари хорижий экспертлар иштирокида тадқиқ этимоқда.

    Бугунги кунда вилоятнинг хар бир шахар ва туманларида туризмни, айниқса, ички туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, саёҳатчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси соғлом ҳаёт тарзини ривожлантиришга ҳам улкан ҳисса бўлиб қўшилади. Ўз ўрнида белгиланган режалар айнан ушбу Қарорда ўз аксини топганлиги билан аҳамиятлидир.

    Хамиджон ОМОНОВ
    “Миллий тикланиш” партияси Андижон
    вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates